Конституциямиз – мустақиллигимиз, тинчлигимиз ва фаровонлигимиз тимсоли

28.11.2021, 12:07

Конституциямиз – мустақиллигимиз, тинчлигимиз ва фаровонлигимиз тимсоли

Бугун мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” деган янги тамойил Конституциямизнинг нақадар халқчил ва ҳаётийлигини намоён этмоқда, десам муболаға қилмаган бўламан. Чунки Асосий қомусимиз кафили сифатида Конституция ва қонунларимиз талабларини сўзсиз бажариш, бу устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришни халқимизнинг ўзи мамнуният билан қўллаб-қувватламоқда.

Шуни алоҳида айтиб ўтишни истар эдимки, инсон қадри деганда, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг  ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни, улар учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этишни, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими, соғлом экологик муҳит яратиб беришни назарда тутишимиз лозим. Бинобарин, Ўзбекистон Конституциясининг 14-моддасида давлат, ўз фаолиятини инсон ҳамда жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолатга қонунийлик принциплари асосида амалга оширилиши қайд этилгани юртимизда яшаётган ҳар бир фуқарода фахр ва ғурур ҳисларини уйғотиши табиий. Чунки тенглик, тинчлик ва фаровонлик халқимизнинг орзу интилишлари ва ҳаётга муҳаббатини ва садоқатини белгиловчи муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Конституциямизнинг 4-моддасида давлат тили ўзбек тилидир, деб белгиланган. Аммо республика ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ҳамда элатларнинг тиллари, урф-одатлари уларнинг анъаналари ҳурмат қилиниши, ривожланиши учун шарт-шароит яратилиши ҳам назарда тутилгани бу демократик тамойилларнинг ёрқин кўринишидир.

Яна бир муҳим жиҳатга тўхталадиган бўлсам, Конституцимизда Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлибгина қолмай, ўз ҳудудида ва унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаши белгилаб қўйилган. Ўзбекистон фуқароларининг ўз ватанлари ичида эркин ҳаракатланишлари, истаган жойларига кўчиб бориб яшаш ҳуқуқларини ҳам кафолатлангани, ҳар ким эркинлик ҳамда шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлиги, унга кўра, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланишига йўл қўйилмаслиги белгилангани ҳам Бош Қонунимиз халқчил ва инсонпарварлик тамойилларига мос эканини кўрсатиб турибди.

Энди Конституциямизнинг 16-моддасига бир эътибор қаратайлик. Унда “Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас. Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас” деб қайд этилган. Бу эса Конституциямизга қатъий амал қилиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканини англатиб турибди.

Мамлакатимизда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди.  Ушбу стратегияда юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият этиб белгиланган ва бу тамойиллар Конституциямиздаги барча моддаларга тўла мос келади.

  Мавлуда ИБРАГИМОВА,

    Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    329
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+