Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти: ўзаро манфаатли ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилади

30.11.2021, 11:30

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти: ўзаро манфаатли ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилади

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Ашхобод шаҳрида ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) ўн бешинчи саммити ишида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Президентимиз ўз сўзида ташкилот доирасида кенг қамровли алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканини қайд этиб, халқаро ва минтақавий вазиятга, ҳанузгача давом этаётган пандемия шароитидаги иқтисодий қийинчиликларга эътибор қаратди ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича қатор аниқ таклифларни илгари сурди.

Хусусан, ташкилот доирасида янгиланган ва кенг қамровли Савдо битимини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклиф қилинди. Мазкур ҳужжатда савдо тўсиқларини бартараф этиш, божхона тартибларини рақамлаштириш, ҳамда ҳозирги вақтда долзарблиги тобора ошаётган электрон савдони кенг тадбиқ этиш масалалари ўз ифодасини топиши зарурлиги айтилди.

Ушбу ташаббуснинг аҳамияти жуда юқори. Негаки, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларда 500 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди. Бу улкан бозор дегани. Шу маънода аъзо мамлакатлар савдо ва инвестиция соҳаларидаги катта имкониятларидан тўлиқ фойдаланиши, ишга солинмаган ресурсларни ушбу йўналишга сафарбар этиши айни муддаодир.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган яна бир муҳим ташаббус – минтақадаги мавжуд транспорт йўлакларидан унумли фойдаланиш ва янгиларини яратиш масаласи ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Зеро, темир йўл ва автомобиль йўллари, ҳаво қатнови тармоғини кенгайтириш, тегишли замонавий инфратузилмани барпо этиш алоҳида аҳамиятга эгаки, бу минтақамизнинг глобал логистика ҳамда транзит марказларидан бирига айланишига имкон беради. Бунда транспорт коммуникациялари ва инфратузилмаларини такомиллаштириш ҳамда модернизациялаш ишида кенг қамровли лойиҳаларни амалга ошириш бугунги давр талабидир.

Масаланинг яна бир аҳамиятга молик жиҳати шундаки, бу таклиф ўзаро транспорт тарифлари, ягона божхона ва бошқа тартиб-таомиллар, юк ташиш хавфсизлигининг бирхиллаштирилган қоидалари, транспорт воситалари ҳамда юклари ҳаракатланиши ахборот таъминоти тизимининг ҳуқуқий ва институционал асосларини янада яхшилаш имконини беради. Қолаверса бу борадаги ўзаро ҳамкорлик иқтисодий ўсишга, юкларнинг ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига етказиб берилишини тезлаштириш ҳамда арзонлаштиришга олиб келади.

Биламиз туризм – иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, ушбу тармоқни янада такомиллаштириш тараққиёт сари дадил қадам ташлаш деганидир.

Очиғини айтиш керак, пандемия даврида юзага келган қатъий чекловлар натижасида минтақа мамлакатлари ўртасидаги сайёҳлик алмашинуви деярли тўхтаб қолди. Давлатимиз раҳбари айни шу масала тўхталиб, сайёҳлик алмашувларини қайта тиклаш зарурлигини қайд этди.

Хусусан, Бухоро шаҳрида 2022 йили бўлиб ўтадиган туризм вазирларининг навбатдаги учрашувида пандемиядан кейинги даврда Хавфсиз сайёҳликни ривожлантириш умумминтақавий Дастурини қабул қилиш ташаббусини билдирди. Мақсад “зиёрат туризми” ва бошқа қўшма сайёҳлик маҳсулотларини ишлаб чиқиш, авиақатновлар географиясини кенгайтириш, туризм инфратузилмасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратишдан иборат.

Умуман олганда, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида Ўзбекистоннинг амалий ташаббусларлар билан иштирок этиши ҳамда 2022 йилда ИҲТга раислик қилиши ташкилотнинг халқаро нуфузини оширибгина қолмай, бошқа минтақавий ташкилотлардан фарқ қиладиган ва ўзига хос кун тартибига эга бўлиш, етакчи халқаро тузилмалар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳамкорликнинг институционал механизмларини ривожлантириш, минтақа мамлакатлари ўртасида барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Актам Хаитов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
 
O'zLiDeP фракцияси раҳбари,
 
O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси
  • Кўрилди
    332
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+