Бўкадан бошланган хайрли ташаббус инсон қадри юксалаётганининг исботи бўлди

20.01.2022, 15:28

Бўкадан бошланган хайрли ташаббус инсон қадри юксалаётганининг исботи бўлди

Географик жойлашув жиҳатдан Тошкент вилоятининг энг олис ҳудудларидан бири Бўка туманининг “Бўка” МФЙ га ташриф буюрган вилоят ҳокими Зойир Мирзаев ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлар сайёр қабул уюштиришди.

2000 дан зиёд кўпмиллатли аҳолиси бўлган маҳаллада хонадонма-хонадон юриб, мавжуд муаммолар вилоят Кенгаши депутатлари ва бошқа қатор мутасаддилар билан биргаликда ўрганилгани “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” номига ҳамоҳанг хайрли амаллардан бўлди, десак, муболаға бўлмайди.

  Бандликни таъминлаш, деҳқончилик учун ер ажратиш, ичимлик суви таъминоти, тиббий хизмат, йўлларни таъмирлаш ва тадбиркорлик учун кредит олиш борасидаги қатор мурожаатлар тингланиб, кўпчилиги жойида бартараф этилган сайёр қабулда инсон қадри улуғланганининг намунасини кўриш мумкин бўлди.

50 нафарга яқин аҳолидан келиб тушган муаммоли мурожаатларнинг молиявий жиҳатлари шу ерда жам бўлган депутатлар иштирокида кенгашилди.

Халқимиз бугунги ҳаётидан рози бўлиб, манун яшаши учун давлат идоралари мутасаддиларининг масъулияти ва дахлдорлиги ошаётганининг ҳам гувоҳи бўлинди.

Ёши, ижтимоий мавқеидан қатъий назар қабулга келган ҳар бир мурожаатчи диққат билан тингланиб, мутасаддиларга улар томонидан тилга олинган муаммоларнинг ечими борасида тегишли чора-тадбирларнинг аниқ  белгилаб берилгани фикримизнинг яққол исботи бўла олади.

Бўкага ташриф доирасида кўлам ва моҳияти жиҳатидан мутлақо янгича ёндашув ва бошқача тизим билан амалга оширилиши режалаштирилган бу йилги "Обод қишлоқ" дастури ҳам айнан Бўкадан старт олди.

Бир сўз билан айтганда, Бўкада бошланган хайрли ташаббус юртимизда инсон қадри юксалаётганининг яна бир амалий исботи бўлди.

O’zLiDeP ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, ор-номуси, эҳтиёжлари ва манфаатларига қаратилганини алоҳида эътироф этади.

Биз учун янги Ўзбекистон – кучли парламентаризм институти фаолият кўрсатаётган ва “Инсон давлат учун эмас, давлат инсон учун” тамойили амал қилаётган мамлакатдир.

Партия янги Ўзбекистоннинг янги қиёфасини ривожланган инфратузилмага эга замонавий шаҳарлар ва қишлоқлар ташкил этиши, замонавий технологиялар воситасида бутун мамлакат аҳолиси турмушининг юқори даражаси таъминланиши, урбанизация жараёни халқ билан мулоқот асосида лойиҳалаштирилиши зарур, деб ҳисоблайди.

Халқни рози қилиш, аҳоли орасида фаровон, бахтли-саодатли турмуш тарзини қарор топтириш мақсадида Бўкада ташкил этилган сайёр қабулда партиянинг юқоридаги мақсадлари ҳам амалга ошди.

Шунинг учун ҳам бу сингари тадбирларда партиямизнинг бошланғич ташкилотлари, ҳудудий Кенгашлари, халқ депутатлари туман, вилоят Кенгашларидаги депутатлари ўз ишларига танқидий-таҳлилий асосда фаоллик билан ёндашиб, вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг жойлардаги ташаббуслари ва йил моҳиятидан келиб чиққан ҳолда ташкил этишлари лозим.

 Бу борада партиянинг барча бўғинлари қатори фаоллар ҳам бирлашиб, жипслашиб, муаммоларга амалий ечим топишда бир ёқадан бош чиқариб, ҳамнафас бўлишлари керак.

Ўйлайманки, Бўкада амалга оширилган тадбирни вилоятнинг бошқа ҳудудларидаги маҳаллаларда “маҳаллабай”, “хонадонбай” ишлаш тизими орқали давом эттириш лозим.

Тўлқинжон Файзиев,

O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгаши депутати

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    311
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+