“Қари билганни пари билмас” ёхуд O'zLiDeP ҳузурида тузилаётган Фахрийлар Кенгаши ҳақида

22.11.2021, 17:01

“Қари билганни пари билмас” ёхуд O'zLiDeP ҳузурида тузилаётган Фахрийлар Кенгаши ҳақида

Бугунги шиддат билан кечаётган жадал ислоҳотлар, янгиланишлар даврида кўплаб ташкилотлар, жумладан, партиямизда ҳам раҳбарлик ва бошқа лавозимларда асосан ёшлар ҳамда ўрта ёшлилар ишлаяпти. Бу, албатта, яхши.  Лекин шу билан бирга партия ходимларига кексалар, катта ҳаётий ва иш тажрибасига эга бўлган фахрийлар ҳар жиҳатдан ўрнак ва намуна бўлишлари фойдадан ҳоли бўлмайди. Шу ўринда кичик ривоятни келтириб ўтмоқчиман.

Қадим замонда бир подшо сафарга чиқмоқчи бўлиб, ўз вилоятидаги ҳамма ёш йигитларни чақиртирибди.

Подшога қарашли бир қишлоқда саксон ёшли камбағал чол ёлғиз ўғли билан яшар экан. Бу йигит нима қилишини билмай, отасини ҳам ўзи билан бирга сандиққа солиб, олиб кетишга мажбур бўлибди.

Шундай қилиб, подшо ўз йигитлари билан сафарга жўнабди. Йўлда улар катта саҳродан чиқишибди. Мешдаги сувлари тугаб қолган экан. Ҳаво иссиқлигидан, сувсизликдан отлар ҳам ҳолдан тойибди. Подшо йигитларга қандай бўлмасин, сув топишни буюрибди. Йигитлар нима қилишларини билмай қолишибди. Шунда ҳалиги йигит отасига маслаҳат солибди:

– Ота, сув топишнинг иложи бўлмаяпти, – дебди йигит.

– Ўғлим, подшога айт, бир отни сўйдирсин, отнинг гўштига ари келади. Ари гўштдан еб, сувга қараб учади. Арининг кетидан борсаларинг, сувни топасизлар, — дебди чол.

Йигит отаси айтган гапларни подшога етказибди. Отни сўйишибди, қанорага илишибди, арилар келиб қўнишибди, кейин сувсаб қолиб, уча бошлашибди. Арининг кетидан булар ҳам йўлга тушишибди. Юриб-юриб бир дарё ёнидан чиқишибди. Ҳаммалари қувониб, тўйиб-тўйиб сув ичишибди, отларни суғоришибди, мешларга ҳам тўлдириб олишибди.

Бу воқеани гувоҳи подшо йигитни ўз ёнига чақиртирибди ва:

– Сен ўзинг ёш йигитсан-у, бундай қийин масалаларга қандай қилиб йўл топдинг? – дебди подшо.

– Тақсир, бир қошиқ қонимдан кечсангиз, айтаман, – дебди йигит.

– Айт, – дебди подшо.

– Мен қишлоқда қари отам билан яшар эдим. Сафарга чиқаётганимда қари отамни ёлғиз ташлаб келишга кўнглим бўлмай, уни сандиққа солиб, ўзим билан бирга олиб юрибман. Бу маслаҳатни менга отам берган эди, – дебди йигит.

Подшо чолни олиб келишни буюрибди. Йигитлар чолни олиб келишибди. Подшо чолга раҳматлар айтиб ўз ёнига ўтқазибди.

Қиссадан ҳисса шуки халқимиз “Қари билганни пари билмас” дея бежиз айтмаган.

Шу маънода ёши улуғларнинг доно  йўл-йўриқлари  партия ходимларини хатолардан асрайди, тўғри ва оқилона йўлни кўрсатади.

Албатта, шу пайтгача O'zLiDeP ўз иш фаолиятида кўпни кўрган, тажрибали, ёши улуғ инсонлар маслаҳатларига доимий равишда таяниб келмоқда. Бироқ, айтиш мумкинки, бу ишлар тарқоқ, тизимли  йўлга қўйилмаган ва турли-туман субъектив омилларга боғлиқ бўлиб қолган эди.  Қолаверса, ҳамма жойда ҳамма соҳада бўлгани каби партиямиз тузилмаларига янги, ҳали тажрибасиз ходимлар ҳам ишга олинмоқда. Ушбу ходимларда ишга бўлган масъулият ва кўникмаларни шакллантириш, касбга садоқат руҳини сингдириш каби зарур маслаҳатларни беришда фахрийларни ўрни беқиёс.

Ана шулардан келиб чиқиб, O'zLiDeP ҳузурида Фахрийлар кенгашини тузишга қарор қилинди.

Кўпчиликда фахрийлар кенгашини ташкил қилишдан кўзланган мақсад нима, бу тузилма нималар билан шуғулланади, деган савол туғилиши табиий. Аниқроқ айтадиган бўлсак, бу кенгаш  партиямиз мафкуравий ва сиёсий фаолиятини мустаҳкамлаш, партия фахрийларининг ижтимоий фаоллигини кучайтириш,  давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга партия позициясидан келиб чиқиб таклифларни тайёрлаш, партия кенгашлари томонидан ўтказилаётган оммавий-сиёсий, маданий тадбирларни ўтказиш ва партия фаолиятига тааллуқли бошқа кўплаб ишлар амалга оширилишига кўмаклашади.

Ишончимиз комилки,  тузилаётган Фахрийлар кенгаши партиямиз нуфузи янада юксалиши, фаолияти такомиллашуви ва қамрови кенгайиши, ўтказаётган турли тадбирларимиз, лойиҳаларимиз савияси ва энг асосийси ҳаётийлигини янада  яхшиланишига муносиб ҳисса қўшади.

Акбар Музаффаров,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

Мафкуравий ишлар бўлими мудири

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    282
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+