2022 йилги давлат бюджетида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

18.11.2021, 15:20

2022 йилги давлат бюджетида қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Келгуси йилга мўлжалланаётган давлат бюджети маблағларини ҳам жамият манфаати ҳисобга олиниб, халқ ҳаётини янада яхшилаш учун турли соҳаларга йўналтириш мўлжалланяпти. Эътиборлиси, бунда маблағлар тақсимланиши, йўналтирилишида баъзи ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.    “2022 йил учун Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасида, хусусан, қуйидаги янгича ёндашувлар акс этган:  

Иқтисодий ўсиш жараёнида тармоқлар ичидаги масалаларни тезкорлик билан амалга ошириш ва биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг ваколатини кенгайтириш мақсадида уларга маҳаллий бюджетлардан маблағ олувчи қуйи ташкилотларига ўзларига ажратилган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини 10 фоизгача Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан йўналтириш ҳуқуқи берилмоқда.

Бундан ташқари, маҳаллий бюджетлар даромадларини ошириши мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига ўтказиладиган тушумларга қўшимча тарзда тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғи бўйича тушумлар тўлиқ ҳажмда ўтказилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларига қўшимча тарзда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тушумларини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларига кўра, туманлар ва шаҳарлар бюджетларига тўлиқ ҳажмда йўналтириш ваколати берилмоқда.

Яна бир ўзгариш шуки, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулияти ва манфаатдорлигини кучайтириш ва ваколатларини кенгайтириш мақсадида қуйидаги харажатлар маҳаллий бюджетларга ўтказилмоқда:

- адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун ҳақ тўлаш;

- кўп квартирали уй-жой фондига туташ ҳудудларни таъмирлаш харажатлари ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимига кирувчи иссиқлик таъминоти ташкилотларининг иссиқлик тармоқлари ва қозонхона ускуналарини капитал таъмирлаш харажатлари.

Шунинг баробарида консолидациялашган бюджет таркибига илк бора бюджетдан ташқари жамғармалар ҳам киритилмоқда.

Лойиҳадан мамлакатимизнинг ҳар томонлама жадал тараққиётига хизмат қилувчи бошқа талай ўзгаришлар ҳам ўрин олган.

Комилжон Эрназаров,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    487
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+