Одамларни рози қилиш – энг муҳим талаб

01.12.2021, 16:07

Одамларни рози қилиш – энг муҳим талаб

 “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” дастурида белгилаб берилган устувор вазифаларни, халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада юксалтириш юзасидан бошланган  катта ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш биз, депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Аввало шу мақсадга қаратилган янги қонунларни қабул қилишда ташаббускорлик кўрсатиш, улар ижросини назорат қилиш, сайловчилар билан ўтказиладиган учрашув ва мулоқотларда уларга Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини қуриш бўйича Давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга алоҳида эътиборни қаратмоқдамиз.

Шулардан бири малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлишдир. Бу борада мамлакатимизда, шу жумладан, Наманган вилоятида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг наманганлик сайловчилар билан бўлган учрашувида ҳам вилоятда соғлиқ сақлаш тизимининг моддий базасини мустаҳкамлаш, кадрлар малакасини ошириш, шифохона ва поликлиникаларни энг замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш бўйича вазифалар ҳақида ҳам сўз юритилган эди. Айниқса, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни скрининг текшрувларидан ўтказиш, зарур дори-дармонлар, витаминлар билан бепул таъминлашга доир чора-тадбирларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган эди.

Мен ўтган йили ўзим сайланган Мингбулоқ туманига сайловчилар билан учрашувга борилган пайтимда туман шифохонасининг болалар бўлимидаги аянчли аҳвол ҳақида менга шикоят  қилишган эди. Шифохонага бориб, ҳолат билан танишганман. Ҳақиқатан ҳам аҳвол жуда ачинарли эди. Канализация ва ичимлик суви тизими яроқсиз ҳолатга келган, хоналар етарли даражада ёритилмасди. Дарҳол ушбу ҳолат юзасидан туман ҳокимлигига, соғлиқни сақлаш бўлимига ёзма мурожаат билан чиқдим, кейин уни назоратга олдим. Албатта, мурожаатим эътиборсиз қолдирилмади.  Шифохонани мукаммал таъмирлаш учун лойиҳа тайёрланди, маблағ ажратилди ва ишга киришилди. Қисқа вақт мобайнида камчиликлар бартараф этилиб, ушбу шифохонанинг болалар бўлими бутунлай янги қиёфага кирди.

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз сайлов округларида бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ташкил қиляпти. Учрашувларим давомида ушбу шифохонага бориб, ўзгаришларни ўз кўзим билан кўрдим. Бу ерда болалар даволанишлари учун яратилган шароитларни, болажонлар ва уларнинг оналари юз-кўзларида акс этган қувонч туйғуларини кўриб, шундай савобли ишга озми-кўпми ўз ҳиссамни қўша олганимдан мамнун бўлдим.

Бу одамларни рози қилиш йўлидаги биргина мисол, холос. Ҳали олдимизда бу борада яна жуда кўп вазифалар турганлигини ҳам яхши биламан. Шунинг учун бор билим ва салоҳиятимни, куч-ғайратимни ана шу эзгу ишларга сарфлайман ва шу йўл билан сайловчиларимиз билдирган  юксак ишончни амалий ишлар билан оқлашга ҳаракат қиламан.

Сардор ҒИЯСОВ,

Олий  Мажлис  Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    317
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+