Мулк ҳуқуқи кафолатининг мустаҳкам пойдевори

03.12.2021, 11:13

Мулк ҳуқуқи кафолатининг мустаҳкам пойдевори

Тинч ва фаровон ҳаётимизнинг муҳим кафолати, жамиятимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлган Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 29 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтиришда Асосий қонунимиз муҳим ҳуқуқий омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг “Конституциямизда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барча ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолатидир” деган сўзлари Бош қомусимизнинг ҳаётимизда нақадар юксак мақомга эга эканлигидан далолатдир.

Мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминламасдан иқтисодий ривожланишга эришиш қийин. Бу Конституциямизда ҳам алоҳида белгиланган бўлиб, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясида экани алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Асосий қонунимизнинг 54-­моддасида “Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт”, деб белгилаб қўйилган.

Мамлакатимизда ҳар қайси хусусий мулкдорнинг қонуний йўл билан қўлга киритган мулкининг дахлсизлигига асло шубҳа қилмаслигини таъминлайдиган ишончли ҳуқуқий кафолатлар тизими яратилган. Чунки мулкнинг эгаси бўлса, меҳнат унумдорлиги бир неча маротаба ортади.

Мулкдорнинг кайфияти, интилиши, иш юритиши, фаолиятига, умуман, ҳаётга муносабати бошқача бўлади. Мулк эгаси ўз ишини яхшилашга, мулкига мулк қўшишга ҳаракат қилади. Ишбилармонлар бизнесга бехавотир инвестиция киритиши, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириши, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтириши, ўз мулкига ўзи эгалик қилиши, фойдаланиши, тасарруф этиши лозим.

Ўзбекистонда ҳар бир тадбиркор давлат хусусий мулкдор ҳуқуқларининг ҳимоячиси эканини аниқ­ равшан билиб олиши керак. Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, хусусий мулкнинг қонуний ҳамда амалий жиҳатдан устувор ролини таъминлаш, иқтисодиётда давлат улушини босқичма-­босқич камайтиришга қаратилган аниқ манзилли чора-­тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Кейинги беш йилда соҳани ривожлантиришга қаратилган 2 мингга яқин қонун, фармон ва қарорларнинг қабул қилиниши туфайли 114 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинди, 33 та фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди.

Яратилаётган қулайлик ва имкониятлар натижасини янги субъектлар кескин кўпайиб, охирги беш йилда тадбиркорлар сони қарийб 3 баравар ошгани мисолида кўриш мумкин. Зеро, ўтган даврда кўп ишбилармонлар бизнесини бутун мамлакат миқёсида кенгайтириб, минглаб иш ўринлари яратиб, нуфузли йирик компанияларга айланди.

Ички ва ташқи бозорда ўз нуфузи ва брендига эга тадбиркорлар синфи шакллана бошлади. Ана шу ислоҳотлар бундан кейин ҳам тизимли равишда давом эттирилади. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида бу борада аниқ ва мақсадли вазифалар белгиланган. Масалан, 2020 йили қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан 15 фоизга туширилган бўлса, зарур тайёргарлик кўрган ҳолда 2023 йилдан бошлаб ушбу солиқ ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга тушириш кўзда тутилмоқда.

Бу тадбиркорлар учун катта имконият ва рағбат демакдир. Айниқса, келгуси йили корхоналарнинг мол-­мулк солиғи ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилиши тадбиркорлар ихтиёрида йилига 500 миллиард сўм маблағ қолишини таъминлайди.

  Яна бир янгилик – 2023 йилдан юридик шахсларнинг мол­-мулк ва ер солиқларини бирлаштириб, ягона кўчмас мулк солиғи жорий қилинади. Ҳозирги вақтда банк, молия, телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси ҳар хил бўлиб, улар амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга туширилади ва барча тадбиркорлар учун бир хил бўлади.

Қувонарли томони, йўл қурилиши, иссиқлик таъминоти, ободонлаштириш хизматлари каби 25 та фаолият туридаги монополияга барҳам берилиб, энди бу соҳаларда тадбиркорлик субъектларига кенг йўл очилади. Туман ва шаҳарлардаги мавжуд бир нечта тадбиркорликка кўмаклашадиган тузилмалар негизида Тадбиркорлар кенгаши ташкил этилади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр­-қиммати, ор­-номуси, эҳтиёжлари ва манфаатларига қаратилганини алоҳида эътироф этади. Давлат иқтисодий сиёсати самарадорлигининг бош мезони – мамлакат рақобатбардошлиги, фуқаролар ҳаёти сифати, оилалар фаровонлигининг изчил ва жадал юксалиши деб билади.

Макроиқтисодий барқарорликни, давлат бюджети мутаносиблигини таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисмини мустаҳкамлаш, бутун солиқ тизимини соддалаштириш, молия бозори барқарорлигини таъминлашга қаратилган қатъий пул­кредит сиёсатини амалга оширишга йўналтирилган макроиқтисодий сиёсатни қўллаб­-қувватлаймиз. Бунинг бирдан бир самарали йўли – бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштиришдир.

Биз иқтисодиётимизни янада эркинлаштириш, тадбиркорларга кенг йўл очиб бериш сиёсатини бундан кейин ҳам самарали давом эттирамиз. Айниқса, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида электоратимиз бўлган тадбиркорлар таклифларини мунтазам ўрганиш ва таҳлил қилишга катта эътибор қаратамиз. Зеро, Конституция ва қонунлар устувор бўлган юртда адолат тамойиллари таъминланади, иқтисодий барқарорлик кафолатланади.

Бир сўз билан айтганда, Конституциямиз шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатларини аниқ   ­равшан белгилаб беради. Зотан, Асосий қонунимиз мустақиллик йилларида ижтимоий­-иқтисодий, сиёсий­-ҳуқуқий ҳаётнинг барча соҳаларида изчил ва босқичма-­босқич, узвий ва тизимли равишда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотларнинг мустаҳкам юридик манбаи ҳамда асосий ҳуқуқий кафолатидир.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    298
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+