Янги Ўзбекистонда ҳеч бир фуқаро давлатимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди

18.11.2021, 10:55

Янги Ўзбекистонда ҳеч бир фуқаро давлатимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди

Бугунги кунда мамлакатимизда камбағалликни камайтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлатимиз раҳбари ҳам деярли ҳар бир маърузаларида бу масалага тўхталиб, тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш лозимлигини таъкидламоқда.

Негаки, дунёнинг аксар мамлакатларида бўлгани каби мамлакатимизда ҳам одамларнинг муайян қисми етарли даромад манбаига эга эмас. Шундай бўлса-да, камбағаллик юртимизда кўп йиллар “ёпиқ мавзу” бўлиб келди. Президентимиз  Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу ҳақда очиқ-ойдин гапирди ва тарихимизда биринчи марта камбағалликни қисқартириш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Камбағалликни ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш билан камайтириб бўлмайди. Бунинг учун энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш керак. Шу боис, бугун иқтисодиётдаги барча саъй-ҳаракатлар аҳоли учун даромад манбаи яратиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган.

Хусусан, кейинги йилларда республикамизда камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилган кенг қамровли ишлар натижасида 149,1 минг нафар ёшлар, 140,7 минг хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди. 92 минг киши турли касб-ҳунарга ўқитилиб, 148,8 минг тадбиркорлик субъектига 3,6 триллион сўм кредит ажратиш орқали 162,6 мингта янги иш ўрни яратилди. Фойдаланилмай келинаётган 4,8 минг гектар томорқа ерлардан самарали фойдаланиш йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда мазкур йўналишдаги ишлар кўлами, салмоғи янада ортяпти. Аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича 15 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бу масалага алоҳида тўхталиб, янги иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйди.

Президентимизнинг сайловолди учрашувларида жойлардаги эҳтиёж ва аҳоли талабидан келиб чиқиб, ҳудудий дастурлар белгиланган эди. Улар учун келгуси йилда қарийб 75 триллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Эндиги муҳим вазифа бу дастурларни маҳаллагача тушириб, ижросини таъминлашдир.

Йиғилишда бу борадаги чора-тадбирлар муҳокама қилинар экан, келгуси йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари, ишсиз аҳоли ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 13 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилгани айтилдики, бу минг-минглаб ёшлар, хотин-қизларнинг айни дилидаги гап бўлди.

Бинобарин, бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида халқимиз осойишталиги ва улар бахту иқболи, саодатли ҳаётини таъминлашдек эзгу мақсадлар сингдирилган. Зеро, ҳар бир инсон умид билан яшар экан, эртага, индин ёки ундан кейин эмас, бугун ниятига етишини, ҳар бир кунидан рози, мамнун бўлишини истайди. Доимий иш жойи, даромад манбаи бор инсон эса ҳаётдан рози яшайди, юрт тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади. 

Янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартиришда энг катта соҳалардан бири шубҳасиз, қишлоқ хўжалигидир. Келгуси йилда пахта ва ғалладан бўшайдиган 80 минг гектар майдон аҳолига ажратилиши белгиланиб, мева-сабзавотчилик кластерларига 2 триллион сўм, шу соҳадаги лойиҳаларга 100 миллион доллар, томорқаларда маҳсулот етиштириш учун яна 100 миллион доллар йўналтирилиши бундан буён ҳам давлат сиёсати даражасида тизимли ислоҳотлар, янги босқичларда, янгича мазмун-моҳият ила давом этаверишига ишорадир.

Келгуси йилда давлат инвестиция дастури доирасида жами 18 триллион сўмликдан зиёд 1 минг 700 га яқин лойиҳа, тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 22 миллиард долларлик 9 мингта лойиҳа амалга оширилиши бу минглаб, юз минглаб иш ўринлари ташкил этилади, деганидир. 2022 йил халқаро молия ташкилотларидан жалб этилган 2 миллиард 200 минг доллар маблағни ўзлаштириш ҳисобига 109 та лойиҳани амалга оширилиши натижасида 28 минг аҳоли бандлиги таъминланади.

Аҳамиятлиси, яқин истиқболда яна кўплаб ишлар бажарилиши мўлжалланяпти. Бунда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусий секторга солиқлар борасида кўплаб енгилликлар берилган ҳолда, қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга камайтирилади.

Йўл қурилиши, иссиқлик таъминоти, ободонлаштириш хизматлари каби 25 та фаолият туридаги монополияга барҳам берилиб, энди бу соҳаларда тадбиркорлик субъектларига кенг йўл очилади. Қолаверса, ҳар бир фуқарога давлат ҳисобидан аниқ касб-ҳунарга ўқиш имконияти яратилади. Бу борада касбга ўқитиш кўлами 2 баробар оширилиб, жами 1 миллион нафар ишсиз фуқаро касб-ҳунарларга ўқитилади.

Яна бир муҳим жиҳат, эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан таъминлаш даражаси ҳозирги 60 фоиздан 100 фоизга етказилади. Бу жараёнда ЎзЛиДеП давлатимизнинг ушбу йўналишдаги сиёсатига ҳамоҳанг иш олиб бораётгани, Президентимизнинг камбағалликни қисқартиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини амалий ишлар билан қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. 

Мисол учун, партиямиз “Ёшлар қаноти” томонидан жорий йилда “1+1” (бир тадбиркорга биттадан кўмакка муҳтож ёшни бириктириш), “Сен юртга кераксан”, “Ёш ва муваффақиятли тадбиркор”, “Тадбиркорликка илк қадам”, “Ҳар бир ёшга бир гектар” каби лойиҳалар амалга оширилди. Шунинг баробарида ёшларга ер ажратиш ва ундан самарали фойдаланиш масалалари бўйича мулоқотлар, “замонавий касблар” онлайн маҳорат дарслари, йигит-қизларнинг илғор фермерлар, тадбиркорлар билан учрашувлари ўтказилди. 

Ёшлар ўртасида стартап лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳудудларда мутасаддилар билан биргаликда ўтказилган тушунтириш-тарғибот ишлари ўз натижасини берди. Партиянинг “Аёллар қаноти”, Бизнес тузилмалар ва фермерлар билан ишлаш ва бошқа бўлимлари мазкур йўналишда самарали фаолият юритди. Бундан буён ҳам шу каби лойиҳалар, тадбирлар янада такомиллаштирилган ҳолда изчил давом эттирилади.

Хулоса ўрнида айтганда, камбағалликни келтириб чиқарувчи омиллардан энг биринчиси бу — ишсизлик. Ишсизликни бартараф этиш – бу камбағалликни қисқартириш, дегани. Бу борада одамларга ердан тўғри фойдаланишни, томорқадан йилига икки-уч маротаба ҳосил олишни ўргатиш энг тўғри ва оқилона йўлдир. Зотан, бу орқали қанча одам ишли бўлади, оилаларга даромад, барака киради.

 

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    809
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+