Давлатимиз сифатли дори-дармон ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватламоқда

26.01.2022, 16:10

Давлатимиз сифатли дори-дармон ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватламоқда

Халқ орасида юриб, кўплаб аҳоли вакилларининг дори-дармоннинг сифати ва нархи борасида эътирозларига гувоҳ бўлганман. Тан олиш керак, бугун ўзимизда ишлаб чиқарилаётган айрим дори-дармонларнинг ҳам сифати яхши эмас, нархи ҳам жуда баланд. Касаллик хуруж қилганида бемор нархигаям, сифатигаям қараб турмайди, қарз-қавала қилиб бўлса-да, сотиб олишга мажбур бўлади. Дори-дармонни кўпайтириш эмас, сифатини яхшилаш, уни белгиланган нархдан оширмасдан сотишни йўлга қўйиш эса бугунги куннинг энг муҳим талабидир. Бу борада мамлакатимизда фармацевтика соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти, соҳага кенг имконият ва имтиёзлар берилмоқда.

Шу маънода Президентимиз томонидан 2022 йилнинг 21 январида имзоланган “ 2022-2026 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон бу каби оғриқли муаммоларни бартараф этишда, фармацевтика тармоғини янада юксалтиришга хизмат қилиши аниқ. Чунки фармонда аҳолини сифатли, самарали ва хавфсиз фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашни янада яхшилаш, фармацевтика тармоғига илғор илмий-техника ютуқлари ва инновацияларни жорий этиш орқали тармоқда ишлаб чиқариш ҳажмини 3 баробарга ошириш, ички бозорни таъминлаш даражасини натурал ҳажмда 80 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда.

Мени қувонтирган нарса шу бўлдики, 2022 йил 1 апрелдан маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариладиган янги фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказиш чекланмаган муддатга амалга оширилади, аввал берилган рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномалар, уларнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг қўшимча ҳужжатлар талаб қилинмасдан 15 кун муддатда амал қилиши муддатсиз бўлган гувоҳномаларга алмаштириб берилади. Бундан ташқари 2022 йил 1 июлдан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ваколатли ташкилот томонидан расмийлаштирилган “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)”га эга маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган дори воситаларини ва “ISO:13485” сертификатига эга ишлаб чиқарувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган тиббий буюм ва тиббий техникани мажбурий сертификатлаштириш тартиби бекор қилинади.

Фармондаги яна бир муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Унда 2022 йил 1 апрелдан фармацевтика соҳасида янги ишлаб чиқарувчи корхоналар, улгуржи ва чакана савдо ташкилотлари мос равишда “Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)”, “Зарур дистрибьюторлик амалиёти (GDP)” ва “Зарур фармацевтика (дорихона) амалиёти (GPP)” талабларига мувофиқ равишда ташкил этилиши белгиланди. Ишлаб чиқарувчиларга яна бир қулайлик шундан иборатки, 2022 йил 1 февралдан маҳаллий ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг фармацевтика маҳсулотларини хорижий давлатларда рўйхатдан ўтказиш харажатларининг 75 фоизи улар рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилгандан сўнг Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасидан қоплаб берилади.

Фармоннинг бугунги кун ва келажагимиз учун аҳамияти жуда катта. Сабаби агар мамлакатимизда фармацевтика соҳасини жадал ривожлантирсак ва бу тармоқ давлат томонидан мунтазам қўллаб-қувватланса, албатта, биз фармацевтикаси ривожланган мамлакатлардан дори-дармонни импорт қилиш даражасини камайтирамиз. Бу миқдор қанчалик камайса, нафақат иқтисодиётимиз ривожига ижобий таъсир ўтказади, балки халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшади. Шундай экан, биз депутатлар, соҳа ходимлари, кенг жамоатчилик ва ОАВ ходимлари бу фармонни халқ ўртасида кенг тарғиб қилишда жонбозлик кўрсатишимиз лозим.

Мавлуда Ибрагимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    124
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+