Янги Ўзбекистон ва учинчи Ренессанс: Илм-фан ва таълимнинг роли

13.11.2021, 18:06

Янги Ўзбекистон ва учинчи Ренессанс: Илм-фан ва таълимнинг роли

Тарихдан маълум, баъзи давлатларнинг ўтмишида шундай даврлар бўлганки, бунда узоқ муддатли инқироз ва турғунликдан кейин мустақил равишда барқарор ва тез суръатлар билан иқтисодий ўсиш натижасида илм-фан, таълим, маданият ва санъат ҳар томонлама ривожланишига кенг имкониятлар вужудга келган.

Бу ўз навбатида, ушбу давлатларда халқнинг азалий эзгу қадриятларидан келиб чиқиб, жамият ҳаётини фаровонлаштириш ва инсонни улуғлаш борасида башариятга намуна бўла оладиган даражадаги катта муваффақиятларга эришишга олиб келган. Бундай буюк, юксалиш даврини тарихчилар Уйғониш даври деб атайди.

Афсуски, аксарият тарихий изланишлар ғарб олимлари томонидан олиб борилгани туфайли Уйғониш даври Европанинг бир қатор мамлакатларидаги XV–XVI асрларда ривожланишгагина хос деб қаралган. Аслида эса бундай юксалиш даврлари Шарқ давлатлари, хусусан, Хитой, Ҳиндистон ёки Марказий Осиё тарихига ҳам кузатилган бўлиб, улар хатто, Европа мамлакатларидаги Уйғониш давридан аввалроқ бўлиб ўтган.

Масалан, бизнинг тарихимиздагина эмас, балки умумжаҳон тарихининг муҳим даврларидан ҳисобланмиш “Маърифий Уйғониш даври” деб номланган IX-XII асрларда ва “Темурийлар Уйғониш даври“ деб номланган XIV-XVI асрларда юртимизда давлатчилик тизими, иқтисодиёт, илм-маърифат ва маданиятни ҳар томонлама ва тез суръатлар билан ривожланиши глобал миқёсда инсоният ривожланишига катта таъсир кўрсатган воқеаликлар қаторида эътироф этилади.

Ушбу икки даврда диний билимлар билан бир қаторда, аниқ ва табиий фанлар - математика, астрономия, география, геология, минералогия, тиббиёт, адабиёт ва санъат ҳам шу даражада равнақ топдики, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилонийлар билан бирга Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Умар Ҳайём, Мирзо Улуғбек, Абу Наср Фаробий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод каби юртимизнинг буюк вакилларини бутун жаҳонда инсоният равнақига жуда катта ҳисса қўшган алломалар қаторида эътироф этилади.

Тарихимизнинг умумжаҳон миқёсида бундай катта эътибор қозонган даврлари, ўша пайтларда буюк ватандошларимиз томонидан амалга оширилган ишларни муҳокама қилар эканмиз, буларнинг ҳаммаси юртимизда қудратли давлат яратиб, унинг ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан юксалтирган, илм-фан, таълим, маданият ва санъатни ривожлантиришга катта эътибор бериб, ушбу масалалар давлат ривожланишининг биринчи навбатдаги муҳим вазифаси деб қараган ҳукумдорлар билан бевосита боғлиқлигини англаймиз. Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар давлатининг бутун дунёга танилиши бунинг ёрқин мисолидир.

Ўзбекистон, мана ўттиз йилдирки, ўз истиқлолига эришиб, мустақил ривожланиш йўлидан дадил бормоқда. Бундай тарихан қисқа даврда у ўзининг мустақил давлатчилигини шакллантирди, иқтисодиётининг барча соҳаларини мустақил ишлаши учун зарур шарт-шароитларни яратди, хорижий давлатлар билан ўзаро тенглик асосидаги муносабатларни ўрнатди.

Айниқса, сўнгги беш йилда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ва изчил иқтисодий-сиёсий ислоҳотлар, ижтимоий-маънавий соҳадаги ўзгаришларни таҳлил қиладиган бўлсак, ҳозирги вақтда Ўзбекистонни мустақил ривожланишда янги давр бошланиб келаяпти деган, хулосага келинади.

Янги Ўзбекистон деб номланган мамлакатимиз ривожланишининг янги даврида таълим-тарбия, илм-фан, маданият-маърифат, тиббиёт, спорт каби ижтимоий соҳаларни изчил ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари этиб белгиланди. Энг муҳими, бундай ўзгаришлар асносида инсон манфаати, халқ фаровонлигини ошириш мақсади турибди.

Аҳолининг турли қатламлари, ҳудудларда яшовчи фуқароларнинг турмуш тарзи, ҳаёт даражасини яхшилаш барча амалга оширилаётган ишларнинг асосий мезони этиб белгиланди. Мамлакатимизда барча соҳалардаги ислоҳотларнинг муваффақиятини таъминловчи асосий механизм сифатида таълим ва илм-фан танланган бўлиб, ҳар томонлама чуқур билимларга эга, салоҳиятли ёш кадрларни тайёрлаш, илмий ва инновацион ишлармаларни ишлаб чиқариш жараёнида кенг ва самарали татбиқ этиш орқали миллий иқтисодиётимизни изчил ва юқори суръатлар билан ривожлантириш вазифаси қўйилди.

Ўзбекистонни янги даврда ривожланишининг драйвери сифатида таълим ва илм-фанни аниқланиши мамлакатимизни дунёдаги энг илғор давлатлар билан бир қаторда “билимлар иқтисодиёти” ёки “билимлар жамияти”ни яратишга қарор қилганлигини англатади.

Айнан шу мақсадда сўнгги йилларда мамлакатимизнинг таълим ва тадқиқот тизими чуқур ислоҳ қилиниб, илғор хорижий тажриба ва халқаро ҳамкорлик асосида ишлар қайтадан ташкил этилмоқда. Таълим ташкилотларининг фаолияти, уларнинг ўқув дастурлари тайёрланадиган мутахассисларга реал иқтисодиётдаги бозор талаблардан келиб чиқиб қайтадан кўриб чиқилмоқда.

Институт ва университетларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, хорижий мамлакатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари доирасида янги касблар бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилаётгани эртанги кунда мамлакатимиз ёшларининг янги-янги марраларни забт этишига, уларнинг юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига замин яратади.

Шу жиҳатдан мамлакатимизда бир қанча ривожланган давлатлар университетларининг филиаллари очилди ва бу ижобий жараён давом этмоқда. Олий таълим ислоҳотларининг маҳсули сифатида мамлакатимизда олий маълумот олмоқчи бўлган ҳар қандай фуқаро учун кенг имкониятлар эшиги очилди. Аниқроқ айтганда, ёшидан қатъи назар, олий маълумотни кундузги, кечки ва ситқи таълим шаклида олишга шароит яратилди.

Охирги беш йилда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш сезиларли даражада ошиб, 2021 йилда 28 фоизга етказилди. Жумладан, 10 та нодавлат, 20 та хорижий ОТМлар филиаллари ташкил этилди. Хорижий университетлар филиаллари 26 тага етказилди. Олий таълим муассасалари сони 64 тадан 141 тага етказилиб, қабул ўринлари 66 мингтадан 181 мингтага оширилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, авваламбор, ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий йилда ногиронлиги бўлган ёшлар учун 3 155 та, “Меҳрибонлик” уйлари ва Болалар шаҳарчалари учун 1 580 та, кам таъминланган оилаларга мансуб хотин-қизлар учун 2 мингта қўшимча қабул квоталари давлат гранти сифатида ажратилди.

Албатта, мамлакатимизда таълим соҳасида бу даражада катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки тараққиёт илмга асосланади. Илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишдек гап. Ўтган давр мобайнида мазкур соҳани ривожлантиришга қаратилган 100 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги, “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги қонунлар бугун соҳа ривожига хизмат қилмоқда.

Шу нуқтаи назардан, мамлакатимиз учинчи Ренессанснинг таянч устунлари сифатида боғча тарбиячилари, мактаб ўқитувчилари, олий таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлар деб кўрсатилганидан ҳам айнан таълим ва илм-фанни янги Уйғониш даври яратувчиларини тарбиялашини англаймиз.

Эркин ЗОҲИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари

қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    1021
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+