Нуфузли мактабга эътибор шуми?

02.12.2021, 15:44

Нуфузли мактабга эътибор шуми?

Бугун биз, депутатлардан халқнинг ичига кириб, муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича мутасадди идораларга мурожаат билан чиқиш ва уни назоратга олиш талаб этилмоқда.

Шу муносабат билан мен ўзим сайланган Чуст туманидаги Варзик МФЙда бўлдим. Бунда танлов асосида битта тиббиёт муассасаси, мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, «Меҳрибонлик» ва «Саховат» уйлари фаолияти билан яқиндан танишдим. Одамлар билан суҳбатлашдим. Улар бугун олиб борилаётган халқчил сиёсатни эътироф этганлари ҳолда қишлоқдаги айрим муаммоларни ҳам яширмасдан очиқ-ойдин айтишди. Хусусан, шу қишлоқдаги 13-сонли умумий ўрта таълим мактабидаги камчиликларга алоҳида эътиборни қаратишди. Мен уларнинг эътирозларидан келиб чиқиб ушбу таълим масканига бориб, ҳолат билан танишдим.   Ҳозирда  мактабда 82 нафар  педагог ходим  фаолият  олиб бормоқда. Улардан  2 нафари  “Халқ  таълими  аълочиси” кўкрак  нишони  соҳибаси. 7 нафари  олий  тоифали, 18 нафари  1-тоифали  педагоглар  706 нафар  ўқувчиларга  таълим-тарбия бермоқда. Таълим  тожик  ва  ўзбек  тилларида олиб  борилади. 

Бу ўқув йилида 58 нафар қўувчи битириб, улардан 23 нафари  олий  таълим  муассасаси  талабаси  бўлди. 11-синф  ўқувчиси Фотима Кенжабаева  тожик  тили  ва  адабиёти фанидан  фан  олимпиадасининг  республика  босқичида  фаол  қатнашди.

Мактабнинг 9 ва 11 синф ўқувчилари Махфуза ва Бинафша Тўйчибоева    иншолар танловининг республика босқичида фахрли 1- ва 2-ўринни қўлга  киритишган. Фан олимпиада натижаларига мувофиқ мактаб туманда 3 та ихтисослашган мактаблардан кейин 4- ўринни эгаллаган. Мактаб собиқ битирувчилари орасида фан номзодлари, профессор ўқитувчилар бор. Жумладан таржимон, ёзувчи, драматург ва академик Сотим Улуғзода, Мутилла Нажмиддинов, математика  фанлари номзоди, профессор  Риқсибой Ибрагимов, Ғ.Юлдашев, Ўзбекистон халқ артисти Матлуба Дадабоевалар ҳам шу мактабда таълим-тарбия олишган. Қишлоқ маданият марказида шу мактабнинг илк қалдирғочларидан бири, таржимон, ёзувчи, драматург ва академик  Сотим Улуғзоданинг 110 йиллиги нишонланди. Унда Тожикистон Республикасиниг Ўзбекистондаги мухтор элчиси Абдужаббор  Раҳмонзода, Тожикистон Республикаси Суғд вилояти Ашт тумани ҳокими Мирдадо  Зариф Муҳаммадий, Республика таълим маркази вакиллари иштирок этишди.

Лекин республикада ўз ўрнига, нуфузига эга бўлган мақомга эга бўлган, шундай иқтидорли ўқувчилар ўқийдиган, тажрибали устозлар ишлайдиган бу мактаб ўта аянчли ҳолатга келиб қолган. Ўқувчиларнинг  билим  олиши  ва  ўқитувчиларнинг замонавий  билим  беришига  умуман  шароитлар  мавжуд эмас. Сабаби ўқув бинолари 1960 йилда қурилган  бўлиб, ҳозирда жуда таъмирталаб  ҳолатга  келиб  қолган. Мактаб гарчи  2006 йилда  капитал таъмирга тушган бўлсада, “Бинокор” қурилиш ташкилоти томонидан ўта сифатсиз ҳолатда таъмирланган. Ўқув биноларининг том қисми  ва дераза  ойналари алмаштирилмасдан қолиб кетган. Бошланғич синф ўқувчилари  таълим оладиган 3-ўқув биносидан зах чиқиб кетганлиги учун деворлар  картон билан қопланган. Мактабни иситиш тизими мутлақо талабга жавоб  бермайди. Ҳозирги кунда ўқувчилар совуқ хоналарда ўқишга мажбур  бўлмоқда. Шунинг учун ўқувчилар орасида шамоллаш касаллиги кўп, натижада давомат ҳам қониқарсиз аҳволда. Ўқув биноларини ёруғлик билан  таъминлайдиган кабеллар ҳам яроқсиз ҳолатда. Мактаб ошхонаси, спорт зали  ҳам таъмирталаб, иссиқлик манбаига уланмаган.

Мен ушбу ҳолат юзасидан тегишли идораларга мурожаат қилдим. Ўйлайманки, мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари нуфузли таълим даргоҳидаги бу камчиликларни бартараф этиш юзасидан чораларни кўрадилар.

Нуриддин СУЛТОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    279
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+