Етти йўналишда 100 мақсад қўйилган. Уни амалга ошириш учун тажриба ва имкониятларимиз етадими?

07.01.2022, 11:21

Етти йўналишда 100 мақсад қўйилган. Уни амалга ошириш учун тажриба ва имкониятларимиз етадими?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини илгари сурди.

Унда “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойилдан келиб чиқиб, стратегиянинг асосий еттита йўналиши белгилаб берилди.

Шу асосда Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

7 та устувор йўналишдаги масалаларни қамраб олган тараққиёт стратегияси, унда илгари сурилган таклиф-ташаббусларнинг аҳамияти ва моҳияти ҳақида узоқ фикр юритиш мумкин. Энди бу борадаги вазифамизга келадиган бўлсак, Президент нутқидаги ғоя ва вазифаларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга, кенг жамоатчиликка етказишимиз, уни рўёбга чиқаришда ҳар биримиз масъул эканимизни тушунтириб беришимиз зарур.

Асосийси, тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да мамлакатимизни ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналиши доирасида қарийб 100 та мақсадларга эришиш назарда тутилмоқда.

Оддий қилиб айтганда, фуқароларни ўйлантираётган ижтимоий масалалар қай даражада самара ва натижа бераётгани маҳаллаларда яққол, аниқ кўринади. Қонунлар, қарор, дастурлар ва бошқа муҳим ҳужжатлар ижроси, яъни рўёби оилалар, хонадонларда сезилиши керак.

Бу қандай амалга оширилади?

Бу саволга, келинг, бир мисол келтириб ўтай. Ўтган йили халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашида ҳудуддаги 16 та шаҳар ва туманлардан 5 ё 6 нафарининг ҳисоботини эшитдик. Яъни, ҳокимлар ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида қилинган ишлар ва галдаги режалар бўйича депутатларга ҳисоб берди. Эшитувлар якунида 2 нафар ҳоким ҳисоботи қайтарилди.

Хўш, нега бундай бўлди, дерсиз? Негаки, келтирилган рақамлардан, белгиланган дастурлар ижросидан депутатларимиз қониқмади, берилган саволларга жавоблар умумий гаплар эканлиги сезилиб қолди. Кейин нима қилдик? Ҳокимлар билан бирга ҳудуддаги сектор раҳбарларига 3 ойгача муддат бердик.

Айтмоқчи бўлганим, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган тараққиёт стратегиясида инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш биринчи йўналиш сифатида бежиз белгиланмаган. Қайсики, депутатлар фаол бўлса, бошқа жамоат тузилмалари уларга қараб андаза олади. Жамият ҳаётида ўз ўрнига эга бўлишга ҳаракат қилади. Натижада ижрода қайсидир масала эътибордан четда қолиши ёки пайсалга солиниши, балки қийин бўлишининг олди олинади.

Дарвоқе, шу ўринда маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилишдаги ўрни ва роли ҳақида яна бир мисолга тўхталмоқчиман. Албатта, "дафтар"дагиларга кўмаклашиш ва бошқа бир қанча масалаларда ҳуқуқий асослар яратиб берилган. Аммо айрим вазифа ёки муаммолар борки, уларни тўғридан-тўғри ҳал қилиш Кенгашлар ваколатига кирмайди. Оддийроқ айтганда, бу ишни қилиш депутатларни қўлидан келмайди.

Масалан, ўтган йили мурожаатлар ва мавжуд шароитдан келиб чиқиб, ҳудуддаги электр таъминоти масаласини ўрганиб чиқдик. Бунда бевосита вилоят электр тармоқлари корхонасига боғлиқ бўлмаган муаммолар, қайсики, уларнинг ўзини ҳам қўли калталик қилаётган жиҳатлар борлиги аниқланди.

Бу борада, табиийки, тегишли вазирлик ва идораларга Кенгаш сўрови чиқарилди. Тизим моддий-техник базасини яхшилаш бўйича вилоят бюджетидан амалга ошириладиган вазифалар чора-тадбирлари белгиланди.

Демак, депутатлар ташаббускор бўлса, билдирилган ишончга муносиб ҳаракат қилса, жойлардаги ҳар қандай муаммонинг ечимини топиш ва энг муҳими, уни ҳал қилиш мумкин.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Президентимиз бутун давлат ва жамият бошқаруви тизими имкониятларини инсон қадри учун, деган эзгу мақсадга катта куч ҳамда иштиёқ билан сафарбар этмоқда. Бу тамойил нафақат жойлардаги ижтимоий муаммоларни тизимли ҳал этишга, энг асосийси, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигига реал шароит яратишга хизмат қилади.

Асосий вазифа эса уни амалда ижросини таъминлашда қолмоқда.

Шерали Йўлдошев,

O'zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти мудири.

  • Кўрилди
    1488
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+