Муқобил энергия манбалари инновацион тараққиётга хизмат қилади

24.11.2021, 10:01

Муқобил энергия манбалари инновацион тараққиётга хизмат қилади

Бугунги кунда Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларидан амалий фойдаланиш бўйича ишлар изчиллик билан олиб борилаяпти. Нега деганда, нефть, газ каби анъанавий энергия манбаларининг захираси чекланган. Қолаверса, уларнинг табиатга зарари ҳам кўп. Шу боис ривожланган давлатлар “яшил” энергетикага ўтмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар нафақат бугун, балки келажак учун жуда муҳим.

Мамлакатимиз сув оқимлари, қуёш нури, шамол, биомасса ва геотермал ресурслар каби неъматлардан фойдаланиш бўйича қулай имкониятларга эга. Уларни ўзлаштириш республикада табиий ресурсларни келгуси авлодлар учун асраб қолган ҳолда, энергетикани барқарор ривожлантиришни таъминлашнинг зарур шарти ҳисобланади.

Президентимиз раислигида қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш ва соҳани ривожлантириш масалалари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда бу борада қилиниши керак бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, 2022-2024 йилларда 3 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига, жами қуввати қарийб 3 минг мегаваттли 10 та қуёш ва шамол электр станцияларини барпо этиш режалаштирилган.

Келгуси йилда Хоразм, Бухоро, Қашқадарё, Наманган ва Фарғона вилоятларида жами 900 мегаваттли яна 5 та қуёш электр станциясини барпо этиш бўйича инвесторлар танлови якунланади.

Давлатимиз раҳбари, аввало, шу лойиҳаларга эътибор қаратиб, уларни ўз вақтида ишга тушириш юзасидан кўрсатмалар берди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлигига халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда янги лойиҳалар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Президентимиз йирик саноат корхоналари ҳам ўз таъминоти учун қайта тикланувчи энергия манбалари ташкил этиши зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорларнинг қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишини қўллаб-қувватлаш кераклиги айтилди.

Эътиброрга молик жиҳати келгусида қуриладиган қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш учун бутловчи қисмлар ва материалларни юртимизда ишлаб чиқариш орқали лойиҳаларни арзонлаштириш мақсадида бундай маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Ўз ўрнида видеселекторда белгилаб берилган вазифалар биз депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Шундан келиб чиқиб, айни кунларда тегишли қонун лойиҳаларини янада маромига етказиш, парламент назорати усулларидан самарали фойдаланиш, тарғибот-тушунтириш тадбирларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.

Бир сўз билан айтганда, республикамизда қайта тикланувчи энергия ресурсларини тадқиқ этиш ва жорий қилиш ишларини янада юқори даражага кўтариш, мавжуд муаммоларга ўз вақтида ташкилий-ҳуқуқий, илмий-техник, инновацион ечимлар топиш юрт равнақи, эл фаровонлигини юксалтириш, аҳоли саломатлиги, атроф-муҳит мусаффолигини янада самарали таъминлаш, инновацион тараққиётга хизмат қилади.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    650
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+