Илм-фанга эътибор узоқни кўра билиш ва порлоқ келажак сари ташланган дадил қадамдир

21.10.2021, 19:10

Илм-фанга эътибор узоқни кўра билиш ва порлоқ келажак сари ташланган дадил қадамдир

Ўзбекистон Учинчи Ренессанс остонасида турибди. Тараққиётнинг ушбу босқичига қадам қўйиш ўз ўзидан содир бўлмайди. Тарихдан яхши маълумки, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс каби Учинчи Ренессанс ҳам узоқ давом этиши табиий. Учинчи Ренессанс  катта ва машаққатли йўл дегани. Бу йўлда дадил ҳаракат қилиш учун минглаб истеъдодли кадрлар, иқтидорли замонавий ёшлар, фидойи инсонлар ниҳоятда зарур.

Бугун истаймизми йўқми ҳар бир мамлакатнинг салоҳияти, эртанги тараққиёти беҳисоб олтинлар, нефть ёки бошқа қимматбаҳо буюмлари билан эмас, балки ёшлар ва уларнинг билими, салоҳияти билан ўлчанаяпти. Негаки, биз тўла-тўкис ахборотлашган, АЙ-ТИ технологиялар ривожланган даврда яшаяпмиз. Илм-фан янада ривожланмоқда. 

Мамлакатимизда ҳам кейинги йилларда илм-фан ривожига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда ўқитувчиларнинг самарали меҳнат қилиши, ўқувчи-ёшларнинг пухта билим эгаллаши учун замонавий шарт-шароитлар яратилди. Мамлакатимизда ёшларга муносиб таълим бериш, уларнинг илм-фанга бўлган интилишларини рўёбга чиқаришга қаратилган қатор қарорлар қабул қилинди. Ёшларимизга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имкониятлар берилиб, ўқишга кириш жараёнлари соддалаштирилди. Зотан, жамиятда олий маълумотга эга, юксак малакали мутахассислар қанча кўп бўлса, ривожланиш шунча тез ва самарали бўлади.

Тадбиркорлик соҳасида илм-фан ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштириш ҳам эътибордан четда қолгани йўқ. Бу шунчаки баланд-парвоз гап эмас. Ёш тадбиркор сифатида буни ўз ҳаётим мисолида гувоҳи бўлаяпман.  Чунки ҳозирда тадбиркорлик фаолиятимдан ташқари тадбиркорлар ва бу соҳага қизиқувчиларни молиявий саводхонлигини ошириш бўйича ўқув марказини очганмиз. Шу кунга қадар 11 мингдан зиёд тадбиркорликка қизиққан ёшларни ўқитишга муваффақ бўлдик. Энг аввало уларга тадбиркорлик йўналишида мотивация уйғотишга, инсонни муваффақиятга эришиши ўз қўлида эканлигига ишонч пайдо қилишга аҳамият қаратаяпмиз.

Айниқса мана шу ўқувларни ташкил қилишга эндиликда давлат грантлари ажратилиши ўйлаймизки тадбиркорлик соҳасини янада ривожлантиришга яқиндан ёрдам беради.

Бугун дунёнинг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган давлатлари тажрибасига қарасак, муваффақият замирида илм-фанни тубдан ривожлантириш турганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, Японияни олайлик. Кўпчилик яхши билади Иккинчи жаҳон урушидан кейин ушбу мамлакат жудаям оғир аҳволга тушиб қолганди. Ўша пайтда бу ўлкада асосий эътибор инсоннинг “бошини тўйдириш”, яъни унга кучли билим беришга қаратилди. Пировардида илм-фан тараққиётига ажратилган сармоя бугунги кунгача ўзининг ижобий самарасини кўрсатиб келаяпти.

Файласуф Конфуцийнинг шундай ҳикмати бор: агар сен халқингни бир йил боқмоқчи бўлсанг, буғдой эк, ўн йил боқмоқчи бўлсанг, дарахт эк, агар асрлар давомида боқмоқчи бўлсанг, билим, илм эк.

Шу маънода бугун мамлакатимизда илм-фанга қаратилаётган эътибор ҳам узоқни кўра билиш, порлоқ келажак сари ташланган дадил қадамдир.

Шохида Ибрагимова,

 “Eko Virin Agro” корхонаси директори

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    496
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+