Истиқболли режалар - олий мақсадлар рўёбига хизмат қилади

22.10.2021, 19:02

Истиқболли режалар - олий мақсадлар рўёбига хизмат қилади

Маърифатпарвар боболаримиздан бири – Абдурауф Фитрат, “Бир одамнинг саботи бутун бир миллатни ислоҳ этишга қодир”, деб таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, сўнгги беш йилда мамлакатимизда демократик, инсонпарвар давлат қуриш, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш, Ватанимиз иқтисодий қудратини юксалтириш, пировардида халқимизни ҳаётдан рози қилиш, янада фаровон яшаши учун барча шарт-шароитни яратиш йўлида амалга оширилган кўлами асрларга таътигулик ишларни эл-юрт ҳақли равишда Президентимиз номи билан боғлайди.

Бугун тамал тошлари қўйилаётган Янги Ўзбекистонда инсон қадр-қиммати, шаъни олий қадрият, инсон дарду ташвишлари билан яшаш эса одамийликнинг энг олий намунаси деб қаралмоқда. Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилаётир. Энг муҳими – дарҳақиқат ҳайратланарли ўзгаришлар мамлакат тараққиётини янги босқичга олиб чиқишдаги дебоча деб қаралмоқда.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал- демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашувидан сўнг кўнгилдан беихтиёр шундай фикрлар ўтди.

Партиямиздан кўрсатилган номзод ўз сайловолди дастуридан ўрин олган стратегик мақсад ва вазифалар билан сайловчиларни таништирар экан, жаннатмонанд юртимизнинг узвий бўлаги бўлган Жиззах вилоятида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталди.  Мақсад ва вазифалар нафақат кўлами, балки халқ фаровонлиги, мамлакатимиз тараққиётини янада ошириши билан ҳар бир кишида фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади. Мисол учун, бугун нафақат Жиззахликларнинг, балки бутун республикамизнинг фахрига айланиб бораётган автомобилсозлик йўналишини олайлик. Хабарингиз бор, “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “ADM Jizzakh” масъулияти чекланган жамиятида автомобилларни йирик узелли йиғиш ташкил этилди. Бу лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, шу йил март ойида ишга туширилди. Ушбу илк лойиҳанинг қиймати 12 миллион доллардан зиёд. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 25 минг дона. Завод мультибрендли бўлиб, бу ерда “KIА”, “Renault” вa “Lada” русумидаги 10 хил енгил автомобиль йиғилмоқда. Бугунги кунгача ички бозорга 2 мингдан зиёд автомобиллар етказиб берилган. Бу машиналар юқори сифати, замонавий дизайни ва шинамлиги, тежамкорлиги, сервис хизматлари арзонлиги, бошқарув қулайлиги билан харидорларга маъқул келмоқда. Автомобилларга беш йиллик кафолат берилаётир. Корхонада 250 нафар мутахассис ишламоқда. 

Лойиҳанинг иккинчи босқичида 216 миллион долларлик мазкур лойиҳа доирасида кичик узелли ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Яъни, 314 турдаги бутловчи қисмларни ясаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғиш йўлга қўйилади. Уни 2023 йилнинг биринчи чорагида ишга тушириш режалаштирилган. Бунинг натижасида завод қуввати йилига 100 минг донага чиқади. Яна 3 мингта янги иш ўрни пайдо бўлади. Ушбу босқичда маҳаллийлаштириш 30 фоизга етказилиб, йилига 150 миллион долларлик автомобиллар экспорт қилинади. Завод тайёр автомобиль ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, конструкторлик, логистика, кадр тайёрлаш соҳаларини қамраб олади.

Яна бир муҳим томони, бу завод кўплаб кичик корхоналар, хизматлар ташкил топишига туртки бўлади. Масалан, ҳозирданоқ Жиззах шаҳри, Пахтакор ва Шароф Рашидов туманларида бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш бўйича 500 миллион долларлик 60 та лойиҳа шакллантирилган. Шунингдек, Америка ва Европа нуфузли инжиниринг компаниялари билан бирга, вилоятда тажриба-конструкторлик ва дизайнерлик маркази ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига партиямиздан кўрсатилган номзод, аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

“Жиззах вилоятида аҳолининг уй-жой билан боғлиқ масалаларини ҳал қилиш мақсадида келгуси беш йилда жами 18 минг хонадонли кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади, уй-жойга муҳтож 3 мингта эҳтиёжманд оилага 120 миллиард сўм субсидиялар ажратилади.

Шароф Рашидов, Зомин, Ғаллаорол, Бахмал, Пахтакор ва Фориш туманларида эҳтиёжга қараб, 6 минг хонадонли кўп қаватли уйлар, мактаб, боғча, шифохона, савдо маркази каби объектлардан иборат Янги Ўзбекистон массивлари барпо этилади.

Шу билан бирга, Жиззах шаҳри аҳолиси бугунги кунда 180 мингдан ошиб, келгуси беш йилда 230 мингга етиши кутилмоқда. Лекин, шаҳарнинг инфратузилмаси 50 йил ичида анча эскириб, ҳали ҳам 50 минг аҳолига мўлжалланган десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз, - деди президентликка номзод.

Вилоят аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишлар халқимиз йиллар давомида кутган, орзу қилган лойиҳалардан бири.

Бугунги кунда Булунғур туманида, Зарафшон дарёси ёнида 100 минг куб метр сиғимли «Узунбулоқ» сув тозалаш иншооти, насос станцияси, лаборатория, фильтрлаш станцияси ва ёрдамчи бинолар қуриб битказилган. Узунбулоқ—Гагарин магистрал тармоғининг Жиззах шаҳригача бўлган 77 километри ётқизилган. «Жиззах» сув тақсимлаш иншооти, 5 минг куб метр сиғимли иккита сув ҳавзаси қурилган. Энди ушбу иншоотлардан Гагарин шаҳригача 90 километр сув тармоғи тортилади.

Ушбу тарихий лойиҳа натижасида Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туманлари ҳамда Жиззах шаҳридаги 163 та маҳаллада яшовчи 700 минг аҳолига тоза ичимлик суви етиб боради.Лойиҳани 2022 йилнинг биринчи ярмида якунлаш режалаштирилган.

Бу каби кенг кўламли, эл-юрт фаровонлиги йўлида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар саноғини яна анча давом эттириш мумкин. Энг муҳими эса,  ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Президентлигига кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашуви партиямиздан кўрсатилган номзодга овоз беришга қарор қилган ҳар бир юртдошимиз  кўнглида бугунги кунимиздан шукроналик, эртанги кунимизга бўлган улкан ишончга йўғрилган нурли туйғуларни уйғотди.

Эркин Холматов,

O’zLiDeP  Жиззах вилоят Кенгаши раиси.

Теглар
Сайлов 2021
  • Кўрилди
    1149
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+