O'zLiDeP фаоли аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида “Гулбулоқ чашмаси” ННТ ташкил қилди

28.11.2021, 12:05

O'zLiDeP фаоли аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида “Гулбулоқ чашмаси” ННТ ташкил қилди

Аҳолининг энг долзарб масалаларидан бири ичимлик суви муаммоси бўлиб келган. Аслида соғлом турмуш тарзининг биринчи талаби ҳам ичиладиган сувнинг тозалиги ва табиийлигидир. Сайхунобод туманининг “Гулбулоқ”  маҳалласи аҳоли ҳам кўпдан бери ичимлик суви таъминоти йўқлигидан азият чекарди.

Шу маҳаллада истиқомат қилаётган тадбиркор Абдурасул Қаршибоевнинг бу муаммонинг ечимини топиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари бесамар кетмади. Ҳукуматимиз томонидан нодавлат-нотижорат ташкилотлари фаолиятига берилаётган эътибордан руҳланиб, маҳалла аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида “Гулбулоқ чашмаси” ННТ ташкил қилишга киришди.  Барча ҳужжатларни тайёрлаб, 22,0 млрд сўмлик  грант танловга лойиҳа тайёрлади ва ғолиб бўлди.

Лойиҳа асосида 58 та кўчадаги 1202 хонадон, 1 та мактаб ва 4 та давлат ҳамда 2 та давлат хусусий шерикчилик асосидаги мактабгача таълим ташкилотларини тоза ичимлик суви билан таъминловчи 2 та сув қудуғи қурилишини бошлади. Сув тармоғи 50,3 километрни ташкил қилиб, 180 та ерости қудуқлари орқали 14 та марказлашган ҳолда бошқарилувчи тармоққа уланди. Бугунги кунда тоза ичимлик сувидан 6211 нафар аҳоли фойдаланаяпти.

“Гулбулоқ чашмаси” ННТ аҳолига ҳаёт чашмаси тарқатиш баробарида-маҳалланинг беш нафар фуқаросини ҳам ишли қилди. Тоза ичимлик сувини хлорлаш жараёнлари, сувни тақсимлаш компьтерлаштирилиб, унинг ҳисоб-китобини олиб бориш учун ичимлик суви ҳисоблагичлари ўрнатилган. Ишчилар бу жараёнларнинг мукаммал бажарилиши, аҳолининг ичимлик сувини беҳудага исроф қилмасликлари учун сув ўлчаш асбобларининг ўрнатилишини, тўловларнинг бажарилишини назорат қилиб боришади.

Тадбиркор Абдурасул Қаршибоевнинг келгусидаги режалари катта. “Гулбулоқ чашмаси” ходимлари учун барча қулайликларга эга бўлган бино қурмоқчи. Сув тармоғини кенгайтириш ниятида режа-тадбир тузиб, ишни бошлаб юборган. Тадбиркор ЎзЛиДеП Сайҳунобод туман Кенгаши раиси Абдужаббор Эрназаров билан партияси аъзоси сифатида фаоллик, замон талаби даражасида ишлаш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш борасида суҳбатлашиб туради. Шу аснода партия аъзолари саналган ходимларининг сиёсий саводхонлигини оширишда тарғибот тадбирларини биргаликда ўтказишади.

“Гулбулоқ чашмаси” ННТ раҳбари А.Қаршибоев инсонларга нафақат тоза ичимлик суви, балки уларнинг маънавий чанқоғини қондиришда ҳам фаол. Зеро, тадбиркорлик фақат моддий манфаатдорликдан иборат эмаслигини Абдурасул Қаршибоев яхши билади.

O'zLiDeP Сирдарё вилоят кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    538
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+