2022 йилги Давлат бюджетида тиббиётни ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиш кўзда тутилган

18.11.2021, 15:23

2022 йилги Давлат бюджетида тиббиётни ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиш кўзда тутилган

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги барча қўмиталарда “2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси атрофлича кўриб чиқилди. Ҳар бир қўмита ўзининг йўналишидан келиб чиқиб, соҳаларда ажратилаётган маблағларни муҳокама қилди.

Давлат бюджети даромадларидан келиб чиқиб, келгуси йил учун Давлат бюджети харажатлари 214,8 трлн. сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25,6 фоиз миқдорида белгиланмоқда.

Барча соҳалар қатори 2022 йилда Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам 23,0 трлн. сўмга яқин маблағ ёки 2021 йил тасдиқланган режага нисбатан 17 фоизга кўп маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Сир эмаски, коронавирус пандемияси тарқалган вақтда замонавий тиббиётнинг қанчалик инсон саломатлигини асрашда муҳимлигига яна бир бор амин бўлдик. Чиндан ҳам ушбу соҳани ривожлантириш, айниқса, чекка ҳудудларда сифатли тиббий хизматни йўлга қўйиш, сўнги русумдаги ускуналарни амалиётга жорий қилиш аҳолининг саломатлигини сақлашда, касалликларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олишда жуда катта фойда беради. Ваҳоланки, бунга соҳада қилинган ислоҳотлар натижасида юз берган кўплаб ўзгаришлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Шундай экан, давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар ҳам ана шу мақсадларга сарф этилади ва тиббиёт сифати янада яхшиланади.

Хўш, ажратиладиган маблағлар айнан нималарга сарфланади ва бу аҳолига қандай наф беради, деган савол туғилиши табиий.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилиниб, молиялаштиришнинг янги механизми асосида уларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизими жорий этилади. Яъни, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда бошқа давлат ва хусусий тиббиёт муасассаларида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни бепул даволаниш (тиббий йўлланма) харажатлари учун 589,0 млрд.сўмдан зиёд маблағ кўзда тутилиб, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ва тиббиёт ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномага мувофиқ беморларнинг даволаниш харажатлари тўлиқ қопланади.

Қолаверса, болалар, туғиш ёшидаги, ҳомиладор ва эмизикли аёлларни махсус препаратлар билан таъминлаш, онкологик ёрдам ва онкология хизматини ривожлантириш, буйрак ва жигар трансплантацияси учун жарроҳлик амалиётини ўтказган беморларнинг дори-дармон воситалари билан таъминлаш учун ҳам маблағлар ажратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, тиббиёт объектларини қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлашга ҳам 458 700,0 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилади. Албатта, тиббиётнинг яна бошқа кўплаб йўналишларини ривожлантириш учун ажратиладиган маблағлар ҳам мақсадли йўналтирилади.

Айтиш керакки, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”да ҳам айнан тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш бўйича қатор вазифалар белгиланган. Кўриниб турибдики, давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар ҳам стратегиядаги режадан келиб чиқиб, йўналтирилмоқда. 

Мавлудахон Ибрагимова,

Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    369
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+