Кластер тизимини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янгича тартиби жорий этилади

28.10.2021, 16:43

Кластер тизимини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янгича тартиби жорий этилади

Кластер тизимининг қишлоқ хўжалигига кириб келишини инқилобий ўзгариш десак, сира муболаға бўлмайди. Ўзингиз кўриб турибсиз, биргина қишлоқ хўжалик соҳаси кластер тизимига ўтгач, ерга муносабат ўзгарди, етиштирилган ҳосил сифати ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш соҳасида янгиланишлар рўй берди.

Энди қаранг, шундай бўлса-да, бугун давлатимиз раҳбари кластерларни қўллаб-қувватлашнинг янгича тартибини ҳаётга жорий этмоқда. Бундан кўзланган мақсад – ердан янада унумли фойдаланиб мўл-кўл ҳосил етиштириш, қолаверса, кластер ҳамда фермер чўнтагига яхшигина даромад киришига эришишга қаратилган. Ахир кластер ёки фермер манфаатдор бўлса, элга нафи кўп тегади-да.

Давлатимиз раҳбари куни кеча ўтказган видеоселекторда келаси йилдан ғалла етиштириш тўлиқ бозор муносабатларига ўтказилишини маълум қилди. Бунда келаси йилдан экинларни жойлаштириш тартиби сақланган ҳолда ғаллачилик кластерлари ва фермерларга етиштирган буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилади.

Ҳар бир ғаллачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари 3 йил давомида ҳар йилги  ҳосилдан гектарига 2,5 тонна ғаллани биржа савдоларига эркин нархларда чиқаради. Қолган ҳосилни эса тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқи берилади. Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан ғалла етиштиришни имтиёзли кредитлаш тартиби келгуси 3 йилда сақлаб қолинади ва бунга йилига 5 триллион сўм йўналтирилади.

Жамғарма 2,5 миллион тонна ғаллани биржадан бозор нархларида давлат захираси учун сотиб олади. Сотиб олинган захира ғалла донни сақлаш қувватлари мавжуд ғаллачилик кластерларига танлов асосида сақлаш учун жойлаштирилади. Шунингдек, “Ўздонмаҳсулот” таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналари негизида ғалла кластерлари ташкил этиш учун улар очиқ савдоларга чиқарилади.

Мен аминманки, ғаллачилик соҳа учун жорий этилаётган янгича тартиб ва тамойиллар албатта,  дон ва нон мўл-кўлчилигини таъминлашда ҳамда халқимиз ризқ-рўзи бўлган  ғаллачилик соҳасини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

  Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    482
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+