Хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 80 фоизга етказилади

21.10.2021, 18:42

Хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги  улуши 80 фоизга етказилади

Мамлакатимизда бундан беш йил аввал иқтисодий соҳада ўта муҳим ва зарур ислоҳотлар бошланган эди. 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилган кенг қамровли ишлар бугунги кунга келиб ўзининг амалий натижаларини бермоқда.

Ҳаракатлар стратегиясининг ҳаётга жорий этилиши туфайли давлат бошқаруви, жамият, фуқаролик институтлари, иқтисодиёт ва бошқа барча соҳаларда уйғониш, олдга силжиш бошланди. Буни ўтган 5 йиллик муддат давомида эришилган натижалар ва самарадорлик мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Биргина мисол, 2017 йилдан бошлаб миллий валюта курсини иқтисодиётда чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифга асосан белгилаш механизми жорий қилиниб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан чет эл валюталарининг сотилиши, сотиб олиниши ва тасарруф қилиниши борасидаги аввал мавжуд бўлган чекловлар бекор қилинди.

2018 йилда эса аҳолига банк хизматларини кўрсатишда, жумладан, валюта олди-сотди операцияларини амалга оширишда қулайликлар яратиш мақсадида жисмоний шахслар томонидан халқаро тўлов карталарига сотиб олинган хорижий валютани тижорат банкларида нақд шаклда ечиб олиш механизми жорий этилди.

Бу жараёнда солиқ соҳасида мавжуд камчиликларни бартараф этиш мақсадида республикада солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Зеро, унга кўра, 2019 йилдан мамлакатда туб солиқ ислоҳотлари амалга оширилди, жисмоний шахслар даромад солиғи ставкаси 22,5 фоиздан 12 фоизга туширилган ҳолда, суғурта бадали ва давлат жамғармаларига мақсадли ажратмалар бекор қилинди.

Юқорида келтирилган факт ва рақамлардан англашиляптики, республикамизда барча соҳаларда кенг қамровли ва салмоқли ишлар амалга оширилган ва оширилмоқда. Лекин шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги давр бу борадаги ишлар салмоғини янада оширишни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, O‘zLiDePдан президентликка кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёев мазкур йўналишдаги ислоҳотларни узлуксиз давом эттириш, янги босқичга олиб чиқишни мақсад қилган.

Хусусан, номзодимиз сайловолди дастурида келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш, 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад 4 минг доллардан оширилиши белгиланмоқда. Рақамли иқтисодиёт асосий “драйвер” соҳага айлантирилиб, унинг ҳажмини камида 2,5 баробар оширишга қаратилган ишлар олиб борилиши, иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун макроиқтисодий барқарорликни таъминлашга катта аҳамият қаратилиши назарда тутилмоқда.

Айтиш жоизки, сайловолди дастур билан яқиндан танишар экансиз, бу гаплар шунчаки ваъда эмаслигига ишонч ҳосил қиласиз. 2022 йилдан бошлаб ҳар бир туман бюджетининг камида 5 фоизи ёки 1,5–2 триллион сўм маблағ “Фуқаролар бюджети” дастури доирасида аҳолининг таклифлари асосида энг долзарб муаммоларни ечишга сарфланади. Мамлакатимизга янгидан жалб қилинадиган йиллик ташқи қарз миқдори 5 миллиард доллардан ошмаслиги таъминланади.

Шу билан бирга, “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” ғояси асосида 200 та экспортчи очиқ танлов асосида сараланиб, улар етакчи экспортёрларга айлантирилади ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Номзодимиз хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга, экспорт бўйича эса 60 фоизга етказиш, мамлакатимизда 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 баробар қисқартиришни мақсад қилган.

Аҳамиятли томони, 2023 йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга туширилиши, юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари бирлаштирилиб, ягона кўчмас мулк солиғи жорий қилиниши кўзда тутилган. Банк, молия, телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилиши ва барча тадбиркорлик субъектлари учун бир хил бўлиши белгиланган.

Хулоса ўрнида айтганда, номзодимиз сайловолди дастурида кейинги беш йил ичида бажарилиши зарур бўлган ишлар, мавжуд муаммоларнинг ечими ўз аксини топган. Унда белгиланган ҳар бир эзгу ташаббус инсон манфаатларига қаратилгани билан аҳамиятли ва қадрлидир.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    281
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+