Кимё саноати: изланиш, тараққиёт ва самара

19.11.2021, 15:25

Кимё саноати: изланиш, тараққиёт ва самара

Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида кимё саноатида амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва янги лойиҳалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Унда ўтган даврда соҳада эришилган натижалар атрофлича таҳлил қилиниб, галдаги муҳим масалалар белгиланди. Давлатимиз раҳбари соҳада амалга оширилатётган лойиҳалар тармоқдаги улкан имкониятларга нисбатан етарли эмаслигини, инвестиция жалб этиб, маҳсулотларни кўпайтириш мумкинлигини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, келгуси йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 12 триллион сўмга, экспортни 380 миллион долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди. Соҳани рақамлаштириш, корхоналарда операцион харажатлар ва энергия сарфини қисқартириш орқали маҳсулот таннархини камайтириш вазифаси қўйилди.

Айтиш керакки бундай саноат тармоқларини ташкил этиш ички бозорни ривожлантириш, шунингдек, экспорт товарлари ҳажмини оширишга хизмат қилади. Яъни соҳада янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ўзлаштирилиши, соҳа корхоналарининг халқаро кўргазмаларда фаол иштирок этган ҳолда, дунё бозорига интеграциялашуви туфайли тизимнинг экспорт салоҳияти ўз ўзидан ошиб боради ва илгари кимё саноати маҳсулотлари яқин қўшни давлатларга сотилган бўлса, эндиликда МДҲ, Европа, Жанубий, Жануби-Шарқий Осиёнинг қатор мамлакатларига экспорт қилиниши учун имконият юзага келади.

Бундан ташқари йиғилишда янги корхоналарни кадрлар билан таъминлаш муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди. Шу мақсадда келгуси йилда 6 минг нафар олий ва ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш мўлжалланган. Тармоқдаги 6 та корхона негизида ўқув марказлари ҳамда Чирчиқ шаҳрида ишчи-мутахассислар тайёрлаш мажмуасини ишга тушириш белгиланган. Энг асосийси мутахассисларни кимё саноатининг бугунги ривожи ва иш берувчининг талаблари асосида тайёрлаш муҳимлиги белгиланди. Кўриниб турибдики, соҳа қанчалик ривожланса, ёшларни иш билан таъминлаш кўлами ҳам шунчалик ортаверади.

Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимиз кимё тизимидаги бу каби улкан ўзгаришлар, янгиланишлар ҳамда диверсификациялаш жараёнлари қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон, нефть-газ, тўқимачилик, лок-бўёқ, автомобиль, қурилиш саноати, айниқса, кичик бизнеснинг янада равнақ топишига, умуман, иқтисодиётимизнинг барқарор суръатларда ривожланишига пухта замин яратмоқда.

Нуриддин Султонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    883
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+