Юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам катта янгиланишлар юз бердики, буни тан олмаслик мумкин эмас

19.10.2021, 11:43

Юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам катта янгиланишлар юз бердики, буни тан олмаслик мумкин эмас

Негатив фикрлашга одатланганлар, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатда эришаётган ютуқларини кўриб-кўрмасликка олаётганлар  ахборот воситалари орқали ҳар қанча нолимасин, тирноқ остидан кир қидиришга уринмасин, холислиги, одиллиги билан ном чиқарган халқаро ташкилотлар мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришларни мунтазам эътироф этяпти.  Уч кун аввал яна бир хушхабардан воқиф бўлдик: Жаҳон одил судлов лойиҳаси (World Justice Project) ташкилоти томонидан эълон қилинган Ҳуқуқ устуворлиги индексининг 2021 йилги нашрида Ўзбекистон 14 поғона юқорилади. Ўзбекистон учун берилган баҳолар 4,1 фоизга кўтарилиб, бу борада энг яхши натижа кўрсатган уч давлатдан бирига айланди.

Дарҳақиқат, кейинги беш йилда юртимизда суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам улкан янгиланишлар рўй бердики, буни тан олмаслик мумкин эмас. Фуқароларимизнинг судларга бўлган ҳурмати ва ишончи қайта тикланяпти. Соҳада ижобий ўзгаришлар жуда кўп. Бу ҳақда катта-катта китоблар ёзиш мумкин. Шу боис бир-иккита мисол билан чекланаман.  

Судлар фаолиятида «бир суд — бир инстанция» тамойили жорий этилиши натижасида юртдошларимизнинг йиллар давомида сарсон бўлиб, судма-суд юришига барҳам берилди.

Жиноят ишини қўшимча тергов юритиш учун қайтариш институти бекор қилинди ва далилларга баҳо бериш инс­титути такомиллаштирилди. Ўтган беш йилда деярли 3,5 минг фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилгани ана шу ислоҳотлар самарасидир.

“Жаслиқ” жазони ижро этиш муассасаси фаолияти тугатилди. 2016 йилдан бошлаб илк бор тақиқланган диний гуруҳлар аъзолари афв этила бошланди, 20 000 дан ортиқ юртдошимиз “қора рўйхат”дан чиқарилди, “қора рўйхат” деган тушунча йўқ қилинди.

Асосийси, келгусида соҳада янада кўламлироқ, янада теранроқ ислоҳотлар амалга оширилади. Давлатимиз раҳбарининг яқинда нашр этилган “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида мазкур йўналишда амалга ошириладиган талай ислоҳотлар баён қилинган. Шу жумладан, судлар фаолиятида халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистон республикасининг халқаро шартномаларидаги тамойиллар ва нормаларнинг кенгроқ қўлланилишига эришилади, тергов ва суднинг барча босқичларида адвокатнинг роли янада оширилади, судлар фаолияти очиқлиги ва ошкоралиги кучайтирилади. “

Мазкур китоб муаллифи ёзганидек, яқин йилларда ҳуқуқни муҳофазаловчи органлар фақат ва фақат халқ манфаати йўлида хизмат қиладиган идораларга айлантирилади.  

Шозафар Шоаҳмедов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги

ёшлар парламенти аъзоси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    404
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+