Озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон ва етарлилиги халқ розилигининг асосий омилидир

20.10.2021, 20:07

Озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон ва етарлилиги халқ розилигининг асосий омилидир

Барчани бирдек саросимага солган ва ҳали хануз чекинмаган пандемия шароитида жаҳон бозорида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ҳар доимгиданда юқоридир. Бундай мураккаб шароитда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш барча давлатлар учун муҳим масалага айланган.

Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда ҳам кейинги йилларда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш, нархлар барқарорлигини сақлаш бўйича тизимли ишлар қилинмоқда. Зеро, озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон ва етарлигиги халқ розилигининг асосий омилидир.

Ана шу мақсадда “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. 3 та моддадан иборат мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қатор асосий қўшимча киритишни ўз ичига олган. Хусусан, лойиҳада гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйиш маҳсулотларини, картошка ҳамда музлатилган балиқни олиб киришда ва реализация қилишда ҚҚС бўйича имтиёзлар берилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйиш маҳсулотларини, картошка, музлатилган балиқни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, реализация қилиш бўйича айланмалари қўшилган қиймат солиғидан озод қилиниши белгиланмоқда. Мақсад озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан, гўштнинг нархини аҳолига мақбул даражага олиб келишдир.

Умуман олганда, кейинги беш йилда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва экологик механизмлар уйғунлигида аҳамият қаратиб келинмоқда. Чунки бу нафақат пандемиянинг ижтимоий ва иқтисодий оқибатларини бартараф этиш, тармоқларни қайта тиклаш ва ривожлантириш, одамлар турмуш сифатини яхшилашга, бозордаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг барқарорлигига хизмат қилади, балки Ўзбекистоннинг дунё миқёсидаги салоҳиятини янада оширади.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    245
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+