Ишончли вакил Пешкуликлар билан тарғибот учрашуви ўтказди

16.10.2021, 16:07

Ишончли вакил Пешкуликлар билан тарғибот учрашуви ўтказди

Жорий йилги сайловда партиядан президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Бухородаги ишончли вакили Самойдин Хусенов Пешку тумани сайловчилари билан учрашди.

Ишончли вакилнинг  Пешку туманидаги тарғиботи туман Кенгаши депутатлари, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва фаоллари, нуронийлар ва ёшлар билан учрашишдан бошланди. Ишончли вакил сўзни президентлик сайловида овоз бериш келажак учун қўйиладиган янги қадам эканлигини таъкидлаб, мазкур жараёнга ҳар бир фуқаронинг жиддий ёндашиши лозимлигини билдирди.

Ўтган даврда амалга оширилган ишлар, хусусан,  раҳбарларнинг “маҳаллабай” ишлаш тизимига ўтиши энг чекка ҳудудларда истиқомат қиладиган аҳоли муаммоларининг ўз манзилига етиб боришини таъминлагани таъкидланди. Соҳалардаги ислоҳотлар бевосита  халқ манфаатига хизмат қилгани, аҳолининг турмуш фаровонлигининг ошишига замин яратгани, қоғозбозлик ишларига чек қўйилганлиги эса халқ учун  кўп масалаларда қулайлик яратгани эътироф этилди. Шунингдек, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим муассасалари фаолиятининг тубдан ислоҳ қилиниши ушбу соҳалардаги бир қатор муаммоларга барҳам берганига тўхтаб ўтилди.

Ишончли вакил томонидан номзоднинг ўтган беш йилликда амалга оширган ишлари бирин-кетин баён қилинар экан, уларнинг самарасини бугун ҳар ким ўз ҳаётида, тинч-фаровон турмушида кўраётганлиги қайд этилди ва навбатдаги сўз номзоднинг сайловолди дастури хусусида борди. Ўтган беш йилда салмоқли ижобий натижаларга эришдик. Ютуқларимизни жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этмоқда, - дейди Самойдин Хусенов.  Лекин бу – олис, мураккаб ва айни пайтда шарафли, хайрли йўлнинг бошланиши, дебочасидир. Эришилган муваффақиятлар билан қаноатланиб қолмаслигимиз, олий мақсадлар сари узлуксиз интилишимиз  лозим. Олдинда янги, улкан вазифалар турибди. Марра жуда баланд қўйиляпти. Ўзбекистон дунёнинг энг пешқадам, энг илғор давлатларидан бири бўлиши керак. Шундан келиб чиқиб, Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастурида ватанимизни янада равнақ топтиришга, халқимиз салоҳиятини тўлароқ рўёбга чиқаришга йўналтирилган мақсадлар, вазифаларни илгари сурмоқда. Келгусида режалаштирилган вазифалар ниҳоятда кенг қамровли бўлиб, давлатимиз, жамиятимизнинг барча жабҳаларига тааллуқлидир. Улардан кўзланган пировард мақсадни лўнда қилиб, шундай ифодалаш мумкин – Ўзбекистонда инсон қадрини янада юксалтириш, халқимиз турмуши фаровонлигини бундан-да ошириш, “давлат – инсонлар учун” деган халқчил ғояни тўла амалга татбиқ қилиш. Инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари, қадр-қиммати ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш тамойили амалга оширилажак ислоҳотларнинг моҳиятини ташкил этади.

Теглар
Сайлов 2021
  • Кўрилди
    494
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+