Хоразмдаги агрокластерлар фаолияти билан танишилди

24.01.2022, 15:17

Хоразмдаги агрокластерлар фаолияти билан танишилди

Олий  Мажлис  Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Aктам Хаитов томорқа ер эгаларининг фаолияти билан яқиндан танишиш ва уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш, ҳал қилишда амалий ёрдам бериш мақсадида  Хоразм вилоятида бўлди.  

Дастлаб, Спикер ўринбосари Гурлан туманидаги “Махсуд Манзура томорқа хизмати” МЧЖ кластери фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, маҳалла фаоллари иштирокида "Гурлан Анварбек томорқа хизмати" МЧЖ томонидан гидропоника усулида буғдойни ундириш ва ундан чорва моллари, паррандалар ҳамда балиқ учун озуқа сифатида фойдаланишни йўлга қўйиш бўйича лойиҳа тақдимоти ўтказилди.

Иштирокчилар тумандаги қуёнчилик билан шуғулланувчи “Тозаёрган чорва” МЧЖда ҳам бўлишди. Тадбиркор билан келгусидаги режалари билан ўртоқлашилди. Бу ерда 500 бош қуёнлар боқилиб аҳолига кредит асосида етказиб берилмоқда. Спикер ўринбосари қуёнчилик билан бирга паррандачиликни ҳам ривожланитириш, броллер жўжаларини етиштириб аҳолига сифатли гўшт маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ўз тавсияларини берди. 

Шундан сўнг ишчи гуруҳ аъзолари асаларичилик билан узоқ йиллардан бери шуғулланиб келаётган “Ёрмиш” маҳалласида ёшовчи Ахмедова Саида хонадонида бўлдилар. Тадбиркор аёл билан суҳбат жараёнида асални  тайёрлаш, уни қадоқлаш жараёнлари кўздан кечирилди. Асалчи опага қарашли дўконда асаларичилик ва томорқачилик илмини ўргатувчи ўқув марказ, қадоқлаш цехи ва пенопласдан асалари уялари учун қутилар ишлаб чиқаришни ташкил қилишда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги жамғарма маблағлари ҳисобидан кредит ажратиладиган бўлди.

Кейинги манзил Қўшкўпир туманидаги “Темур қалмиқ” агрокластери бўлди. Томорқадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қуллаб-қувватлаш, “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида фуқароларга парранда, қуён, эчки, қорамол ва асалари уялари тарқатиш ва аҳолини қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини жорий қилиш мақсадида ўрганишлар олиб борилди.

Aгрокластерда 12 хил йўналиш бўйича хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Хусусан, томорқа ерларига хизмат кўрсатувчи трактор-техника парки,  уруғ, кимёвий моддалар, ўғитлар ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб бериувчи агродўкон, 15 840 дона жўжа очувчи автоматлашган инкубатор, иссиқхона қурилиши ва монтажи хизмати, кунига аҳолидан 2 тонна сутни қабул қилиш ва уни қайта ишлаш хажмига эга цеҳи, кунига 12 000 литр сув ишлаб чиқариш ҳажмига эга тозаланган ичимлик суви ишлаб чиқариш ва етазиб бериш хизмати, кунига 1000 та ғишт блок ишлаб чиқаришга мўлжалланган қурилиш учун зарур шлакоблок ишлаб чиқариш цехи, ҳар бир мавсумда 2 тонна балиқ етиштиришга мўлжалланган ҳовуз фаолияти йўлга қўйилган.

Спикер ўринбосари мулоқотлар жараёнида ҳоким ёрдамчилари, маҳалла расилари ва туман мутасаддилари билан маҳаллалардаги камбағалликни қисқартиришда мазкур агрокластер имкониятларидан фойдаланиш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, шу орқали ишсиз фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилишини таъминлаш ва даромадларини ошириш лозимлиги борасида ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.  Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари билан бирга ҳамкорликни янада кучайтириб томорқачиликни янада ривожлантириш, мазкур томорқа хизмати кластери қошида ўқув марказини очиш, томорқачиликка қизиқувчи ёшларни жалб этиш бўйича келишиб олинди.

Насиба Ваисова,

O'zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Жамоатчилик билан алоқалар ва

мафкуравий тарғибот бўлими мудири

  • Кўрилди
    169
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+