Яқинда кучга кирган қонун ерни хусусийлаштириш жараёнларидаги салбий ҳолатларга буткул барҳам беради

22.11.2021, 16:26

Яқинда кучга кирган қонун ерни хусусийлаштириш жараёнларидаги салбий ҳолатларга  буткул барҳам беради

Президентимиз шу йил 20 августда мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказганди. Эътиборлиси, мазкур учрашув олдидан тадбиркорларни қийнаётган муаммолар сўралган ва бир неча кун ичида турли масалаларга оид 15 мингдан ортиқ мурожаатлар бўлганди. Давлатимиз раҳбари мулоқот чоғида уларни ҳал қилишга қаратилган 7 та муҳим йўналиш, хусусан, ер ажратилиши билан боғлиқ йўналишни кўрсатиб ўтди.  Бундай муаммолар кўплаб ишбилармонларни қийнаяпти. Бу масала бўйича Президентга 4 мингдан зиёд мурожаат бўлган.  Бу эса ер муносабатларида ҳал қилиниши зарур турли масалалар, бюрократик ва бошқа тўсиқлар тўпланиб қолганини англатади. Охирги икки йилда ҳокимларнинг ер ажратилиши, тасарруф қилинишига доир  2 минг 500 та қарори бекор қилингани, қарийб 600 мансабдорга ер қонунчилиги бўйича жиноят иши қўзғатилгани кўпчиликка маълум.

Бу борада муаммолар кўплигига бевосита шоҳид бўлганмиз. Мисол учун, кейинги йилларда O‘zLiDeP вакили, халқ ноиби сифатида тадбиркорларни ташвишлантираётган масалалар муҳокама қилинган юзлаб мулоқотларда қатнашдик. Асоссиз равишда тадбиркорга ер ажратилмаслиги, ер майдони  тортиб олиниши, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ёки ер майдонидан фойдаланишга тўсқинлик қилиниши  сингари муаммолар ўртага ташланмаган бирорта тадбирни эслай олмайман. Шу сингари муаммолар, айниқса, ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин муҳоакама қилинарди.

Яқинда ҳудудларда бўлиб ўтган, президентликка номзод Шавкат Мирзиёев иштирок этган сайловолди учрашувларида ҳам фуқаролар томонидан бошқа масалалар қатори ер ажратилишига тааллуқли муаммолар ҳам тилга олинганини яхши биламиз. Номзод шу масала тўғрисида гапириб, ер халқни боқаётган мулк экани, ерга бўлган муносабатни бутунлай ўзгартириш зарурлигини таъкидлаб, соҳада қонун устуворлигини таъминлаш бўйича мақсад ва режаларини баён қилди.

Кеча Президентимиз “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Бу ҳужжатни тадбиркорлар, умуман, аҳолининг турли қатламлари вакиллари мамнуният билан қарши олишди. Чунки қонун бу йўналишдаги мавҳумликлар, чалкашликлар, бюрократик тўсиқлар, шаффофликнинг йўқлиги каби иллатларга барҳам беради.

Қонунда назарда тутилган айрим меъёрларни келтирамиз. Қуйидаги ерлар хусусийлаштирилиши мумкин: юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик учун берилган ерлар; фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик учун берилган ерлар (илгари ЯТТларнинг хусусийлаштирилиши назарда тутилмаган); хусусийлаштириладиган давлат объектлари жойлашган ерлар (илгари бунга рухсат берилмаган); бўш турган ерлар.

Ер участкалари қуйидаги шаклларда хусусийлаштирилади: умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ерни сотиб олиш; ерни электрон онлайн-аукцион орқали сотиб олиш. Хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар давлат бюджетига йўналтирилади (илгари Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилган).

Aриза ДХМ ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали берилади. Ариза кўриб чиқилиб, хабарнома шаклда ижобий ёки салбий қарор қабул қилинади. Салбий қарор асослантирилган  бўлиши шарт.

Мазкур ҳужжатда  хусусийлаштиришни рад этиш учун асослар ҳам бирма-бир, аниқ тарзда баён этилган.

Бўш турган ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали хусусийлаштирилади. Ерга бўлган мулк ҳуқуқи учун давлат ордери ер учун тўлов қилинганидан сўнг 1 иш кунида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан берилади.

Пировардида шуни қайд этишни истардикки, бугунги кунда ерга талаб тобора ортиб боряпти. Ўтган йилларда айрим кимсалар қинғир йўллар билан ер сотиб ёки ижарага бериб,  мўмай даромад орттиришга уриндилар. Ушбу қонун шу каби салбий кўринишларга батамом чек қўйишига ишончимиз комил.  Эндиликда биз – партия фаоллари мазкур қонун ижроси юзасидан жамоатчилик назорати ўрнатилишига бош-қош бўлишимиз лозим. Зеро, ер умуммиллий бойлигимиз ва ундан оқилона фойдаланиш орқали тўкинлик, фаровонлик  яратилади.

Актам Хаитов,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси

  • Кўрилди
    272
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+