Конституция – бахтимиз қомуси!

07.12.2021, 15:26

Конституция – бахтимиз қомуси!

Кўҳна заминимиз одамлари кўнглида устувор бўлган адолат, ҳақиқат, иймон, олижаноблик, бағрикенглик, мардлик, тантилик каби улуғ хислатлар Конституциямиздан муносиб ўрин олган. У умуминсоний ғоялар – тенглик, эркинлик, биродарлик, халқлар ва миллатлараро дўстлик, мамлакат ва дунё барқарорлиги каби энг улуғ ғояларга хизмат қилади.

Узоқ асрлар давомида башарият минг-минглаб қоидалар ва низомлардан жамият учун асосийларини ва ўта муҳимларини танлаб олди. Айнан ана шу танлаб олинган қоидалар Конституциямиз яратилишига пойдевор бўлди. Конституцияда баён этилган тушунчалар шу қадар аҳамиятлики, ҳеч бир одам уларсиз яшай олмайди, негаки инсоннинг ҳар куни дуч келадиган муаммоларни ҳал этишга қаратилган фаолияти кўпинча мамлакат асосий қонунига киритилган қоидалар ва моддаларга боғлиқдир.

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ўз олдига адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, ҳуқуқий демократик давлат қуриш ва халқни фаровон ҳаёт сари олиб бориш каби буюк мақсадларни қўйди.

Бош қомусимиз муқаддимасида инсон ҳуқуқларига ва давлат суверенитети ғояларига содиқлик тантанали равишда эълон қилиниб, ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулият англанган ҳолда, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таянилиб, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат намоён этилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф қилинган қоидалари устунлиги тан олинган ҳолда, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашга интилиб, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш кўзланиб, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Қолаверса, Конституция давлатимиз мустақиллигининг рамзи бўлиб, унда ўз истиқлол ва тараққиёт йўлимиз акс этади. У халқ хоҳиш-иродасини ифода этувчи демократик давлат, фуқаролик жамияти ва эркин ҳаёт қуриш ҳамда уни ривожлантиришнинг истиқболларини белгилайди. Конституция давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини ҳам белгилаб беради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимиз сиёсий тафаккурининг ноёб намунасидир. Асосий қонунимиз энг ривожланган, тараққий топган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилган бўлиб, инсон ҳуқуқлари ва давлат суверенитети ғояларини, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасини, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларини ўзида мужассам этган.

Шу мақсадларни кўзлаб қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси бугунги кунда мамлакатимизда суверен демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, иқтисодиётимиз ривожи ва турмушимиз фаровонлигини юксалтиришнинг асосий ҳуқуқий кафолати бўлиб келмоқда. Бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг муҳим кафолати, жамиятимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлган Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 29 йил тўлди.

Ўтган давр мобайнида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтиришда Асосий қонунимиз муҳим ҳуқуқий омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек: “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий норма асосида мамлакатимизда халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қиладиган, Конституция ва қонун устун бўлган самарали ва барқарор тизим шаклланмоқда.

Ана шундай конституциявий пойдеворга асосланган ушбу тизим дунё шиддат билан ўзгариб бораётган ҳозирги мураккаб вазиятда турли таҳдид ва синовлар, жумладан, глобал пандемия шароитида ҳам ўзини тўла оқлади.

Конституциямиз моҳиятига чуқур сингдирилган демократия ва ижтимоий адолатга садоқат ҳамда инсонпарварлик тамойилларини таъминлаш бўйича мамлакатимизда тизимли ва ортга қайтмайдиган демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, рўй бераётган барча ўзгариш ва янгиланишлар асоси, миллий қонунчилигимиз пойдевори бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси жаҳон ҳамжамиятида замонавий демократик қонунчилик намунаси сифатида эътироф этилмоқда.

Мамлакатимизда давлатни жамиятга, халққа хизмат қилувчи институтга айлантириш, унинг фаолиятини қонунларга таяниб қуришга қаттиқ киришилган, десак хато бўлмайди. Зеро, ҳар қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат — қонун, фармон, қарор ёки бошқа бўладими авваламбор Конституцияга асосланади. Бошқача айтганда, Конституция – давлатнинг асосий қонуни бўлиб, фуқаро, жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатнинг оқилона ва адолатли ҳуқуқий ечимидир.

Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақиллик йилларида Конституциямизга таянган ҳолда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот, давлатимиз чегаралари дахлсизлиги, жамиятда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий йўналиш ва вазифалар эса Конституцияда баён этилган демократия ва инсонпарварлик, халқчилликка суғорилган меъёрларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган бўлиб, Бош қомусимизда тажассум топган эзгу ғояларни рўёбга чиқаришнинг ўзига хос механизмидир.

Ҳар икки ҳужжатнинг замирида демократик қадриятларнинг устуворлиги, инсон ҳуқуқларини таъминлаш олий қадрият саналиши, ҳокимиятнинг манбаи эса фақатгина халқ эканлиги каби қоидалар турибди. Конституцияда ана шу тамойиллар концептуал жиҳатдан белгиланган бўлса, Ҳаракатлар стратегиясида концептуал нормалар ижросини таъминлашнинг изчил механизми кўрсатилган. Ушбу механизмлар эса, фармонда айтилганидек, ҳар йилги давлат дастурлари асосида такомиллашиб бораверади.

Президентимиз таъкидлаганларидек, “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”, деган ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга мисли кўрилмаган эътибор қаратилмоқда. Илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларнинг, айниқса, қизларимизнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш борасида ҳам кўп ишлар қилинмоқда.

Буларнинг барчаси юртимизда Учинчи Ренессанс – миллий тараққиётимизнинг янги даври пойдеворини яратишга хизмат қилади.

Яна бир муҳим конституциявий тамойил – инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича барча соҳаларда, айниқса, суд-ҳуқуқ тизимида чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия изчил амалга оширилмоқда”.

Шунингдек, “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқ фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган изчил сиёсат жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Бу ҳақда сўз юритганда, шу йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган бир қатор глобал ва минтақавий ташаббуслар, аниқ амалий таклифлар халқаро миқёсда кенг қўллаб-қувватланганини таъкидлаш ўринлидир.

Октябрь ойида эса мамлакатимиз миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асосий органларидан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо этиб сайланди.

Мамлакатимизда инвестиция ва бизнес муҳити яхшиланаётгани, туризм ва экспорт салоҳияти юксалиб бораётгани, Халқаро меҳнат ташкилотининг стандарт ва қоидалари ҳаётга фаол татбиқ этилаётгани туфайли Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни йил сайин юксалмоқда.

Пандемия ва глобал иқтисодий инқироз сабабли юзага келган турли тўсиқ ва муаммоларга қарамасдан, ташқи алоқаларимиз тўхтаб қолмади. Қўшни ва ҳамкор давлатлар билан сиёсий ва савдо-иқтисодий, гуманитар соҳалардаги алоқалар узлуксиз давом этмоқда..”.

Президентимиз маърузаларида кейинги йилларда эришилган ижобий натижалар билан бир қаторда олдимизда турган устувор вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Конституция ва қонунларимизни янада такомиллаштириш, тараққиёт кушандаси бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни мустаҳкамлаш, муҳтарам нуронийларимиз, ҳурматли хотин-қизларимиз, азиз ёшларимизнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, хонадон ва маҳаллаларимизда, ягона ва аҳил оила бўлиб яшаётган кўпмиллатли юртимизда тинчлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда сўз ва матбуот эркинлиги, оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш, давлат ҳокимияти идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган ишларимизнинг таъсирчанлигини янада ошириш каби муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу вазифаларни бажаришда сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари янада фаол бўладилар, деган ишонч билдирилди.

Конституцияда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этишнинг асосий шарти сифатида сиёсий партиялар фаолиятини ривожлантириш, кўппартиявийлик муҳитини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Унинг 13 та моддасида сиёсий партиялар фаолияти билан боғлиқ кўплаб меъёрлар келтириб ўтилгани бежиз эмас. Бундан 18 йил муқаддам ташкил топган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг мақсад ва вазифалари ҳам Бош қомусимизнинг асосий тамойилларига таянади.

Хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни жадал суръатлар билан ривожлантириш йўлида тўсиқ бўлаётган барча ғов ва муаммоларни бартараф қилиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш ҳамда эркин фаолият юритишни таъминлаш, партия фаоллари, олим ва мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда Ватанимиз тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир куч сифатида майдонга чиқаётган бугунги ёш авлодни тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашига ёрдам бериш, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш борасида мунтазам равишда партиявий тадбирлар ташкил этиб бориш O‘zLiDePнинг устувор вазифалари ҳисобланади.

Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари бугунги кунда қонунларнинг ислоҳотлар самарасига таъсирини кучайтириш, ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги ролини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. O‘zLiDePдан вакиллик органларига сайланган депутатлар олдида турган яна бир муҳим вазифа – қонунларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига ва масъулларга ўз вақтида етказиш, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиш ҳамда қонун талабларига қатъий амал қилинишини таъминлашдан иборатдир. Қонунлар ижроси бўйича соатдек аниқ ишлайдиган механизм яратиш жараёнида партиянинг муносиб иштирок этиши давлатимиз раҳбари томонидан белгиланган ушбу вазифанинг нечоғлик самарали бажарилаётганини кўрсатувчи мезон бўлиб хизмат қилади.

Партия ҳудудий кенгашлари томонидан Бош қомусимиз қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишлаб “Конституция – фаровон ҳаётимизнинг асосий мезони”, “Конституция – мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигининг кафолати”, “Конституция – ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати”, “Конституция - эркин ва фаровон ҳаётимиз пойдеворидир”, “Конституция ва қонун устуворлиги – фаровон ҳаёт гарови”, “Конституция – фаровон турмуш ва тараққиёт асоси”, “Конституция – барқарор тараққиётимиз кафолати”, “Конституция – бахтимиз қомуси”, “Конституция – адолат кўзгуси” мавзуларида давра суҳбатлари ташкил этилаётир. Тадбирларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, халқ депутатлари шаҳар ва туман кенгашларидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар қатнашмоқда. Барча тадбирларда Бош қомусимиз мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат қуриш ва эркин фуқаролик жамияти барпо этишнинг ҳуқуқий пойдевори, мукаммал дастуриламали бўлиб хизмат қилиши алоҳида таъкидланмоқда. Конституцияда белгиланган устувор ғояларни рўёбга чиқариш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари давлатимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осуда ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати, юртимизда бозор муносабатлари ҳамда хусусий мулк устуворлигига асосланган демократик ҳуқуқий давлат, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилаётганлиги ҳаётий мисоллар орқали очиб берилмоқда.

Мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлатимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, Асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этишда барча соҳа вакиллари ҳамқадам бўлишимиз керак. Ёш авлод қалбида она Ватанга меҳр ва садоқат туйғуларини жўш урдириш, Конституциямиз ва бошқа қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш асосий бурчимиздир.

Насимжон АЛИМОВ,

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

Сиёсий таълим маркази раҳбари

Теглар
СТМ Муносабат
  • Кўрилди
    2499
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+