Давлатимиз мадҳиясини эъзозлаш, ёд олиш ва баралла куйлаш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир

10.12.2021, 15:55

Давлатимиз мадҳиясини эъзозлаш, ёд олиш ва баралла куйлаш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир

1992 йил 10 декабрь «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган кун.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигига ҳам 29 йил тўлди. Давлатимиз Мадҳиясида зикр этилган ҳар бир сўз, Ватанимизнинг бой тарихи ва буюк келажаги ҳақидаги ёруғ сатрлар, халқимизнинг асрий орзу умидлари, эзгу фазилатларини  ўзида мужассам этиб, халқимизнинг овози, фахри-ифтихори  сифатида жаҳон бўйлаб мағрур янграётган муқаддас қўшиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб ҳизмат қилмоқда. Мадҳияда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғуллар тараннум этилган.

Миллий мадҳиямизнинг муаззам садолари Давлатимиз раҳбарининг турли мамлакатларга расмий ташрифлари чоғида, Ўзбекистонга келган хорижий мамлакатларнинг раҳбарларини кутиб олиш маросимларида, йирик ҳалқаро анжуманлар, спорт мусобақаларида ва спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларида энг баланд шохсупага кўтарилган пайтида баралла янграмоқда.

Мадҳия – қалбида ўз Ватанига муҳаббат ва садоқат туйғуси бор ҳар қандай кишида миллий ғурур, ўзига хос фахр, энг муҳими юртга меҳр уйғотади. Бу миллий тимсолда халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги, шунингдек, зийнати, орзу-ўйи, маслак-мақсади мужассам.

Ўзбекистон давлат мадҳияси янграганда, «Серқуёш» сўзи жаранглаши билан бутун вужудимизда ажиб энтикиш, дилимизда чексиз ифтихор туйғусини ҳис этамиз. Чунки унда юртимиз таровати, буюк келажак барпо этиш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган халқимизнинг орзу-интилишлари, Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятида тобора юксалиб бораётган обрў-эътибори, ҳеч кимдан кам бўлмай, келажакка қатъий ишонч билан интилаётган ёшларимизнинг азму шижоати акс этган.

Бу улуғвор қасидани тинглаганда, куйлаганда беихтиёр энг жўшқин, умидбахш туйғулар жунбушга келади. Кўз олдимизда эзгу ниятлари ўзига эш халқимиз, она-Ватанимизнинг таровати, бой тарихи, саодатли бугуни ва буюк келажаги намоён бўлади.

Юксак ватанпарварлик туйғусини мужассам этган мадҳиямиз бугун таълим масканларида ёш авлоднинг Ватанга муҳаббат руҳида камол топишига хизмат қилмоқда. Энди ҳарф таний бошлаган жажжи фарзандларимиз миллатимизнинг бош қўшиғини куйлай бошлаганида севинчдан ҳаяжонга тушамиз. Бундай лаҳзаларда халқ ва Ватан улуғланган қўшиқ инсонлар қалбига юксак ва беғубор туйғуларни жо этишга, бу ёруғ оламни янада мунаввар кўрсатадиган илоҳий мўъжиза эканлигига яна бир бор амин бўламиз. Юртнинг энг улуғ қўшиғини эъзозлаш, ёд олиш ва баралла куйлаш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир, деб биламан.

Қалбимизда янги кунга, истиқлолга ва бугунги тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик, келажакка қатъий ишонч туйғуси жўш урган ҳолда ҳар тонгни мадҳиямиз садолари билан қарши олайлик!

Бир сўз билан айтганда, истиқлолимизни, юртимизнинг куч-қудрати, халқимизнинг ақл-заковати, аждодларимизнинг шон-шуҳрати ва авлодларимизнинг ёруғ келажагини шарафловчи бу тарона асрлар оша баралла янграйверсин!

Нафисахон Элчиева,

Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашидаги

O'zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси.

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    291
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+