2022 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури кўрсаткичлари муҳокама қилинди

09.12.2021, 17:46

2022 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури кўрсаткичлари муҳокама қилинди

“OʻzLiDeP PRESS KLUBI”нинг навбатдаги сессиясида 2022 йил учун ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларининг манзилли рўйхатларини шакллантиришда депутатлар билан ҳамкорликни таъминлаш масаласи муҳокама қилинди.

Пресс-клубда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида “Янги Ўзбекистон тарққиёт стратегияси”га мувофиқ аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, жамоат транспорти ҳамда ҳудудлараро мунтазам автомобиль, темир йўл ва ҳаво қатновини яхшилаш бўйича ҳам йирик лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган эди.

Ўзбекистон Республикасининг “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни лойиҳасида келгуси йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида объектларни янги қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 14 трлн.сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, бошқа мақсадли дастурлар, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳам кўплаб ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилма объектларини қурилиши олиб борилади.

Мазкур дастурларни шакллантиришда вазирлик ва идоралар ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамкорлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада, дастурлардаги манзилли рўйхатларда ҳақиқатда зарур объектларни киритиш, объектларда амалга оширилаётган қурилиш, таъмирлаш, жиҳозлаш ишларида жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали сифатли объектлар барпо этиш ҳамда маблағларни мақсадли ишлатилишини қатъий назоратга олиш зарур ҳисобланади.

Ушбу мақсадда вазирлик ва идоралар томонидан дастур кўрсаткичлари лойиҳалари ҳақида депутатлар ва партия фаолларига тегишли маълумотларни тақдим этган ҳолда келгусида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

  • Кўрилди
    584
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+