Президент кутубхонаси билимли, маънавиятли, зукко, илмга чанқоқ, ватанпарвар ёшлар масканига айланади
23.11.2021, 19:07
Ўзбекистон Миллий боғи яқинида Президент кутубхонаси қурилиши ҳақидаги хабарни кўриб очиғи жуда хурсанд бўлдим. Қувончимнинг боиси шундаки, энди мамлакатимизда ҳам худди дунёнинг ривожланган мамлакатлари, мисол учун АҚШдаги Конгресс кутубхонаси, дунёдаги қўлёзма, китоб, харита, журнал ва бошқа манбаларнинг энг бой фондига эга бўлган Британия кутубхонаси, Ж.Кореянинг Сежон миллий кутубхонаси каби замонавий шарт-шароитларга эга улкан кутубхона бўлади.
Ушбу кутубхона 4 қаватли қилиб қурилади. Бу ерда бир вақтда 1 минг 400 дан зиёд ўқувчига хизмат кўрсатиши кўзда тутилган. Кутубхонада 1 миллион 500 мингта китоб сақланиши билан бирга электрон адабиётлар, мультимедиа маҳсулотлари ҳам бўлади. Давлатимиз раҳбари бу мажмуани қуришда энг замонавий технологиядан фойдаланиш бўйича алоҳида топшириқ бердилар.
Тарихдан маълумки, бой кутубхоналарга эга бўлган давлатларда қадимдан фан ва маданият яхши ривожланган буюк олим ҳамда машҳур кишилар етишиб чиққан. Бу исбот талаб этмайдиган ҳақиқатдир.
Масалан Искандар Зулқарнайннинг жаҳонгирга айланиши учун устози Арастунинг хизмати анча бўлса, Румда туриб бутун дунё сирларини билган Арастунинг донишманд даражасига етишишида унга босиб олган юртлардан китобларни юбориб турган шогирди Искандарнинг хизмати катта бўлган.
Тан олиш керак, интернет ривожланган ҳозирги даврда ҳаммаям кутубхонага бориб китоб ўқийди дея олмаймиз. Зарур бўлганда кўпчилик СМАРТ телефонлар ёки компьютер орқали электрон китоб ўқийди. Янги кутубхонада ана шу омилларни ҳисобга олиб, одамларни, айниқса ёшларни китоб ўқишга қизиқишини кучайтириш мақсадида турли интерактив лойиҳалар ҳам жорий этилиши кўзда тутилмоқда.
Телефонда ёки компьютерда китоб ўқиш яхши лекин, унинг инсон саломатлигига зарарини асло унутмаслик керак. Олимлар, мобиль телефонлардан фойдаланган болалар, хотира ва уйқу бузилиши хавф-хатарига кўпроқ дучор бўлишлари ҳақида огоҳлантирганлар. Уларнинг асосий сабаби, суст ҳаракатдаги электромагнит тўлқинларининг боланинг кичкина ва нисбатан ингичка мия қобиғига кириб боришидир. Қолаверса, шифокорлар уяли телефонга боғланиб қолиш, хотиранинг бузилиши ва фикрни бир жойга жамлаш хусусиятининг сусайиши, доимий толиққанлик синдроми, кўз оғриғи ва қадалиши, кўз шиллиқ қаватининг қуриши, кўриш қобилиятининг жуда тез пасайишига олиб келишини таъкидлайдилар.
Энди китоб мутоласининг фойдаси ҳақида икки оғиз сўз. Эмори университети олимлари китоб ўқиган инсоннинг ақлий салоҳияти бир неча кун давомида юқори ҳолатда бўлишини исботлашди. Тадқиқот муаллифлари китоб ўқиш миядаги асаб толалари сонини оширишини таъкидлашмоқда. Ҳар сафар китоб ўқилганида мия фаол ишлайди. У олинаётган маълумотни сақлаш учун янги толаларни яратади. Тадқиқотларда аниқланишича, доимий равишда китоб ўқийдиган инсонларда фикрлаш қобилияти бошқаларга нисбатан секинроқ пасаяр экан.
Огайо штати университети олимлари инсон қанча кўп китоб ўқиса, ҳаёт йўлини шунчалик аниқ танлашини таъкидлашмоқда. Китоб ўқиш ҳаётдаги тўсиқларни енгишга ҳам ёрдам беради, дейишмоқда улар. Бундай мисолларни яна давом эттириш мумкин.
Ўз-ўзидан аёнки, китоб ўқиш, бу – ҳаётдаги ўсиш, илгарилаш, ривожланиш, камол топиш, ўзини ўзи тарбиялаш, мустақил таълим олишдир. Демак, у инсонга фойда келтиради, ўзига ишончини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида аҳолини, айниқса ёшларни китобхонликка жалб қилиш, йирик кутубхона қуришдан кўзланган мақсад аниқ. Яъни Янги Ўзбекистонни билимли, маънавиятли, зукко, илмга чанқоқ, ҳаётда ўзининг қатъий позициясига эга, ватанпарвар ёшлар билан қуришдан иборатдир.
Шахноза Холмахматова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O'zLiDeP фракцияси аъзоси
Ўхшаш янгиликлар
-
Давлат дастуридан келиб чиқадиган партия ва фракция олдидаги вазифалар муҳокама қилинди
26.02.2024, 17:32
-
Депутат мактаб кутубхонасига 100 дан ортиқ бадиий асарлар ва адабиётлар туҳфа қилди
14.02.2024, 17:23
-
Муҳим ва устувор вазифалар белгилаб олинди
31.01.2024, 17:49
-
“Аёллар дафтари” билан манзилли ишлашнинг шаффоф механизми яратилади
30.01.2024, 12:28
-
Депутат жарқўрғонлик тадбиркорлар муаммосини ўрганди
30.01.2024, 10:11
Фикрингизни қолдиринг