Аҳоли мурожаатлари ўрганилмоқда

01.12.2021, 11:16

Аҳоли мурожаатлари ўрганилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботир Мардаев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси Термиз шаҳар бўлимида бўлиб, у ердаги фуқаролар қабулида иштирок этди.

Хусусан, Алишер Навоий маҳалласида яшовчи Муяссар Фаттоева ўғлини темир йўл станциясига ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш масаласида мурожаат қилди. Ушбу масала вилоят транспорт бошқармасига йўналтирилди ва натижаси назоратга олинди.

Аму Соҳили массивида яшайдиган Дилноза Тўраева ҳам қўшимча даромад қилиш мақсадида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Д.Тўраеванинг қандолат маҳсулотлари тайёрлаб сотиш нияти борлиги маълум бўлгач, унинг пазандачилик ўқув курсида ўқиши ҳамда электропечь ва бошқа зарур воситаларни харид қилишида амалий кўмак бериладиган бўлди.

Шу билан бирга, қабулхонага келиб тушаётган мурожаатлар ва уларнинг ечими билан боғлиқ таҳлиллар ҳам кўздан кечирилди.

Мисол учун, жорий йил ноябрь ойида Халқ қабулхонасига 140 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг ўндан ортиғи электр энергияси таъминотидаги муаммолар билан боғлиқлиги маълум бўлди. Бу айнан депутатлар томонидан сайловчилар билан ўтказилаётган учрашувларда кўтарилаётган долзарб масалалардан бири сифатида алоҳида ўрганиб чиқилмоқда. Шу муносабат билан, депутат бу борадаги масалалар ечими юзасидан Термиз шаҳар электр таъминоти корхонаси раҳбари Олтибой Бердимуратов билан учрашиб, кузги-қишки мавсумга тайёргарлик борасида амалга оширилаётган ишлар ва режалар билан танишди.

Маълум бўлишича, Термиз шаҳрида жорий йил давомида 20 та янги трансформатор ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, шу кунга қадар уларнинг 16 таси керакли ҳудудларга ўрнатилган. Қолган 4 таси декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида белгиланган ҳудудларга ўрнатилиб, фойдаланишга топширилади. Электр қурилмаларни 2021-2022 йиллар куз-қиш мавсумида ишлашга тайёрлаш мақсадида мукаммал таъмирлаш режалаштирилган 51 км 0,4-6 кВли электр узатиш тармоқлари, 27 дона  трансформатор пунктлари тўлиқ мукаммал таъмирланди. Шунингдек, режалаштилган 159,0 км электр узатиш йўллари ва 55 та трансформатор пунктлари жорий таъмирланди.

Хусусан, «Шифокорлар» маҳалласида янги трансформаторни ўрнатиш жараёни билан танишилди. Шунингдек, “Турон” маҳалласида кўп қаватли уйларда кузги-қишки мавсумга тайёргарлик ишларини ўрганиш давомида маҳалла аҳолиси вакиллари антисанитария ҳолатига келиб қолган “Тоза ҳудуд” ДУКга тегишли чиқиндихонани тартибга келтириш бўйича мурожаат қилишди. Ушбу мурожаатни қисқа муддатда бартараф этиш учун шаҳар ҳокимининг ўринбосари Бунёд Жўраев назоратига олинди.

Сайловчилар билан учрашув давом этмоқда.

  • Кўрилди
    329
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+