Кулоллар сулоласининг 4-авлоди Бахтиёр тандирчи йилига 100 миллион даромад кўрмоқда

26.01.2022, 15:59

Кулоллар сулоласининг 4-авлоди Бахтиёр тандирчи йилига 100 миллион даромад кўрмоқда

Карманада бир маҳалла бор. Маҳалланинг расмий номи Талқоқ деб аталса-да, бу ерни кўпчилик Кулоллар маҳалласи, дейди. Сабаби, маҳаллада жойлашган икки катта кўчанинг ҳар бир хонадонида кулолчи усталар яшайди.

O'zLiDeP Навоий вилояти ҳудудий партия ташкилоти вакиллари ота-боболарининг ортидан тандирсозлик ҳунарини давом эттириб келаётган Бахтиёр Ҳамроев фаолиятини ўрганди.

Муқим кулолнинг ўғли Ҳамро кулол, Ҳамро кулолнинг ўғли Толиб кулол қўлидан қадимий ҳунарни мерос қилиб олиб, бугунги кунда йилига минглаб тандир ясаётган Бахтиёр ака маҳалладаги Кулоллар кўчаси 111-уйда истиқомат қилади.

Унинг тандирлари 250 минг сўмдан бошланиб, 2 ярим миллион сўмгача сотилмоқда.

-Мен кулоллар сулоласининг 4-авлодиман. Эсимни таниганимдан бери шу ҳунар билан шуғулланаман. Тандирсозлигим учун тоғлардаги ширали гил тупроқдан ҳар ойда 7-8 тонна тупроқ олиб келаман. Бир дона катта тандирни ясаш учун 200 килограмм гил-тупроққа ишлов бераман. Бутун Ўзбекистон бўйлаб сотамиз тандирларимизни, - дейди ҳунарининг ортидан йилига энг камида 100 миллион сўм даромад кўраётган бўлса-да, камтарлик ва самимимийлик тўла сақлаб қолган карманалик тандирсоз уста Б.Ҳамроев.

“Ҳунар, ҳунардан унар”, деганларидай, кулолчилик ортидан келаётган даромад ҳамроевлар оиласининг ягона даромади фақат шугина эмас. Бу оила ўз ҳовлисида 80 бош зотдор қорамол боқиш билан ҳам шуғулланади. Қорамолларга қараш учун ўзларидан ташқари яна икки кишини ёллаб, доимий иш билан ҳам таъминлашган. Ойига 50-60 миллион сўмлик емишни кўрдим демайдиган мол-ҳоллар учун  айланма харажат жуда катта бўлишига қарамай, уста ё бировдан бир сўм қарз, ё давлатдан кредит кўтарган эмас.

Тадбиркорлик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган соҳа аслида. Янги давр уддасидан чиқилган ишлар, тадбири топилган масалалар учун яхлит бир ном топиб берди, холос. Танднирсозлар, бешиксозлар, сандиқчилар, сомсапазлар шунчаки бир ҳунар эгаларигина эмас, ўз касбининг тадбиркорлиги билан шуғулланиб келган асил тадбиркорлардир.

Муҳайё Пирнафасова,

O'zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши

жамоатчилик билан алоқалар ва

мафкуравий ишлар бўлими мудири

  • Кўрилди
    216
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+