2022 йилги Давлат бюджетида таълим соҳасига ҳам катта эътибор қаратилган

18.11.2021, 17:48

2022 йилги Давлат бюджетида таълим соҳасига ҳам катта эътибор қаратилган

Жаҳон ҳамжамиятида иқтисодиётнинг барча соҳа ва тармоқлари шиддат билан ривожланаётган даврда ҳар бир давлатнинг тараққиёти бевосита таълим жараёнлари билан чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда Президентимиз томонидан ёшларимизнинг таълим-тарбияси, таълим тизимининг барча соҳаларини ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланган бўлиб, бу жабҳаларда узоқни кўзланган янгича ёндашувлар, жуда муҳим ижобий ўзгаришлар, ҳаётий ва хорижий тажрибаларга ҳамда чуқур таҳлилларга асосланган ислоҳотлар жараёни кечмоқда. Давлат бюджети эса ижтимоий соҳаларнинг, шунинг ичида таълим тизимининг тараққий этишида жуда муҳим фактор ҳисобланади.

Давлат бюджетида таълим тизимига ажратилаётган маблағлар миқдори давлатимизнинг ижтимоий ривожланишини белгиловчи асосий кўрсаткичлардан биридир. Сабаби, таълим тизимининг тараққий этиши давлатимиз иқтисодиётининг ривожланиши учун малакали кадрлар билан таъминлаш жараёнини такомиллаштириш билан бирга жамият аъзолари дунёқарашининг кенгайишига, ўзларининг мақсадларига етишларида, моддий жиҳатдан фаровонликка эришишида ҳамда соғлом турмуш тарзида яшашига таъсир қилади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида муҳокамадан ўтаётган 2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларига ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари Мактабгача таълим вазирлигига 6,679296 трл. сўм, Халқ таълими вазирлигига 26,466065 трл. сўм, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига 4,170822 трл. сўм этиб белгиланган. Бу ажратилган маблағлар таълим тизиминиг барча бўғинларида янги ислоҳатларни амалга ошириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқув жараёнига ахборот-коммуникацион технологияларни кенг жалб этиш, кенг полосали интернет тармоғига уланишларни таъминлаш, янги ўқув биноларни қуриш, реконструкция қилиш, жиҳозлаш ва шу каби кенг кўламли ишларни амалга ошириш имкониятларини беради.

Давлат бюджетини ишлаб чиқишда Олий таълим тизимида олий таълим ташкилотларида қабул квоталарининг кўпайиши, янги ОТТлар ва йўналишларнинг, сиртқи ва кечки таълим турларининг очилиши натижасида талабалар контингентининг ошиши, Президентимиз белгилаб берган олий таълим ташкилотларга академик ва молиявий мустақиллик бериш, ўқув жараёни билан ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш, ўқув жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни кескин камайтириш каби устувор вазифаларни амалга ошириш асос қилиб олинган.

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O‘zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    277
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+