Томорқачиликни ривожлантириш учун келгуси йили 100 млн АҚШ доллари ажратилади

25.11.2021, 16:43

Томорқачиликни ривожлантириш учун келгуси йили 100 млн АҚШ доллари ажратилади

Аслида томорқа битмас-туганмас хазина, даромад манбаи. Бу ҳақда кўп гапирилаётган ва ёзилаётган бўлса-да, мамлакатимизнинг баъзи ҳудудларда томорқачилик соҳасини ривожлантириш, унда экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга етарли эътибор қаратиляпти, деб бўлмайди.

Президентимиз раислигида қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш, мева-сабзавотчилик кластерлари ҳамда томорқа хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишиида бу ҳақда айтиб ўтилди ва соҳани жадал ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Энг қувонарлиси, давлатимиз раҳбари 500 минг гектардан зиёд томорқадан самарали фойдаланиш учун келгуси йил 100 миллион АҚШ доллари ажратилишини қайд этди.

Ҳар бир фуқаронинг ўз томорқасидан унумли фойдаланиши ва томорқада деҳқончиликни йўлга қўйиш учун оилавий тадбиркорлик дастури шартлари асосида имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланди. Самарали фаолият юритаётган томорқа хизмати корхоналари негизида 35 та томорқа хизмати кластери ташкил этилиши айтиб ўтилди. Уларда кўчатчилик иссиқхонаси, кичик техника парки, совуткичли омборхона, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш цехи, инкубатор, ем ишлаб чиқариш каби хизматлар жамланади.

Йиғилишда Президентимиз томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш мақсадида ҳар бир туманда кооперациялар ташкил этиш зарурияти мавжудлигини қайд этиб, уларга омборхоналарни жиҳозлаш, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилиш учун 30 фоизгача субсидия берилишини айтди. Томорқа хизмати корхоналарига уруғлик, кўчат, мини техника харид қилиши ҳамда айланма маблағ учун, ҳоким ёрдамчилари кафиллиги асосида 300 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилиши ҳам бу соҳани изчил ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Яна бир имконият ҳақида айтиб ўтадиган бўлсам, сув таъминоти оғир томорқа ерлари ва фойдаланишдан чиққан майдонларни суғориш харажатларининг бир қисмини бюджетдан қоплаш тартиби 2026 йил 1 январга қадар узайтирилади.

Яна бир муҳим масала сифатида шуни алоҳида қайд этиш жоиз, келгуси йил пахта ва ғалладан қисқартириладиган 80 минг гектар ер аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 10 сотихдан 1 гектаргача, 10 йил муддатга ижарага бериляпти. Бунда асосий мезон – томорқадан самарали фойдаланиш ва яратиладиган иш ўринлари бўлади. Танловда деҳқончиликда тажрибаси бор аҳоли, шунингдек, 3 та ижтимоий дафтарга кирган оилалар иштирок этиши белгиланмоқда. Очиқ электрон танловда ҳар бир талабгорнинг ҳозиргача ўз томорқасидан қандай фойдаланаётганига янги жорий этилаётган ҳоким ёрдамчилари баҳо бериб бориши ҳам адолатли мезонлардан биридир. Ушбу ерларда деҳқончилик учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида сабзавот, полиз ва дуккакли экинлар экишга 6 ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача кредит ажратилади.

Эътибор қилаяпсизми, томорқачиликни ривожлантириш учун давлатимиз томонидан шунча имконият ва имтиёз бериляпти. Шундай экан, ҳар бир киши ўз ихтиёридаги бир парчагина бўлса-да томорқасидан унумли фойдаланса, ўз рўзғори тўкинчилигига, бозорларимиз мўл-кўлчилигига, қолаверса, оиласи бюджетига катта ҳисса қўшган бўлади.

Барно МИРЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    340
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+