O'zLiDeP вакили Осиё ва Океания сиёсий партияларининг халқаро учрашувида иштирок этди

14.12.2021, 17:02

O'zLiDeP вакили Осиё ва Океания сиёсий партияларининг халқаро учрашувида иштирок этди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси партиялараро ва халқ дипломатиясидан фойдаланган ҳолда,  Янги Ўзбекистонни ривожлантириш Стратегиясини амалиётга тадбиқ этиш соҳасида давлатнинг ташқи сиёсий вазифаларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Осиё сиёсий партиялари  халқаро  конференцияси  доирасида ҳориждаги сиёсий партиялар билан ҳамкорлик қилиш бу борада муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Ушбу  ташкилот Осиё ва Океания мамлакатларининг сиёсий партияларини бирлаштиришга хизмат қилади. O'zLiDeP сўнгги йилларда  Осиё  мамлакатлари  ўртасида  ҳамжиҳатлик ва ўзаро ишончни  мустаҳкамлаш, минтақавий ҳамкорликни ҳар томонлама  ривожлантириш ва  Осиё минтақасида барқарор тинчлик ва умумий фаровонлик учун  шароитлар  яратиш мақсадида Осиё сиёсий партиялари халқаро конференцияси ва  унинг иштирокчилари билан ўзаро манфаатли ва тенг ҳуқуқли ҳамкорлик қилиб келмоқда.    

Осиё сиёсий партиялари халқаро конференциясининг иқлим ўзгаришига бағишланган “Net Zero концепцияси мақсадларига эришишда Осиёдаги сиёсий партияларнинг роли” мавзуидаги махсус учрашуви ана шундай тадбирлардан бири бўлди. Видеоанжуман  форматида  ўтказилган  тадбирда  O'zLiDeP вакиллари ҳам иштирок этишди. Мазкур халқаро тадбир  Озарбайжон, Вьетнам, Индонезия, Хитой, Корея Республикаси, Малайзия, Россия, Туркия, Қозоғистон, Япония каби мамлакатларнинг сиёсий партиялари вакилларини тўплади.

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Абдулло Аслонов “Net Zero концепцияси мақсадларига эришишда  сиёсий партияларнинг  минтақавий ва глобал ҳатти-ҳаракатларининг самарадорлигини ошириш” мавзусида маъруза қилди. Маърузачи ҳорижий иштирокчиларга иқлим ўзгаришига қарши курашиш масаласига  Ўзбекистоннинг нуқтаи назари, жумладан партия Дастурида  акс этган  позицияси ҳақида маълумот берди.

Хусусан, Абдулло Аслонов Ўзбекистонда ушбу муаммога қай даражада эътибор берилаётганини Президент Шавкат Мирзиеёвнинг БМТ юқори минбарларидан туриб, бир қатор ташаббуслари билан кўрсатаётганини алоҳида қайд этди. БМТ Бош Асамблеясининг 72, 75 ва 76-сессияларида халқаро миқёсдаги  экологик муаммолардан бири – Орол фожеасининг  турли жиҳатлари, глобал иқлим ўзгариши, атроф-муҳит ва биохилма-хилликни ҳимоя  қилиш каби бугунги кундаги ўткир муаммолар ҳақида тўхталиб ўтилди.

O'zLiDeP маърузачиси 2021 йилда БМТ Бош Асамблеясида Оролбўйи минтақасини “Экологик инновациялар ва технологиялар” деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюциянинг бир овоздан маъқулланганини Ўзбекистон томонидан кўрилган аниқ чора-тадбирлардан бири сифатида кўрсатди. БМТ  томонидан ушбу Резолюциянинг қабул қилиниши давлатимиз раҳбарининг  БМТ Бош Асамблеяси минбаридан туриб айтган ғояларини ҳаётга тадбиқ этиш бўйича мамлакатимиз олиб бораётган изчил ишларнинг мантиқий натижаси бўлди.

O'zLiDeP вакили  ушбу тадбирда шунингдек, ўрта муддатли истиқболда экологик муаммоларни ҳал этиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш борасидаги қарашларини ҳам билдирди.

O'zLiDeP Ўзбекистоннинг атмосферада карбонат ангидрид гази  миқдорини камайтириш бўйича чора-тадбирларни тартибга соладиган Иқлим ўзгариши тўғрисидаги Париж битими мақсадларига эришишда муносиб ҳисса қўшиш тарафдори.

Масалан, Ўзбекистонда ҳозирги кунда қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2030 йилгача мамлакатимиз иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини  икки баробар ошириш, қайта тикланадиган  энергиянинг иқтисодиётдаги улушини 25 фоизгача ошириш ва экологик  тоза транспортни ривожлантириш режалаштирган.

2025 йилда умумий қуввати 2900 мегаваттга тенг янги қуёш ва шамол электр станцияларини ишга тушириш кўзда тутилган. 2026 йилгача Орол денгизининг  қуриган тубида  қўшимча 500  минг гектар  яшил майдонлар яратилади. Бунда денгиз тубининг умумий майдони 2,5 миллион гектарга  етказилади, бу  бутун ҳудуднинг 78 фоизини ташкил этади. Яқин орада Оролбўйи минтақасида биохилма-хилликни  сақлаш, иқлим ўзгариши ва  ерларнинг деградация бўлишининг олдини олишга қаратилган 300 миллион АҚШ долларига тенг бошқа лойиҳалар ҳам амалга оширилади. Ўзбекистоннинг бу ва бошқа чора-тадбирлари мамлакатимизнинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича умумий ишларга муносиб ҳисса қўшишига хизмат қилади, деди ўз сўзи якунида маърузачи.

Тадбир якунида Осиё сиёсий партиялари  халқаро  конференциясининг махсус  баёноти қабул қилинди. Ҳужжат Осиё ва Океания сиёсий партиялари йиғилишида маърузасилар томонидан билдирилган тезисларни ўз ичига олади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Осиё сиёсий партиялари  халқаро  конференцияси  Бош котиби Чо Бён Чжэ якуний ҳужжатга киритилган  O'zLiDeP вакилининг қатор таклифларини ўқиб эшиттирди ва бу тадбир иштирокчилари томонидан  тўла маъқулланди.

O'zLiDeP матбуот хизмати

  • Кўрилди
    572
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+