Шавкат Мирзиёев сурхондарёлик сайловчилар билан учрашди

08.10.2021, 17:34

Шавкат Мирзиёев сурхондарёлик сайловчилар билан учрашди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Термиз шаҳрида сурхондарёлик сайловчилар билан учрашув ўтказди.

Тадбирни номзоднинг Сурхондарё вилояти бўйича ишончли вакили А.Эшмуратов очди. Сўз Шавкат Мирзиёевга берилди.

- Сурхон – кўҳна цивилизациялар, бой тарих ва маданиятни мужассам этган қадимий замин. Тарихда Бохтар, Тоҳаристон, Чағониён каби давлатлар, Кушондек буюк империялар айнан шу ҳудудда гуллаб-яшнаган, - деди Шавкат Мирзиёев.

Бугунги кунда ҳам вилоят изчил ривожланаётгани, шаҳар, қишлоқ ва маҳаллалар обод бўлиб, одамларнинг ҳаёт даражаси ўсиб бораётгани таъкидланди.

Номзод ўзининг сайловолди дастури билан таништирди. Бу дастур иқтисодиёт, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, ҳудудлар ривожи, давлат бошқаруви, қонун устуворлиги, ташқи сиёсат, маданият соҳаларига оид ўнта устувор йўналишни қамраб олган.

Аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш биринчи устувор вазифа сифатида белгиланган. Авваламбор, 2022-2026 йилларни Сурхондарёда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш беш йиллиги деб эълон қилиб, 1 минг 700 километр тармоқлар қуриш режалаштирилган. Тўпаланг сув омборидан Термизгача тортиладиган 361 километрлик магистрал сув тармоғи шунинг бир қисми бўлади.

Шунингдек, уй-жойлар, йўл ва кўприклар қуриш, электр энергияси таъминотини яхшилаш чоралари ҳам айтилди.

Вилоятда мева-сабзавотлар экспорти сўнгги уч йилда 2 баробар ошиб, 100 миллион долларга етган. Шавкат Мирзиёев бу соҳадаги салоҳиятни тўлиқ ишга солиб, ушбу кўрсаткични камида 500 миллион долларга етказиш мумкинлигини таъкидлади.

Номзод дастуридаги яна бир муҳим йўналиш – саноатни ривожлантириб, экспорт ва инвестиция ҳажмларини кўпайтириш. Жумладан, вилоят иқтисоди ўсишига туртки берадиган 10 та мега-лойиҳани ишга тушириб, жами 5,1 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштириш ва 22 мингта янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Умуман, келгуси беш йилда саноат тармоқларида 6,6 миллиард долларлик 5 мингдан зиёд инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши мўлжалланган.

Ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, таълим сифатини тубдан яхшилаш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Янги оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар очиш, тиббиёт муассасаларини таъмирлаш, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар сиғимини ошириш, олий таълим қамровини 25 фоиздан 50 фоизга етказиш режалаштирилгани маълум қилинди.

Яқин беш йилда Сурхондарё вилоятини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришга 50 триллион сўм йўналтириш ва жами 320 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилингани таъкидланди.

– Келгуси беш йилда юртимизда, жумладан, Сурхондарё вилоятида амалга оширадиган барча ислоҳотларни “инсон – жамият – давлат” деган мутлақо янгича тизим асосида ташкил этамиз. Ислоҳотлар натижаси, аввало, ҳар бир инсон, ҳар бир оила ва маҳалла ҳаётида яққол сезилиши учун барча имкониятларимизни тўла сафарбар этамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Учрашувда партия аъзолари, туман студияларидаги сайловчилар билан самимий мулоқот бўлди. Улар вилоятни ривожлантириш, жойлардаги муаммоларни ҳал этиш бўйича ўз таклифларини илгари сурди, бўлажак Президент сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

  • Кўрилди
    1164
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+