O'zLiDeP Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда фаол иштирок этади

15.11.2021, 15:17

O'zLiDeP Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда фаол иштирок этади

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқидан келиб чиқувчи партия ва унинг фракцияси олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Тадбирни O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партия фракцияси раҳбари А.Ҳаитов кириш сўзи билан очаркан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида илгари сурилган таклифлар бугунги кунда нафақат юртдошларимиз, балки халқаро эксперт ва кузатувчилар томонидан ҳам эътироф этилаётганини қайд этди.

Етти йўналишдан иборат тараққиёт стратегиясида адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шарти эканлиги, миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Бугун нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳам бу – Янги Ўзбекистонни қуриш йўлидаги энг тўғри стратегия эканлигини ҳақли равишда эътироф этмоқда.

Қайд этилганидек, бугунги кунда қайси соҳа бўлмасин илм-фан асосида ривожлантирилса, мамлакат иқтисодиёти янада тараққий этиб бораверади. Шу боис, давлатимиз раҳбари мамлакатимиз миллий иқтисодиётини, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантиришни, мамлакатимиздаги мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмини янада оширишни мақсад қилган.

Йиғилишда айни шу масалалар ҳақида сўз борар экан, тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш, ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳитини ва зарур инфратузилма яратиш O'zLiDeP ва унинг парламентдаги фракциясининг доимо эътибор марказида бўлиши таъкидланди.

Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда халқ вакиллари бўлган депутатлар ҳам муҳим ўрин тутиши, Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштириш, халқимиз кутаётган, Янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга хизмат қиладиган қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтиришга устувор аҳамият берилиши қайд этилди.

Маълумки, давлатимиз раҳбари томонидан камбағалликни қисқартириш, маҳалла тизимини ислоҳ қилиш, ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозимини жорий этиш борасидаги ташаббус илгари сурилди. Маҳалла – жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг том маънода таянч бўғинига айланиши учун партия ва унинг депутатлик корпуси бу борада белгиланган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлашни ўз зимасига олиши зарурлиги таъкидланди.

Мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятига бюджетдан 30 трлн.дан 70 трлн.гача маблағ ажратилмоқда. Бу маблағларни тўғри сарфланиши ҳам доимий назоратда бўлиши кераклиги айтилди.

Республика бўйлаб ўтказилган сайловолди учрашувларида халқимиз Президентимизга 140 дан зиёд таклиф билдирди. Бундан ташқари ишончли вакилларга ҳам кўплаб таклифлар келиб тушди. Ушбу таклифлар орасида қонунчиликка ва ҳатто Конституциямизнинг айрим моддаларига тегишли қўшимча ва ўзгартириш киритишга қаратилган таклифлар ҳам бор. Партия халқимиз томонидан билдирилган бу каби таклифларни чуқур ўрганиб, уларни ҳаётга тадбиқ  этишга алоҳида эътибор қаратади.

Бундан ташқари, “Янги Ўзбекистон массивлари”ни барпо этиш, бу орқали келгуси беш йилда 250 мингдан зиёд хонадон қуриш борасидаги ташаббус илгари сурилди. Бу нафақат олис қишлоқларнинг қиёфасини ўзгартиради балки, ёшларимиз учун юз минглаб иш жойи, тадбиркорларимиз учун эса янги имконият эшигини очади. Қолаверса, иқтисодий ўсиш учун муҳим драйвер бўлиб хизмат қилади.

Янги тараққиёт стратегиясида илм-фан асосида Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш энг муҳим вазифа қилиб белгиланди. Олий таълимга қамрони 50 фоизга чиқариш вазифасини қўйилди. Ҳар бир вилоятда янги олийгоҳларни қуриш мақсад қилинди. Нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият ҳам бу – Янги Ўзбекистонни қуриш йўлидаги энг тўғри стратегия эканлигини эътироф этмоқда.

Партия дастуридаги давлат хусусий шерикликни ривожлантириш орқали замонавий тиббиёт, хусусан тиббий суғуртани ривожлантириш борасидаги вазифалар ижроси ҳам доимий назоратида бўлиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Мураккаб пандемия даврида ўзини тўла оқлаган “Темир дафтар”, “аёллар, ёшлар ва меҳр дафтарлари” асосидаги улкан режа ва дастурларни изчиллик билан ҳаётга тадбиқ этиш партия фаолиятининг дастуриламал вазифаси бўлиб қолади.

Тадбиркорликни ривожлантириш борасида белгиланган долзарб вазифалар ижросини таъминлаш ҳам партиянинг эътибор марказида бўлишлиги таъкидланди.

Йиғилиш сўнгида партия раҳбари Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташкил этилганининг 18 йиллиги муносабати билан миллионлаб аъзолари бўлган барча партиядошларни табриклади.

  • Кўрилди
    923
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+