Партия вакиллари Карманада ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчиларига кўмакчи бўляпти

26.01.2022, 16:01

Партия вакиллари Карманада ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчиларига кўмакчи бўляпти

Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида маҳаллаларда аҳвол қандай? Янги тайинланаётган ҳоким ёрдамчилари, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари фаолиятларига қай даражада кириша олдилар?

O'zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши вакиллари Кармана туманидаги қатор маҳаллаларда бўлиб, маҳаллаларда олиб борилаётган ишлар билан танишди,  аҳолининг турмуш тарзини ўрганди, янгидан иш бошлаган ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари фаолиятига оид сайёр кузатув ўтказди.

Жумладан, Нурафшон маҳалласи раиси билан суҳбатда оилаларнинг моддий ва  маънавий аҳволини янада яхшилаш, уларга доимий равишда ҳуқуқий ва амалий кўмак бериш лозимлиги ва бу борада партиянинг роли тўғрисида фикр алмашилиб, ҳамкорликда амалга ошириш мумкин бўлган ишлар режалаштириб олинди.

Шунингдек, ҳудудий партия ташкилоти раҳбари М.Эшниёзов маҳаллада янги лавозимга тавсия қилинган ёшлар етакчиси билан фаолиятининг дастлабки босқичи ва ўз олдига мақсад қилиб қўйган вазифалари тўғрисида суҳбатлашди.

Партия вакиллари Кармана туманидаги “Нурафшон” МФЙда истиқомат қилувчи иссиқхона фаолияти билан шуғулланаётган хонадонларда бўлишди.

-Давлатдан  кредит олиб, иссиқхона қурганмиз. Еримиз бўшамайди. Совуққа чидамлилиги учун қишда исмалоқ экиб ташлаймиз. Ҳар ўрими 1 миллион бўлади. Ҳар ҳафтада бир ўрим бозорга чиқарамиз. Бундан ташқари лимонария ҳам ташкил қилганмиз. 1 йилда 10-15 миллион соф фойда оляпман, - дейди  шу маҳалладаги Нурафшон кўчаси, 160- уйда истиқомат қилувчи М.Нормуродова.

Туманнинг  Мир Саид Баҳром маҳалласи ҳоким ёрдамчиси Б. Сабуров фаолиятига назар эса шу маҳалланинг 8 март кўчасида истиқомат қилувчи Ж.Тўхтаев хонадонидан бошланди.

“Намунали томорқачи” лойиҳаси доирасида томорқадан намунали фойдаланиш, ҳовлиларда барпо этилган иссиқхоналар ҳолатини ўрганиш мақсадида Ж.Тўхтаев хонадонига келган ҳоким ёрдамчиси партия ходимларини хонадон соҳибининг кўзни қувнатадиган ишлари билан таништирди.

Ҳовли ташқарисидан 1 ярим сотих ерга иссиқхона қуриб, иссиқхонасининг иккала томонига ўзидан табиий иссиқлик чиқарувчи паррандахона ташкил қилган ва бу орқали 30 туп лимон ва лимонлар орасига алмашлаб экилувчи экинлари учун нормал иссиқлик ҳолатини табиий сақлаш методини қўллаётган бу оилани бошқаларга намуна қилиб кўрсатса арзигулик.

Ичкари ҳовлининг  замонавий ландшафт дизайида безалиши, хонадон эгаси ўз қўллари билан ясаган қўлбола печлар, аксессуарлардан фойдаланиб ясалган шаршара ва ясама булоқлар ўз-ўзидан оилада тадбиркорликка кучли интилиш борлигини намоён этди.

Хонадон эгалари яқингинада уй телефони билан боғлиқ бир муаммода O'zLiDeP депутатига мурожаат қилишгани ва муаммоларини ҳал этганлигини айтиб, партияга хайрихоҳлигини изҳор қилишди.

Муҳайё Пирнафасова,

O'zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши

Жамоатчилик билан алоқалар ва

мафкуравий ишлар бўлими мудири

  • Кўрилди
    319
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+