Ипотека бозоридаги таклиф талабга нисбатан нега камлигича қолмоқда?

03.12.2021, 16:07

Ипотека бозоридаги таклиф талабга нисбатан нега камлигича қолмоқда?

Бугунги кунда мамлакатимизда уй-жойлар барпо этишга катта эътибор қаратилётгани ҳаммамизни мамнун этмоқда. Айниқса, осмонўпар иморатларга боқиб, дилингиз яйрайди, Истиқлолнинг куч-қудратига тасаннолар айтамиз. Буларнинг ҳаммаси юртимизда “Инсон қадри учун”  тамойили рўёбга чиқаётганига аниқ-тиниқ далил бўла олади.

Бу ютуқлардан кўз юммаган ҳолда ипотека бозоридаги таклиф талабга нисбатан жуда камлигини ҳам айтиб ўтишни жоиз деб ҳисоблайман. Масалан, аҳоли кўп талаб қилаётган ўрта меъёрдаги уйлар етарли эмас. Чунки шинам, чиройли ва нархи ҳам шунга яраша анча баланд бўлган уйларни сотиб олишга ҳамманинг ҳам қурби етавермайдида. 2 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш ва аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилиши айнан юқорида тилга олинган муаммоларга ҳам ечим изланди.

Видеоанжуманда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугунги кунда ипотека дастурлари доирасида йилига 35 минг хонадонли уй-жойлар қурилмоқда. Аммо жойи ёки нархи аҳолига маъқул бўлмагани учун жами 255 миллиард сўмлик 950 та хонадон сотилмасдан турибди. Айрим вилоятларда ер участкалари ўз вақтида аукционга чиқарилмагани сабабли уй-жойлар қурилиши кечиккан. Оқибатда давлатдан мақсадли кредитлар учун ажратилган маблағ ўзлаштирилмаган. Кўп вилоят ҳокимлари ва уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарлари пудратчи танлашда 2-3 та ташкилот билан чекланаётгани қурилиш сифатига путур етказмоқда.

Видеоселекторда бу борадаги чора-тадбирлар муҳокама қилиниб, бугунги кунгача ипотека кредити ва субсидия олишда уй-жой майдони ва нархи билан боғлиқ чекловлар олиб ташланиши айтиб ўтилди. Сотиб олинадиган хонадоннинг майдони ва нархидан қатъий назар, эҳтиёжманд аҳолига дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 32 миллион сўм субсидия тўланиши, шунингдек, эҳтиёжманд аҳоли учун давлат томонидан қоплаб бериладиган субсидия миқдори барча ҳудудлар учун бир хил – 10 фоиз этиб белгиланиши, субсидиялар якка тартибдаги уй-жой қуриш ва таъмирлаш учун олинган кредитлар учун ҳам татбиқ этилиши қайд этилди.

Бундан ташқари келгуси йилдан ижтимоий аҳволи оғир хотин-қизлар, чин етимлар ва ногиронлиги бўлганларга иккиламчи бозордан уй олишга ҳам имконият яратилади. Давлатимиз раҳбари одамларга осон бўлиши учун янги уйлар тўғрисидаги маълумотлар, уларни расмийлаштириш, субсидия ва кредит ажратиш хизматларини бир жойда ташкил этиш бўйича кўрсатма берди.

Албатта, давлатимиз раҳбари томонидан аҳолини уй-жой билан таъминлашда уларнинг имкониятлари ҳисобга олинётгани кўплаб юртдошларимизни қувонтириши табиий. Сабаби ўз уйи, ўлан тўшаги бор инсоннинг юрт эртаси ҳамда истиқболига ишончи юксак бўлади. Бу ишончнинг бардавомлиги учун биз депутатлар ҳам халқ вакили сифатида  уларга камарбаста бўлишимиз лозим.

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Кўрилди
    601
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+