Президентимизнинг Олмалиққа ташрифи бошланган ислоҳотларнинг изчиллик билан давом эттирилишини яна бир бора намоён этди

24.12.2021, 17:13

Президентимизнинг Олмалиққа ташрифи бошланган ислоҳотларнинг изчиллик билан давом эттирилишини яна бир бора намоён этди

Куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олмалиқ шаҳрига ташриф буюргани вилоят аҳолиси қаторида партия ходимларининг ҳам хурсандчилигига сабаб бўлди.

Негаки, юртбошимизнинг вилоятга ҳар сафарги ташрифи ҳудуднинг  ҳар томонлама ривожланишида катта аҳамият касб этади. Зотан, ҳар гал вилоятдаги бартараф этилиши лозим бўлган муаммолар ўзининг ижобий ечимини топади.

Шавкат Мирзиёев 16 октябрь кунидаги вилоят  фаоллари билан ўтган учрашувда ҳам саноат салоҳияти, қулай географик жойлашуви, бой табиий ресурслари, малакали ва меҳнаткаш аҳолиси етарли бўлган пойтахт вилоятини энг ривожланган ҳудудга айлантириш бўйича барча шарт-шароитлар мавжудлигини бот-бот таъкидлаганди.

Бу ердаги мамлакат металлургия саноатининг етакчиси бўлган Кон-металлургия комбинатида олиб борилаётган улкан қурилиш ишларини кўздан кечириш асносида Президентимиз “Саноатлаштириш ва янги технологиялар – иқтисодиёт рақобатбардошлиги асоси!”,- деб билувчи партия дастуридан ўрин олган мақсадларни тилга олгани эса янада қувонарли воқеа бўлди.

Айниқса, илмий тадқиқотларни ва мақсадли аспирантурани кенгайтириш, Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали салоҳиятини ошириш бўйича ҳам топшириқ берганини алоҳида эътироф этмасликнинг иложи йўқ.

Зотан, соҳадаги илмий изланишларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ҳамда етук мутахассисларнинг ўзимизда ўқитилиши мамлакат саноатининг барқарор ривожланиши кафолати бўлиб хизмат қилиши тайин.

O’zLiDeP ҳам саноатни инновацион асосда ташкиллаштириш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясига  йўналтирилган қонунчиликни яратиш ва тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш каби таклифларни илгари суради. Шунинг билан бирга  дунёнинг аксарият мамлакатлари “Тўртинчи саноат инқилоби” арафасида турган бир пайтда Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини оширишни ўз олдидаги аниқ мақсадлар сирасига киритган.

 Президентимизнинг бу ерда маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан ҳам мулоқотда бўлиб, келгусида халқимизга манфаат олиб келувчи саноат корхоналарининг барпо этилиши, Олмалиқнинг бугунги Олмалиқлигича қолмаслиги ҳақида тўхталгани барчани эртанги кунга катта ишонч билан қарашга ундади, десак, асло муболаға бўлмайди.

Ўтган сафарги ташриф чоғида Президент аҳолининг олий таълим, мактаб ва касб-ҳунар тизимларидаги ўқитиш сифати, мактабгача таълим қамрови бўйича ҳам вилоят республикада пастки ўринларда эканига аҳамият қаратганди.

Бу сафар ҳам юртбошимизнинг Олмалиқ шаҳридаги 20-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида ўқувчилардан келажакда ким бўлиши ҳақида иншо ёзиб, президентга йўллашини сўрагани, улар билан дўстлашиб, вояга, камолга етгунларича алоҳида эътибор қаратишга ваъда бергани таҳсинга сазовор.

Бу эса келгуси беш йилда сифатли таълим-тарбия масаласи доимий давлат эътибор марказида бўлиши, қолаверса, вилоятда таълим-тарбия тизимида самарадорликни ошириш масаласига жиддий ёндошилаётганининг яна бир исботи бўлди.

Олмалиқ шаҳри фаоллари билан учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятидаги кадрлар муаммоси ҳақида ҳам жуда ўринли гапирди.

Ҳоким ёрдамчилари деган тизимни жорий қилишдан кўзланган мақсад яхши кадрларни кашф этишдан иборатлигини таъкидлади.

Президентнинг кадрлар муаммоси борасидаги гаплари вилоятда кадрлар билан ишлаш масаласини қайтадан кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатиб берди. Салоҳиятли, муносиб кадрлар заҳирасини шакллантириб, унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилишига туртки бўлди.

Бу ҳам партиямиз сайловолди дастурида белгиланганидек, ўз сафларида мақсадга интилувчан, шижоатли, ташаббускор йигит ва қизларни – янги авлод вакиллари, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланиши, изчил ва жадал ривожланаётган, эркин ва гуллаб-яшнаётган демократик давлатни барпо этиш вазифаларини амалга оширишга қодир янги давр кадрларини бирлаштиришга йўналтирилган фаол ишларни олиб бориш мақсадига мос келади.

Президентимизнинг вилоятга амалга оширган ташрифи бутун халқнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи ва уларнинг муаммолари ечимига қаратилган дастурлар билан мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол қатнашувчи партиямизнинг дастурий ғоя ва мақсадларига тўла ҳамоҳанг бўлди, десак янглишмаймиз.

Бир сўз билан айтганда давлатимиз раҳбарининг Олмалиққа ташрифи чоғида кўтарилган масалаларда партия дастурий мақсад ва вазифаларининг амалий натижаси ҳамда рўёбини кўрдик.

Тўлқинжон Файзиев,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши раиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    374
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+