Келгусидаги вазифалар хусусийлаштириш жараёнини янги ривожланиш босқичига олиб чиқиш

21.01.2022, 16:36

Келгусидаги вазифалар хусусийлаштириш жараёнини янги ривожланиш босқичига олиб чиқиш

Бозор иқтисодиёти асосида ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, фақат иқтисодий жиҳатдан эркин фуқарогина ҳақиқий мулк эгаси бўлиб, у ўз мулкидан самарали фойдаланиши ҳамда шу орқали мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис юртимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам кўп тармоқли иқтисодиётни барпо этиш, мулкни ҳақиқий эгасига топшириш, мулк барча шаклларининг ривожланишига бир хил шарт-шароит яратиш, умуман хусусийлаштиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Президент раислигида давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича жорий йилда амалга ошириладиган ишлар юзасидан видеоселектор йиғилишида бу борадаги ишларга танқидий баҳо берилиб, уни янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Йиғилишда ушбу йўналишдаги камчиликлар, йўл қўйилган хатолар рўй-рост айтилди. Хусусан, ўтказилган хатлов натижаларига кўра, тармоқ ва ҳудудларда самарасиз ишлатилаётган 2 мингта объект борлиги аниқлангани таъкидланди.

Шунингдек, йиғилишда бўш турган бинолардан фойдаланишнинг яна бир усули бўлган ижара борасидаги имкониятлар ҳам кўрсатиб ўтилди. Ҳудудлар ва тармоқлар тасарруфидаги давлат мулклари ижараси ҳисобига жорий йилда 500 миллиард сўм тушумни таъминлаш мумкинлиги айтилди. Бундан ташқари уч ойдан ортиқ бўш турган объект ижарага берилиши ёки сотувга чиқарилиши шартлиги белгиланди. Давлат активлари агентлигига давлат улуши бор корхоналарнинг ижара шартномаларини очиқ-ошкора рўйхатга олиш ва онлайн назорат қилиш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.

Умуман олганда, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш иқтисодиётда давлат монополиясига барҳам беришга, хусусий мулкчиликнинг шаклланишига замин яратувчи, пировардида эса барча тармоқларда хусусий сектор устунлик қилган кўп укладли иқтисодиёт барпо этишга хизмат қилади. Шунингдек, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш баробарида, замонавий бозор инфратузилмасини янада ривожлантириш, жумладан, фонд ва маҳсулот  бозорларини, кўчмас мулк бозорларини, хусусийлаштириш, суғурта фондларини, аудиторлик ва консалтинг ҳамда мулкни баҳолаш компанияларини ва бошқарув институтларини бугунги кун талаби даражасида ривожлантиришни, уларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга замин яратади.

Бинобарин, булар хусусийлаштириш жараёнларининг ижобий суръатларда боришига, хусусий мулкдорлар синфининг янада ўсиши ва ривожланишига омил бўлади ҳамда миллий иқтисодиётда чуқур институционал ўзгаришларни амалга ошириш жараёнида молиявий ресурслар кўламини кенгайтиришга, хусусийлаштириш жараёнини янги, янада юқори ривожланиш босқичига олиб чиқиш имконини беради.

Ҳазратқул Хўжамқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    338
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+