O'zLiDeP томонидан оммавий ахборот воситалари учун брифинг ташкил қилинди

20.10.2021, 17:00

O'zLiDeP томонидан оммавий ахборот воситалари учун брифинг ташкил қилинди

Жорий йилнинг 20 октябрь куни Халқаро Медиа-холлда O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари учун брифинг ташкил қилинди.

Унда O'zLiDePнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнлари ва амалга оширилган ишлари хусусида сўз юритилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига партиядан кўрсатиладиган номзоднинг Сайловолди дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур йўналишда доимий фаолият олиб борувчи ишчи гуруҳ тузилди. Унинг таркибида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, тажрибали ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, тадбиркорлар ва бошқа соҳаларда иш юритувчи партия фаоллари меҳнат қилди. Дастур лойиҳасини пишиқ-пухта, халқчил тарзда тайёрлаш учун O‘zLiDePнинг туман (шаҳар), вилоят Кенгашлари томонидан жойларда лойиҳа муҳокамасига бағишланган туркум давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар ташкил этилди.

Бундан ташқари, шу йилнинг апрель-май ойларида сиёсий партияларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга таъсири ҳамда аҳолининг сиёсий жараёнларга муносабати, фикр-мулоҳазаларини атрофлича ўрганиш мақсадида туман (шаҳар)ларда сўровлар ўтказилди ва унда 30 мингга яқин респондент қатнашди. Шу тариқа бўлажак сайлов олдидан аҳолининг кайфияти, уларнинг сиёсий жараёнларга, хусусан, партия томонидан амалга оширилаётган ишларга муносабати ўрганилди. Шунингдек, келгусида партия аҳоли орасига янада чуқурроқ кириб бориш учун ўз иш услубига қандай ўзгартишларни  киритиш кераклиги тўғрисида хулосалар чиқарди.

  Ана шу ишлар билан бир вақтда партия аввалги сайловда берилган ваъдалар ижросини ҳар бир вилоят кесимида сарҳисоб қилди. Бу йўналишда видеороликлар, мақолалар тайёрланди, шунингдек, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ташкил қилинди.

Шунингдек Сайлов билан боғлиқ жараёнлар учун турли ташвиқот материаллари тайёрланиб, тарқатилди.

Бундан ташқари партиядан Президентликка кўрсатилган номзодининг сайловолди дастури 7 та тилда китобча шаклида чиқарилиб, сайловчилар эътиборига ҳавола этилди. “Сайловолди ташвиқотига оид тавсиялар”, “Ваколатли вакил ва кузатувчилар учун эслатма” ва бошқа шу сингари қўлланма, йўриқномалар ҳам чоп этилиб, тарқатилгани алоҳида таъкидланди.

Сайловолди тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида эвент тадбирлари, номзод ишончли вакилларининг тарғибот учрашувлари ташкил қилинмоқда. Шунингдек, партия фаоллари уйма-уй юриб, сайловчилар билан учрашиш, яъни бевосита тарғибот усулидан ҳам кенг фойдаланмоқдалар.

Масалан, партия “Аёллар қаноти” томонидан партия марказий сайловолди штаби негизида аёл сайловчилар билан иш олиб борувчи гуруҳ шакллантирилди. Режага асосан, республиканинг барча ҳудудларида “Президент сайловида хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалалари” мавзуида туркум ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этилди.

Шунингдек, барча туман ва шаҳарларимизда “Оилам ва юртимда барқарор тинчлик, фаровонлик учун овоз бераман!”, “Биз шифокорларнинг танлови – Шавкат Мирзиёев!”, “Мен Шавкат Мирзиёевга  овоз бераман!” номли тарғибот акциялари  ҳамда “O‘zLiDeP фаоли - ислоҳотлар тарғиботчиси!” клуби аъзолари иштирокида  “Биз тараққиёт ва ёрқин келажак учун овоз берамиз!” шиори остида “Эшикма-эшик” акцияси, “Шавкат Мирзиёев - тадбиркор ва фермерларнинг энг ишончли ҳимоячиси!”, “Фаровон ҳаёт сари!” шиорлари остида очиқ мулоқотлар ўтказиб келинмоқда. Айни пайтда ижтимоий тармоқларда “Инсон қадри учун Шавкат Мирзиёевга овоз беринг!” хеш-теги остида челленжлар амалга ошириляпти.

Қолаверса, мазкур гуруҳ ҳудудларда “Инсон қадри учун Шавкат Мирзиёевга овоз беринг!” шиори остида тарғибот тадбирларини ташкил қиляпти.

O'zLiDePнинг 1 млн. дан зиёд аъзоси бўлиб, уларнинг ярми – деярли 500 мингдан зиёди ёшлардир. Партиямиз “Ёшлар қаноти” шу йил бошидан 30 га яқин мавзу ва йўналишда 4,5 мингдан зиёд тадбир ўтказди. Сайловга старт берилиши билан ҳар бир туманда фаол бўлган ёшлардан иборат жами 3,5 мингга яқин волонтёр ҳамда 70 дан зиёд ёшлар парламенти аъзоларидан иборат Ёш сайловчилар ва волонтёрлар тарғибот гуруҳлари тузилди.

Ҳозирда тарғибот гуруҳлари жойларда маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, тарғибот ишларини олиб бормоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига O'zLiDePдан номзоднинг тарғибот флаерлари ҳамда буклетлари, шунингдек китобча шаклида чоп этилган сайловолди дастури ҳудудларда сайловчиларга тарқатилди.

Шу билан бирга кўзи ожиз сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида номзоднинг сайловолди дастури махсус брайл алифбоси ҳамда аудиоёзув кўринишида тайёрланиб, республикадаги Кўзи ожизлар жамиятларига тақдим этилди.

Брифинг якунида оммавий ахборот воситалари учун интервью ташкил қилинди ва журналистларнинг саволларига жавоб берилди.

Теглар
Сайлов 2021
  • Кўрилди
    176
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+