Янги Ўзбекистоннинг янги сиёсати — инсон қадри ҳамма нарсадан устун

13.11.2021, 18:07

Янги Ўзбекистоннинг янги сиёсати — инсон қадри ҳамма нарсадан устун

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг инаугурация маросимидаги нутқини тинглаб, келгуси беш йилда ҳам Ўзбекистонда инсонни эъзозлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, одамларни рози қилиш давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолишига амин бўлдим.

Бошқача айтганда, аҳоли учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш, фарзандларимиз учун зарур шароитлар яратиш, янги-янги таълим-тарбия, маданият, санъат ва спорт масканларини барпо этиш, ёш оилалар учун уй-жойлар қуриш каби масалалар бундан буён ҳам давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди. 

Мазкур нутқни катта эътибор ва ҳаяжон билан тинглар эканман, юртбошимизнинг “Раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак” деган сўзлари нафақат юртдошларимиз, балки дунё ҳамжамиятида ҳам катта қизиқиш уйғотди.

Айниқса, “Халқимиз билан бошлаган демократик ислоҳотлар йўлини янада қатъий давом эттирамиз ва бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз! Янги Ўзбекистонни биргаликда албатта барпо этамиз!”, дея билдирган фикрлари барчанинг диққат-эътиборини тортди. Бу Асосий қомусимиз кафили сифатида Конституция ва қонунларимиз талабларини сўзсиз бажариш, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш келгусида ҳам устувор вазифа бўлиб қолишига ишорадир.

Бугун Ўзбекистонда янги давр бошланди. Бу баландпарвоз гаплар эмас. Бугунги кунда давлатимиз инсон учун, халқ учун очилди. Халқ билан бевосита мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича, мутлақо янги тизим яратилди. Давлат ташкилотлари иш фаолиятида  “маҳаллага тушиш”, “халқ ичига кириш, унинг “дардига қулоқ солиш”,  “ташвишига шерик бўлиш” ва “муаммоларни жойида ҳал этиш”  тамойиллари, асосий мезонга айланди

Энг муҳими, мамлакатимизда аввало инсон, кейин эса, жамият ва давлат манфаати барча ҳаракатларимизнинг негизига қўйилди. Ўз навбатида, ҳаётимизда  “Давлат – инсонлар учун” деган халқчил ғоя, изчиллик билан қарор топиб бормоқда. Халқимиз манфаати, давлатимиз салоҳияти йўлидаги улкан ўзгаришларни эса одамлар ўз ҳаётида сезмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон ўз танлаган йўлини янги марра ва янги ютуқлар билан давом эттиради. Зотан, етти йўналишдан иборат Янги Ўзбекистон стратегияси барча соҳалар жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқароларимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли даромадини ошириш каби устувор вазифаларни ўз ичига олган.
   

Баҳром РАҲМОНАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати

  • Кўрилди
    691
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+