ИҲТ мамлакатлари иқтисодиётини жаҳон бозорида рақобатбардошлигини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга

29.11.2021, 11:53

ИҲТ мамлакатлари иқтисодиётини жаҳон бозорида рақобатбардошлигини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга

Бир минтақада жойлашган мамлакатларнинг бир-бирига қўл чўзиши, юзага келаётган глобал муаммоларга ҳамкорликда ечим топиши ва иқтисодиётини жадал ривожлантиришда бир-бирининг имкониятларидан унумли фойдаланиши ҳамкор давлатлар манфаатига, жаҳон бозорида ўз ўрни ҳамда нуфузини сақлаб қолишга хизмат қилади. Бинобарин, жаҳонда рўй бераётган иқтисодий инқирозлар, пандемия ва экологик мувозанатга дарз етиши каби бир қатор масалаларни ҳамжиҳатликда ҳал этиш учун тузилган иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)да Ўзбекистон ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Шу йилнинг 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида ўтказилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн бешинчи саммитида Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва унда ИҲТни жадал ривожланаётган ташкилот сифатида мустаҳкамлашга қаратилган кўп  томонлама шерикликни янада кенгайтириш, унга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни савдо, транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқлик, саноат кооперацияси, “яшил” иқтисодиёт ва туризм соҳаларида ривожлантириш масалалари қизғин муҳокама қилинди.

Мамлакатимиз етакчиси ўз нутқида ташкилот доирасида кенг қамровли алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлаб, қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, ташкилот доирасида янгиланган ва кенг қамровли Савдо битимини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, мазкур ҳужжатда савдо тўсиқларини бартараф этиш, божхона тартибларини рақамлаштириш, ҳамда ҳозирги вақтда долзарблиги тобора ошаётган электрон савдони кенг тадбиқ этиш масалалари ўртага ташланди.

Бундан ташқари мамлакатларимиз ўртасида ўзаро сармоялар оқимини кўпайтириш ва уларни ишончли ҳимоя қилиш, саноат кооперациясини чуқурлаштиришга қаратилган Қўшма ҳаракатлар дастурини қабул қилиш бугунги кун учун жуда муҳимлиги айтиб ўтилди. Ўзаро савдо ҳажмларини ошириш, минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва мамлакатларимиз иқтисодиётини жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини кучайтириш, бунинг реал механизми сифатида Шавкат Мирзиёев БМТнинг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО) ва Марказий Осиё иқтисодиёти учун (СПЕКА) Махсус дастури билан ҳамкорликда Ташкилот доирасида Савдо, инвестициялар ва инновациялар марказини ташкил этиш ҳамда унинг қароргоҳини Тошкент шаҳрида жойлаштиришни, ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар тайёрлаш учун юқори даражадаги Экспертлар гуруҳини тузиш ташаббусини илгари сурди.

Хулоса шундан иборатки, глобал иқлим тобора долзарб бўлиб, “яшил” иқтисодиётга ўтишни тақазо этаётган шу кунларда  ИҲТнинг ўзаро ҳамжиҳатликда  саноат тармоқларида экологик тоза ва ресурстежамкор технологияларни кенг татбиқ этиш, авиақатновлар географиясини кенгайтириш, туризм инфратузилмасини ривожлантириш каби қатор лойиҳаларни амалга оширишга бел боғлаётгани қувонарлидир. Энг муҳими эса, жонажон Ўзбекистонимизнинг қўшни ва минтақадаги кўплаб давлатлар билан илиқ муносабати ва иқтисодий ҳамкорлиги юртимизнинг гуллаб яшнашига, жаҳон ҳамжамияти ўз ўрнимизга эга бўлишимизда муҳим аҳамият касб этади.

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    244
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+