Таълимга эътиборнинг олий намунаси

19.01.2022, 16:11

Таълимга эътиборнинг олий намунаси

Дарҳақиқат, таълим – мамлакат истиқболини белгилайдиган қудратли куч!

Куни кеча мамлакатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган навбатдаги видеоселектор йиғилишида ҳам айнан таълим соҳасини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ихтисослаштирилган  мактаблар қамровини кенгайтириш, бу орқали малакали ва салоҳиятли кадрлар тайёрлаш масалалари диққат марказида бўлди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ихтисослаштирилган мактаблар сони кескин ортди. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг хорижий тилларни ўргатишга оид ташаббуслари, қабул қилган қарорлари натижасида 207 та хорижий тиллар бўйича ихтисослашган мактаб ташкил топди.

Аммо, бу каби таълим муассасалари сони йилдан-йилга ортиб бориши натижасида уларнинг умумтаълим мактабларига нисбатан фарқи у қадар сезилмай қолганди.

Натижада, таълим сифати ва самарадорлигини юқори босқичга кўтариш нуқтаи назаридан муҳим вазифаларни амалга ошириш бугунги куннинг энг асосий талабига айланди.

Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбарининг келгусида ихтисослашган мактабларни Президент таълим муассасалари агентлиги қошида ташкил этиш ва босқичма-босқич уларда таълим сифатини ошириш вазифасини қўйгани ғоят қувончли бўлди.

Зотан, бу орқали Президент мактабларидаги муҳит, методика бошқа макабларга ҳам олиб кирилади. Мактабларнинг ўзаро интеграцияси таъминланади.

Йиғилишда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар бугун илм-фан аҳли, ўқитувчи-педагоглар, қўйингки, кенг жамоатчилик томонидан алоҳида эътироф этилаётгани бежиз эмас.

Халқ таълими тизимидаги бошқа мактабларда ҳам таълим сифатини ошириш, хорижий тилларни ўргатиш масалаларига жиддий эътибор қаратилгани фикримизнинг ёрқин исботи бўла олади. 

Йиғилишда давлатимиз раҳбари мактабларда хорижий тилларни ўқитиш сифати борасида тўхталаркан, ривожланган мамлакатларда олийгоҳда тил ўргатилмаслиги, негаки талабалар ёшлигиданоқ, 2 та тилни билиши, бизда эса 1-синфдан 11-синфгача чет тили ўргатилишига қарамасдан, мактабни битирган болаларнинг жуда кам фоизи шу тилда гаплаша олиши борасида ғоят ўринли танқид қилди. Натижадорлик ҳақидаги ҳақли саволни ўртага ташладики, бу бошқа хорижий тил ўқитувчилари қатори менинг ҳам зиммамга катта масъулият юклади.

Айтиш жоизки, бугун жамиятда билимга, фанга эътибор кучайди. Халқимиз фарзандларига билим бериш кераклигининг моҳиятини чуқур англаяпти. Аммо, мана шу илмга чанқоқ боланинг талабига муносиб, яхши билим берадиган ўқитувчилар ҳам лозим. Айнан мана шуни эътиборга олиб, етук, салоҳиятли, билимдон ўқитувчи ва педагогларни тайёрлаш ҳам заруратга айланди.

Шуларни инобатга олиб, йиғилишда муҳокама қилинган масалалар ижросини юқори уюшқоқлик билан амалга оширсак, таълим тизимида самарадорликни ошириш орқали мамлакатимизни дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқа оламиз. 

Шахноза Абдусатторова,

Халқ депутатлари Тошкент туман Кенгаши депутати,

Тошкент вилояти Тошкент туманидаги 11-умумий

ўрта таълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    266
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+