“Уйчи - обод замин” фермер хўжалиги ишчи-ходимлари рағбатлантирилди

10.12.2021, 15:57

“Уйчи - обод замин” фермер хўжалиги ишчи-ходимлари рағбатлантирилди

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни арафасида ҳудудларда турли хил тадбирлар ташкил этилмоқда. Мазкур тадбирларда O'zLiDePнинг асосий электорати ҳисобланган фермерлар, деҳқон хўжаликлари вакиллари ва томорқачилар иштирок этмоқдалар.

Наманган вилояти Уйчи тумани “Уйчи - обод замин” фермер хўжалигида ҳам ушбу сана муносабати билан байрам тадбири ташкил қилинди. Ушбу фермер хўжалигининг асосчиси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Барно Мирзамова ташаббуси билан ташкил қилинган тадбирда тумандаги фермерлар, ишчи-ходимлари жам бўлишди.

Нозу-неъматлар билан тўлдирилган дастурхонда хўжаликнинг барча аъзоларига тансиқ таомлар тортилди. Садоси дилни яйратадиган наволар билан санъаткорлар хизматда бўлишди.

Тадбир жараёнида барча жамоа аъзоларига 150 миллион сўмлик маиший техникалар байрам совғаси тариқасида тортиқ этилди.

- Мана тўрт йилдирки мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни кенг нишонланиб келинмоқда. Албатта, яқин беш йил ичида фермерларимиз, деҳқонларимиз ва томорқачиларимизга кенг имконият ва шарт-шароитлар яратиб берилди. Бугун фермерларимиз мустақил бўлди, яхшигина даромад топиб, нафақат ўз оиласини балки, мамлакат иқтисодиётини юксалтиришда улкан ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ушбу соҳа вакилларини қанча ардоқласак, юксакларга кўтарсак арзийди. Биз ҳам ўз фермер хўжаликларимизнинг ишчи-ходимларини ҳар йили касб байрамлари билан табриклаб, улар меҳнатини қадрлаб келяпмиз, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Барно Мирзамова.     

Таъкидлаш жоизки, “Уйчи - обод замин” фермер хўжалиги 2008 йилда ташкил топган бўлиб, 120 гектар экин майдони ва 40 нафар  аъзолари билан иш бошлаган бўлса, эндиликда 210 гектар майдон ва 180 нафар ишчи аъзоларига эга. Ҳозирги кунда хўжалик таркибида битта 20 сотихлик иссиқхона, 40 бош чорва, 30 иш ўринли тикувчилик цехи, автомашиналарга техник хизмат кўрсатувчи сервис фаолият олиб бормоқда. Бунда 100 нафардан ортиқ ёшлар иш билан банд бўлмоқда.

  • Кўрилди
    717
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+