Учинчи Ренессанс пойдеворини илм-фан асосида қуриш тўғри танланган стратегиядир

13.11.2021, 18:06

Учинчи Ренессанс пойдеворини илм-фан асосида қуриш тўғри танланган стратегиядир

Давлатимиз раҳбари томонидан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида илм-фан асосида Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш энг муҳим вазифа қилиб белгиланди. Айниқса, Олий таълимга қамровни 50 фоизга чиқариш вазифаси қўйилди.

Ҳар бир вилоятда янги олийгоҳларни қуриш мақсад қилинди. Айни пайтда нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳам бу – Янги Ўзбекистонни қуриш йўлидаги энг тўғри стратегия эканлигини ҳақли равишда эътироф этмоқда.

Албатта, бу ишлар айтишга осон. Лекин мақсад аниқ бўлса, ҳар қандай машаққатни ҳам енгиб ўтиш мумкин. Шу маънода кейинги беш йилга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида бу борадаги мақсад ва вазифалар аниқ манбаси ва амалга ошириш механизми билан баён этилгани аҳамиятлидир.

Хусусан, аввало, боғча тизимини мактаб таълими билан уйғунлаштириш орқали фарзандларимизни мактабга тайёрлаш сифатини янада яхшилашга кун тартибидаги асосий масала сифатида қараляпти.

Хўш боғча ва мактаб уйғунлиги бизга нима беради? Дунё тажрибасини кўрсак, Америка, Ғарбий Европа ва Жануби-Шарқий Осиёнинг ривожланган давлатлари тараққиётида, фан ва ишлаб чиқаришнинг уйғунлиги, трансформация жараёнлари ўзаро боғлиқликда амалга оширилган.

Мисол учун, Германия — узоқ асрларга бориб тақалувчи илмий мактаблари, Гёте, Гегел, Бетховен, Нитше, Эйнштейн, Гумболдт сингари олим ва ижодкорлари билан тилга тушган. Халқаро доирада эътироф этилган немис таълим даргоҳларида мустақил фикр, кенг дунёқараш шаклланишига алоҳида эътибор берилади.

Германияда мактабгача таълим муассасалари давлат тизимига кирмайди. Демак, фуқаролар бой, миллатни тарбиялаш масаласини ўзининг зиммасига олган. Қолаверса, ўқитувчиларга яхши шароит яратишга ҳам алоҳида эътибор берилади.

Мамлакатимиз таълим тизимида кейинги беш йилга мўлжалланган вазифалардан кўзланган мақсад ҳам аввало ўқитувчиларга болаларга бор билимини бериши учун ҳам маънавий ҳам моддий шароит яратиш ва шу орқали замонавий билимларни пухта эгаллаган ёш авлодни тарбиялашдан иборатдир. Зеро, муаллим иқтисодий муаммолардан қанча йироқ бўлса, ўз касбига шунчалик меҳр ва иштиёқ билан ёндашади. Унинг қўлида таълим олган бола эса пухта билим ва теран фикрлаш қобилиятини эгаллаб боради. 

Қадимги юнон файласуфи Суқрот айтганидек: “Мен ҳеч кимга ҳеч нарса ўргата олмайман, бор-йўғи уларни фикрлашга мажбур қила оламан”. Шу маънода таълим тизимида ёдлаш усуллари бугун ўзини оқламаяпти. Аксинча ўқувчи ва талабани мустақил фикрлашга ўргатиш, фикрини чархлашга доир бутунлай янги педагогик усулларни татбиқ этиш сув ва ҳаводек зарур. Бунинг учун эса ўқитувчиларнинг профессионал тайёргарлиги ва маҳорати юқори бўлиши керак. Шундан келиб чиқиб мактабгача таълим тизимдаги 160 минг нафардан зиёд педагог кадрларнинг малакаси оширилади.

Умуман олганда, таълим соҳасини ривожлантириш йўлида катта вазифалар белгиланмоқда. Хусусан, юртимизнинг ҳамма ҳудудларида ўнлаб янги-янги мактабгача таълим ташкилотларини барпо этиш, барча боғчаларни ҳар йили 2 миллион нусхадаги замонавий ўқув адабиётлари билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Болалар сони ўсиб бораётганини инобатга олиб, янги мактаблар қуриш, мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, соҳанинг барча босқичлари ўртасида узвийликни таъминлашга қаратилган Миллий таълим дастури ишлаб чиқилади. Шунингдек, хусусий мактаблар тизимини янада такомиллаштириш, битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2030 йилда 60-70 фоизга етказилади.

Мамлакатимизда янги олий таълим муассасалари, жумладан, хорижий университет ва институтларнинг филиаллари ташкил этилиб, уларнинг сони 200 тага етказилади. Бутун узлуксиз таълим тизимини ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган яхлит Таълим кодекси ишлаб чиқилади.

Бир сўз билан айтганда, таълим соҳасида яна кўплаб ислоҳотларни амалга ошириш режалаштириляпти. Пировард мақсад битта - ёш авлодимизнинг баркамол бўлиб вояга етиши, сифатли ва мукаммал таълим олишини таъминлаш. Зеро, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам илм-фан, таълим ва тарбиядир.

 

Шаҳноза ХОЛМАХМАТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    387
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+