Инсон қадрини улуғлашга хизмат қилувчи муҳим дастуриламал ҳужжат

12.01.2022, 16:20

Инсон қадрини улуғлашга хизмат қилувчи муҳим дастуриламал ҳужжат
Бундан беш йил муқаддам Президентимиз томонидан халқимиз билан бамаслаҳат ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси қабул қилган эди. Ўтган давр мобайнида ушбу Стратегия асосида мамлакатимизда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бугун бу ўзгариш ва янгиланишларни одамлар ўз кундалик ҳаётида ҳис этмоқда. 


Агар ўтган даврда Ўзбекистонда эришилган марралар ҳақида сўз юритсак, уларни санаб адоғига етолмаймиз. Чунки бу шиддатли ислоҳотлар улкан бунёдкорлик, ободончилик ишлари, инсон манфаатлари улуғлангани ва халқ билан мулоқотнинг янги тизими жорий этилгани билан ҳаётда ўзининг ёрқин ифодасини топди. Таъбир жоиз бўлса, Ҳаракатлар стратегияси доирасида йигирма беш йилда қўлга киритилмаган натижаларга, ютуқларга эришдик.

Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар ва экспертлар томонидан кенг ўрганилиб, қизғин муҳокама қилинаётган “Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасида бу борадаги ишлар кўламини янада ошириш, Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг фаровон яшашини таъминлаш, одамларни ҳар бир кунидан, ҳаётдан рози қилишдек эзгу мақсадлар ўз ифодасини топган.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми бўлиб, лойиҳанинг умумхалқ муҳокамасига қўйилиши муҳим ишларда халққа таяниш ва халқ билан бамаслаҳат иш олиб боришдек асосий демократик тамойиллар ҳаётимиздан чуқур ўрин олганидан далолат беради.

Шу жиҳатдан, юртдошларимиз мамлакатимиз келажаги тўғрисида қайғуряпти, Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнашини, жаҳондаги энг илғор давлатлар сафига киришини истаяпти ва муҳокама жараёнларига фаол иштирок этиб, ўз таклифларини, тавсияларини бермоқда. Зеро, ушбу ҳужжатда ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди.

Стратегия лойиҳаси билан танишар эканмиз, унинг ҳар бир бандида юртимизда яшаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият этиб белгиланганига, бу миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беришига ишонасан киши. Мазкур ҳужжат лойиҳаси “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ишлаб чиқилгани алоҳида эътиборга молик.

Тараққиёт стратегиясининг биринчи йўналиши инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, дея белгилангани бежиз эмас. Кейинги йилларда амалга оширилган янгиланишлар, ислоҳотлар самараларини ҳар бир юртдошимиз ўз турмушида яққол ҳис этди.

Биринчи йўналиш доирасидаги вазифалар ўтган беш йил давомида инсон қадр-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий давоми бўлади, уларни янги поғонага кўтаради. Хусусан, Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”нинг 3-бандида маҳалланинг “фаол” моделини жорий этиш ҳамда ҳар бир фуқаролар йиғинини аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш, ҳудудни ривожлантириш учун зарур ресурс ва имкониятлар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ваколатлари кенгайтирилиб, ушбу мақсадда маҳалланинг алоҳида жамғармаси ташкил этилади. Буларнинг барчаси аҳоли муаммоларини ҳал этишда сифат ва самарадорлик ошишига олиб келади. Умуман, стратегиянинг ҳар бир устувор йўналиши инсон қадрини улуғлашга хизмат қилувчи вазифаларни қамраб олган.

Албатта, Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда халқ вакиллари бўлган депутатлар ҳам алоҳида ўрин тутади. Шу боис, яқин келажакда Янги Ўзбекистонни ҳар томонлама обод ва фаровон, дунёдаги энг илғор мамлакатлардан бирига айлантиришни мақсад қилган ушбу ҳужжат лойиҳаси бўйича фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдиришдек масъулиятли ва шарафли жараёнда парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ҳам фаол иштирок этяпти.

Депутатларимиз, партиямизнинг барча тузилмалари томонидан турли шакллардаги тадбирлар ўтказилиб, ўртага ташланган ғоялар, фикрлар умумлаштирилган ҳолда, сараланиб, муҳокама учун киритиляпти. Асосийси, бу жараёнга ҳеч ким бефарқ қараётгани йўқ. Барча фаолларимиз, тарафдорларимиз лойиҳанинг ҳаётий, асосли таклиф ва ташаббуслар билан тўлдирилишига ҳисса қўшаётир.

Инчинун, Стратегияда белгиланган экспортчи корхоналар фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини фаол давом эттириш орқали республика экспорт салоҳиятини ошириш, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солган ҳолда маҳаллий саноат тармоқлари экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш, ташқи бозор ва халқаро талабларга жавоб берадиган стандартларни жорий этиш ва машҳур брендларни жалб қилишдек муҳим вазифалар ЎзЛиДеП сайловолди дастуридаги мақсад-вазифаларга уйғун ва ҳамоҳангдир.

Хусусий секторнинг экспортдаги улушини 60 фоизга етказиш, кспортчи корхоналарга кўрсатилаётган ташкилий ва молиявий ёрдам бериш тизимини такомиллаштириш, экспорт таркибида тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар ҳажмини 3,3 баравар кўпайтириб, Европа давлатларига GSP+ тизими доирасида тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтириш мўлжалланган.

Айниқса, маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижий давлатларга чиқаришда кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш ҳисобига экспортчи корхоналар сонини ҳозирги 6 500 тадан 15 000 тага, товарларнинг экспорт географиясини 115 тадан 150 тага етказиш режалаштирилаётгани партиямиз электорати бўлган тадбиркорларни ниҳоятда мамнун этди, ҳаракатга келтирди.

Хулоса қилиб айтганда, Стратегия лойиҳасининг барча ҳудудларда жонли, катта қизиқиш билан ўрганилиб, муҳокамалар давомида фуқароларимиз томонидан кўплаб таклифлар илгари сурилаётгани ҳам халқимизнинг ҳуқуқий онги ва сиёсий фаоллиги сезиларли даражада ошганлигидан далолат беради. Зотан, Тараққиёт стратегиясининг барча бандларида инсон манфаатларини таъминлаш, халқимиз турмуш даражасини ошириш мақсадида кўплаб муҳим вазифалар белгиланганки, уларнинг ҳаммаси муҳим.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    357
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+