Қишлоқ аҳли фаровонлиги учун овоз берамиз!

20.10.2021, 19:46

Қишлоқ аҳли фаровонлиги учун овоз берамиз!

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили Темур Поёновнинг Касби тумани сайловчилари билан учрашувида ўтган беш йилда қиёфаси тубдан ўзгариб, шаҳарга айланаётган қишлоқ одамларининг фаровонлиги йўлида қилинган ишлар, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида амалга оширилган қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари одамларнинг  ҳаётига ўзгача шукуҳ олиб кирганлиги ҳақида сўз борди.

Тумандаги 1-сон касб-ҳунар мактабида бўлиб ўтган учрашувда ишончли вакил номзоднинг сайловолди дастури билан таништиргач, ўқитувчи ҳамда ўқувчилар сўзга чиқишиб, Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга ошириш ғояси халқимиз ҳаётида янги саҳифани очганлиги, мактабларда ёш авлоднинг таълим-тарбия олиши учун яратилган шарт-шароитлар, жажжи ўғил-қизларнинг мактабгача таълим муассасаларида қамраб олинаётганлиги, олий таълим муассасалари сонининг кўпаяётгани  иқтидорли ёшларнинг  орзулари ушалишига яқиндан ёрдам бераётганлигини таъкидладилар.

- Касбиликлар миришкорликлари билан ном қозонишган, - дейди меҳнат фахрийси Ғайбулла ота Худойбердиев. – Кейинги 5 йил мобайнида  туманимизда иссиқхонада сабзавот ва цитрус мевалар етиштирадиган оилавий тадбиркорлар сони кескин ошди. Илгари кўпчилик тадбиркорлар электр таъминотидаги узилишлар сабаб кўпчилик бор-йўғини сарфлаб, иссиқхонасидаги маҳсулотларини совуққа олдириб  қўйишарди. Табиий газ бўлмаса ҳам, электр қуввати узлуксиз бериб турилганлиги одамларнинг эртанги кунга ишончи оширди. Ўғлим Насрулло катта тадбиркор, чорвачилик билан шуғулланади. Кексайган чоғимда унинг кўмагида ҳовлимизда иссиқхона ташкил этиб, невараларимга бош бўлиб, помидор-бодринг етиштираяпман.  Лимонимиз ҳам ҳосилга кирган. Бу йил яхшигина даромад қиламиз. Фойдали иш билан шуғуллансанг, ҳаётга бўлган иштиёқинг, муҳаббатинг янада ошар экан. Хорижда етиштирадиган цитрус меваларни келтириб, иссиқхонамиз етиштириб, синов кўраяпмиз. Натижа ёмон бўлаётгани йўқ. Эшигимдан келган ёшларга иссиқхонада маҳсулот етиштириш борасида сабоқ бераяпман.

Ишончли вакилнинг хонадонимизга келиб, биз билан суҳбат қурганлиги қалбимизни қувончга тўлдирди. Мулоқотимиз жуда қизиқарли бўлди. Ота-боболаримиз кулолчилик билан шуғулланишган. Мен унга Касби кулолчилик мактаби ташкил этишни Дастурга киритилишига амалий ёрдам беришини сўрадим. Бир пайтлар бизнинг кулолчилик маҳсулотларимиз ҳаттоки хорижга ҳам олиб кетилган. Ёш авлод кулолчиликни унутмоқда. Беш-тўрттагина киши кулолчилик билан шуғулланаяпти, холос. Қанийди, мактабимиз қайта тикланиб, моҳир усталар томонидан маҳорат сабоқлари ўтилса, юзлаб, балки минглаб тумандошларимиз учун янги иш ўринлари яратилган бўларди.

Шундан сўнг ишончли вакил Темур Поёнов тумандаги Майманоқ қишлоғида яшовчи, аралаш жанг устаси Азамат Лутфуллаев билан учрашди. Самимий мулоқот чоғида спортчига Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобини совға қилди. Азамат ўзи ва барча шогирдлари муносиб номзод Ш. Мирзиёев учун овоз беришларини билдирди.  

Учрашувларда халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгаши депутати Исмигул Хушмуродова, вилоят кенгаши аппарат раҳбари Арзиқул Шеровлар иштирок этиб, сўзга чиқдилар. 

Сайфулла ИКРОМОВ,

“ХХI asr” мухбири

 

  • Кўрилди
    223
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+