Саломатлигимиз ўз қўлимизда!

19.01.2022, 11:44

Саломатлигимиз ўз қўлимизда!

Зангиота-2 махсус касалхонаси директори Дониёр Миразимов  Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолисига видеомурожаат билан чиқди. У кейинги пайтда шифохонага келувчилар  кўпайиб кетганини айтиб, юртдошларимизни эҳтиёткорликка чақирди.

Гап шундаки, мазкур шифохона COVID-19 хасталиги оғир кечаётган беморларни даволашга ихтисослашган. Аксарият келувчиларнинг мақсади эса коронавирусга экспресс-тест топшириш, ўзида касаллик бор-йўқлигини аниқлашдир. “Касалхонамизга оддий шамоллаш билан келиб, “омикрон” юқтириб кетишингиз эҳтимоли катта”, деди  шифокор.

Устига-устак, тест топширувчилар касалхонага ўз яқинлари, танишлари ҳамроҳлигида келяпти, бу эса одамлар тўпланишига сабаб бўляпти.  Яъни,  вируснинг тез тарқалиши  хавфи ошяпти.  

Дарҳақиқат, кучли зарурат туғилмаса, махсус касалхоналарга бормаган маъқул.  Д.Миразимов таъкидлаганидек, тест топшириш учун туманлардаги ихтисослашган поликлиникалар ва санитар-эпидемиологик хизматлар бўлинмаларига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.  

Эҳтиёткорлик осон, кейинги пушаймон эса оғир юмуш, дейди донишмандлар. Нафақат ўзимиз, балки яқинларимиз, дўстларимиз, ҳамкасбларимиз тақдирини ҳам ўйлаб иш тутишимиз керак.

Албатта, касалликни даволагандан, унинг олдини олган афзал. Ҳали эмланмаганлар  зудлик билан вакцина олиши лозим. Коронавирус касаллиги олдини олишнинг энг мақбул йўли – шу, ҳозирча.  Давлатимиз, ҳукуматимиз синовлардан ўтган, самарадорлиги исботланган вакциналарни хориждан катта пулга сотиб олиб, уларни бепул қабул қилишимиз учун ҳамма шарт-шароитни яратиб берди. Ваҳоланки, айрим давлатларнинг бундай ишларга қурби етмаяпти.  

Ғамхўрликларга муносиб тарзда иш тутайлик! Саломатлигимиз  ўз қўлимизда!     

Мавлуда Ибрагимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    234
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+