Кластер аграр соҳани ҳаракатлантирувчи етакчи кучга айланди

02.12.2021, 12:04

Кластер аграр соҳани ҳаракатлантирувчи етакчи кучга айланди

Бухоро давлат университетида «Қишлоқ хўжалигида ихтисослашган кластерларни шакллантириш: тажрибалар, натижалар ва инновацион ёндашувлар» мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Унда республикамиздаги аграр соҳага ихтисослашган олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот институтлари педагог-ходимлари, олимлар, вилоятдаги кластер корхоналари раҳбарлари қатнашди. Илмий-амалий анжуманга юздан ортиқ маърузалар қабул қилинди.

Ушбу анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палтаси спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари Актам Хаитов ҳам иштирок этиб, маъруза қилди.

Таъкидланганидек, аграр тармоққа инновацияларни кенг татбиқ қилиш, заминимизда етиштирилаётган хом ашёни ўзимизда қайта ишлашни чуқурлаштириш бугунги замон талаби ҳисобланади. Зеро, қишлоқ хўжалиги қанчалик саноатлашса, давлатнинг иқтисодий ва экспорт салоҳияти шунчалик ортади. Натижада аҳоли турмуш фаровонлиги юксалади.
Ўзбекистонда кейинги пайтларда илғор технологияларга асосланган инфратузилмани яратиш, қишлоқ хўжалигида кластер усулини жорий этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Кластер тизими ва замонавий иссиқхона хўжаликларини яратиш ҳамда томорқа хўжалиги амалиётини кенгайтириш нафақат ҳосилдорликни, балки қишлоқда аҳоли турмуш даражасини сезиларли даражада ошириш имконини берди. Ушбу янги тузилма ўтган жуда қисқа вақт ичида аграр соҳани ҳаракатлантирувчи етакчи кучга айланди.

– Кластер бу – уруғни ерга қадашдан бошлаб, ундан юқори ва қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқариш, тайёр маҳсулотларни ички бозорга ва экспортга йўналтиришгача бўлган ишларни бирлаштирувчи тизим, – дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳаитов.

 – Бугун дунёнинг кўплаб давлатларида бу тизим қўлланилади. Шу сабабли Президентимиз ҳам 2017 йилнинг февраль ойида Бухоро вилоятига ташрифи чоғида илк бор кластер ислоҳотини илгари сурди. Сўнгги йилларда бу йўналишда амалга оширилаётган салмоқли ишлар туфайли кластер усулида маҳсулот етиштирувчи ва уни қайта ишловчилар манфаатларининг муштараклиги таъминланмоқда. Кластер иштирокчилари қишлоқ жойларга саноатни олиб кириш эвазига соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этишда ташаббускор бўляпти. Энг асосийси, кластерларда одамларнинг бандлиги таъминланиб, улар қишин-ёзин меҳнат қиляпти, ойлик маош оляпти. Бошқача айтганда, бу тизим деҳқонларимиз, аграр соҳа вакилларига янгича замонавий услубда ишлашни ўргатди. Ҳосилдорлик, даромадни оширди. Ҳар бир инсон яхши яшашни, фаровон турмуш кечиришни истайди. Бунинг учун, албатта, ўзи ва юрти манфаати йўлида тинмай меҳнат қилади.

Бугун қишлоқ хўжалигида иш юритишнинг янгича шакли — кластер усули тобора оммалашмоқда. Негаки, бундай механизм ҳар қандай шароитга мослаша олади. Ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий муаммоларни изчиллик билан самарали ечиб беради. Чунки кластер усули тўқимачилик саноати ривожида муҳим аҳамиятга эга ва бу усулни ҳаётга татбиқ этиш учун юртимизда барча имкониятлар етарли. Муболағасиз айтиш мумкинки, кластер тушунчаси, бугун ҳамма учун бўлмасада, шу тизимда ишлаётган фермерларга яхши таниш бўлиб қолди. 

Пахта экишдан то тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи ягона технологик тизимга бирлаштирган ишлаб чиқаришнинг янги мажмуаси илм-фан ютуқларини, янги инновацион технологияларни амалиётга жорий этишга ҳам кенг йўл очиб берди. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон шароитида кластерларни ривожлантириш энг оқилона қарордир. Боиси қишлоқ хўжалиги учун ноқулай келган йилларда ҳам кластернинг бошқа ташкилотлари ҳисобидан умумий иш ўрни ва иш ҳақи сақлаб қолинади. Асосийси, кластерлар ҳудудларнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашда катта роль ўйнаб, ушбу ёндашув иқтисодий жиҳатдан устувор тармоқлар ва лойиҳаларни аниқлаш имконини беради.

Анжуманда кластер тизимини янада ривожлантиришга қаратилган илмий асосланган фикр ва қарашлар илгари сурилди. Тадбирда Венгрия қишлоқ хўжалиги ва ҳаёт фанлари университети тадқиқотчиси И.Эрдонов онлайн  қатнашди.

Тадбирдан сўнг партия раҳбари Актам Хаитов ва БухДУ ректори Обиджон Хамидов билан биргаликда таълим муассасаси ҳудудида мевали ва манзарали кўчатлар экишди. Шу билан  биргаликда мазкур хайрли ишни амалга оширишда университет талабалари ҳам жонбозлик  кўрсатишди.

  • Кўрилди
    295
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+